Эрта сўнган истеъдод
  • 20 Июль 2016

Эрта сўнган истеъдод

ХХ асрнинг 70-йиллари. Марзия мактабда ўқиб юрганидаёқ таъсирчан шеърлар ёза бошлади. Ҳамма уни шоира бўлади, деб ўйлар эди. Бироқ не надоматки, ижодиям, истеъдодиям ниҳоллигида хазон бўлди.

Бир куни Марзияни қўллаб-қувватлаб келаётган адабиёт ўқитувчиси унинг тўрт-бешта шеърини туман газетасига олиб боради. Муҳаррир “Чинор соясида”, “Тикан гўзал гуллар экан”, “Шоҳи рўмол” номли шеърларни яхши кайфият билан ўқийди. Бироқ, “Ҳур бўл, Ватан!” деб номланган шеърга келиб, тўхтайди...

Муҳаррир адабиёт ўқитувчисига “вазият”ни “ётиғи билан” тушунтиришга ҳаракат қилади:

— Опа, агар мен бу шеърни газетада нашр этсам, ўзим ҳам “урилиб” кетаман, “ёш авлодни тузумга қарши руҳда тарбиялаганингиз” учун сиз ҳам уриласиз. Шоира қизингизга ҳам жабр бўлади! Ўзингиз ўқиб кўринг, ахир:

Оппоқ кабутардан олиб иштиёқ,

Осмон узра эркин, озод қанот қоқ!

Озод замон етиб келсин-у тезроқ,

Ҳур бўл, Ватан, самоларга тик байроқ!

— Биласизми, бу шеърни ўқиган “катталар” нима дейишади? Бор-йўғи, учтагина тўртликдан иборат шеър билан барчамизнинг ёстиғимиз қурийди-ку?! Номига қаранг — 

“Ҳур бўл, Ватан!”. Номининг ўзиёқ “тузумга қаршиман”, деб турибди-ку?! Яхшиси, бу қизчангиз шеърни йиғиштириб қўйсин. Мактабни битириб, тинчгина “уйли-жойли” бўлиб кетсин!

Устози Марзияга шеъри нега нашр этилмаслигини тушунтира олмади. Унинг ота-онасига учрашиб, шундай деди:

— Ҳозир замон оғир, Марзиянинг ажойиб истеъдоди бор, лекин бу иқтидор унинг бошига етмасин. Шунинг учун уни адабиётдан чалғитинглар, токи шеър ёзишга вақти -бўлмасин...

Марзиянинг ота-онаси адабиёт ўқитувчисининг сўзларидан қўрқувга тушишади ва қизлари 8-синфни битириши билан бошқа соҳага йўллашади.   

Шукрки, Марзиянинг умидлари армон бўлиб қолмади. Унинг армони мустақиллик туфайли набираси Асрорбек тимсолида рўёбга чиқди. Қалбдаги жароҳатлар битди.

Асрорбек — коллеж ўқувчиси, шеър ёзади. Илк китоби нашрдан чиққан, кўп шеърлари матбуотда эълон қилинди. Марзия опа эса кексалик гаштини суриб, уч фарзанд, ўн набира ва яна элу юрт, давлатимиз ардоғида.

Набираси Гулнора яқинда ёш тадбиркорлар танловида ғолиб бўлди. У ўз ательесини очишга банкдан фоизсиз имтиёзли кредит олди.

Булут бўлмаса, қуёш қадри билинмас, дейишади кексалар. Қора булутлар осмонини қоплаган ўтган кунларимиз — бугунги ва эртанги кунларимизнинг қуёшли, музаффар бўлиши учун бир сабоқ эмасми?

Шаҳноза ЭШМИРЗАЕВА.

Сурхондарё вилояти

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn