Миллий рақсларимиз жозибаси
  • 19 Июль 2016

Миллий рақсларимиз жозибаси

Хива шаҳридаги “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ташкиллаштирилди.

Президентимизнинг “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, воҳага ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар орасида бой маданий-тарихий меросимизни кенг тарғиб этиш каби мақсадларга қаратилган мазкур санъат байрамида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган фольклор жамоалари, чет эллик рақс санъати мутахассислари, меҳмонлар қатнашди.
Фестиваль кунлари “Ичан-Қалъа”нинг Кўҳна Арк саройи ҳар қачонгидан мафтункор қиёфа касб этди. Тадбир доирасида бу ерда Ўзбекистон рақс санъати фотокўргазмаси, ҳунармандчилик ярмаркаси ташкил қилинди. Томошабинлар билан гавжум майдонларда Хоразм вилояти фольклор жамоалари, қўғирчоқ театри, дорбозларнинг театрлаштирилган томошалари намойиш этилди. Турли саҳна кўринишларидан воҳанинг бой тарихига оид лавҳалар ўрин олди. Яна бир эътиборли жиҳати, рақс либослари, миллий ҳунармандчилик ҳамда таомлар кўргазмалари, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, сайёр концерт дастурлари уюштирилди. Хоразм Маъмун академиясида эса “Рақс сеҳри” конференцияси ўтказилди. Бу каби оммабоп тадбирлар барча меҳмонларга олам-олам завқу шавқ улашиб, азалий қадриятларимизни тараннум қилишда муҳим аҳамият касб этди. Ташкил қилинган гала-концерт дастури миллий рақс санъатимиз намойишига айланди. 
— Бир гуруҳ дўстларим билан Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга чиққанмиз, — дейди италиялик сайёҳ Даниела Пантанони. —  Қарангки, бугун Хивада ўзига хос байрамнинг гувоҳи бўлдик. Бундан жуда хурсандмиз. Уч йил аввал Францияга саёҳат қилганимда, туризм ярмаркасида қатнашиб, мамлакатингизнинг бетакрор санъатидан баҳра олгандим. Энди эса бу заминнинг нафақат тарихий обидалари, балки ранг-баранг санъати ҳам мени мафтун этди. Миллий урф-одат ва анъаналарингиз билан яқиндан танишдим. Қувонарлиси, ўзбек раққос ҳамда раққосалари билан ўйинга тушиб, роҳатландим. Миллий кийимларингизни кийиб, суратга тушдим. Ушбу лаҳзаларни дўстларим билан баҳам кўраман.
Мазкур нуфузли фестиваль халқимиз маданиятининг илдизлари жуда чуқурлигини жаҳонга яна бир бор намоён қилди. Ўз навбатида, у ёш авлод қалбида бебаҳо меросимизга чин ворислик, қадриятларимизга ҳурмат ҳамда рағбат туйғуларини уйғотиши, шубҳасиз.


Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn