Меҳр-мурувват ва саховат айёми
  • 08 Июль 2016

Меҳр-мурувват ва саховат айёми

Президентимизнинг жорий йил 1 июлдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатимизнинг барча ҳудудида ушбу байрам кўтаринки руҳда ўтказилди.

Халқимизга хос меҳр-оқибат, саховатпешалик сингари фазилатлар қутлуғ айём кунлари янада ёрқин намоён бўлди. Жойларда хайрия тадбирлари амалга оширилди. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида табаррук отахону онахонлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, Меҳрибонлик, Мурувват ҳамда Саховат уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Бундай эзгу ишлар юртдошларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ҳайит байрами Қорақалпоғистон Республикасида ҳам муносиб нишонланди. Ташкил этилган тадбирларда мустақил мамлакатимизда инсон манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганлиги, ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўзининг самараларини бераётгани эътироф этилиб, Истиқлолнинг қадрига етиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани таъкидланди.

Шунингдек, Бухоро вилоятидаги барча шаҳар ҳамда туманларда ҳам ушбу байрам улкан хушнудликда ўтказилди. Чунончи, Жондор туманида ҳокимлик, ҳомий корхона ва ташкилотлар, қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳудудда истиқомат қилувчи кекса, боқувчисини йўқотган, ўзгалар қаровига эҳтиёж сезадиган 500 нафардан зиёд фуқаронинг уйига  бориб, кўнгил сўрадилар. 

Чексиз инсоний шодликлар айёми Наманган вилоятининг шаҳару қишлоқларида ўзгача шукуҳ, юртимизда ҳукм сураётган осойишталик, амалга оширилаётган беқиёс бунёдкорлик ишларига  шукроналик кайфиятида кутиб олинди.

Жойларда  халқ сайиллари, бошқа қатор маданий-маънавий тадбирлар ўтказилди. Вилоят марказидаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи отахону  онахонлар, миллий қадрият ҳамда анъаналаримизни улуғлаётган ёшлар билан гавжум бўлди. Байрам манзараларидан янада чирой очган масканда, айниқса, болажонлар мириқиб яйрашди.

* * *

Рамазон ҳайити, шунингдек, бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳам катта хурсандчилик билан ўтказилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида 

тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn