Ижодим илҳоми ўзингсан, ватан!
  • 06 Июль 2016

Ижодим илҳоми ўзингсан, ватан!

Истеъдод — мисоли булоқ: бир марта кўз очдими, қайнаб чиқаверади. Муҳими, уни йўлга бошлаш. Шундагина у бўй кўрсатади, униб-ўсади. Бугун истиқлолнинг бахтиёр фарзандлари -орасида, таъбир жоиз бўлса, “қайнарбулоқ” ёшлар беҳисоб. Улар теран фикри, юксак иқтидори ҳамда ғайрат-шижоати билан дунё аҳлини лол қолдираяпти, жонажон Ўзбекистонимиз номини оламга ёймоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси қошидаги таълим муассасалари ўқувчилари ҳам ана шундай иқтидор эгаларидир. Уларнинг ўзига хос асарларида мумтоз тасвирий санъат мактабларининг анъаналари ва замонавий рангтасвир унсурлари уйғунлашиб кетганлигини кузатиш мумкин. Ёш мусиқачиларнинг ижроларида эса халқона оҳанг яққол балқиб туради. Жумладан, “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда “Ёзни “Камолот” билан!”, “Ёзни “Камалак” билан!” лойиҳалари ҳамда уларнинг доирасида ташкил этилаётган қатор фестиваллар, ижодий учрашувлар ўқувчиларнинг қизиқишини ошириб, янгидан-янги асарлар яратишга чорлаяпти.

Айни кунларда Тошкент вилоятининг “Оқтош” ижод уйида ёш ижодкорлар тасвирий санъатнинг бир қатор йўналишларида иқтидорини намойиш қилмоқда. Уларнинг асарларида юртимиздаги тўкин-сочинлик, кенг далалар, гўзал боғларимиз, шарқироқ сой ва пурвиқор тоғларимиз ўз аксини топган.

 

Хорижликлар ҳайрати

2016 йил, май. Италиянинг Пезаро шаҳри.

“Читте Ди Пезаро” халқаро мусиқа ижрочилари танловида дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан юздан ортиқ маҳоратли ёш созандалар йиғилган. Унда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг тўрт нафар ўқувчиси ҳам қатнашди. Танлов шартларига кўра, ҳар бир иштирокчидан миллий куй ижро этиш талаб қилинди. Навбат ўзбекистонлик ўқувчиларга келганида, зал сув қуйгандек жимиб қолди. Боиси, ўн ёшли Иззатилла Тошкенбоев “Чўли Ироқ” куйини ижро эта бошлади. Йиғилганлар бетакрор ҳамда дилбар бу куйни мароқ ила тинглашди, сўнг ёш иқтидор соҳибини энг самимий сўзлар билан табриклашди...

Иззатилла Тошкенбоев 2004 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Болалигидан санъатга қизиқади. Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида унинг истеъдоди янада тобланди. Устози Сардор Ниғматовдан миллий мусиқамизнинг дурдона намуналарини синчиклаб ўрганди. Бунинг натижасида эса бугунги кунга келиб, катта-катта куйларни ҳам маромига етказиб чалаяпти.

— Халқимизга хос оҳанглар менга ҳамиша куч-қувват бағишлайди, — дейди Иззатилла. — Ҳар гал уларни тинглаганимда ёки хиргойи қилганимда, бобокалонларимизнинг нурли сиймоси, амалга оширган улуғвор ишлари кўз олдимдан бирма-бир ўтаверади. Шундан биламанки, бу — фахр туйғуси. У мени астойдил билим олишга, миллий санъатимизни янада чуқур ўрганишга ундайди. Шундай кезларда қўлимга китоб олганимни билмай қоламан. Ўқийман, ўқийвераман ва куй чаламан. Биласизми, буниям ўзига яраша гашти бор.

Дарҳақиқат, Иззатилла санъатнинг ҳақиқий шайдоси. У бу синоатли оламга қачон кириб келганини эслолмайди. Шуни биладики, отаси, яъни Алишер ака аввал-бошдан халқ куйларининг чинакам ошуфтаси. Онаси билан қадимий оҳанглар хусусида баҳс-мунозара қилади. Иззатилла ана шундай муҳитда камол топди, улғайди...

Яна Пезаро шаҳридаги халқаро мусиқа ижрочилари танлови ҳақида. Энди Иззатиллани кўрган киши алоҳида эҳтиром билан сўрашади. Кимдир унинг қўлини маҳкам қисиб қўяди, бошқа биров эса биргаликда суратга тушишга ошиқади. Хуллас, танлов ўзбекистонлик яна бир иқтидорни кашф этди. Унинг якунига бағишланган гала-концертда мухлислар талаби билан Иззатилла тағин саҳнага чиқди. Бу гал Жорж Бизенинг жаҳон санъати ноёб намуна-ларидан бўлган “Кармен” операси асосида Пабло де Сарасате томонидан басталанган концерт фантазиясини шу қадар маҳоратли тарзда ижро этдики, йиғилганларнинг барчаси уни гулдурос қарсаклар билан тинимсиз олқишлаб туришди.

Бу — ўзбекистонлик иқтидорли ёшларга берилган юксак баҳо. Бинобарин, уларнинг ҳар бири ҳақида жўшиб ёзиш, тўлқинланиб гапириш мумкин. Жумладан, ёш рассом Муниса Бўронова тўғрисида ҳам.

 

Тасаввурлар тасвири

Мунисанинг адабиётга меҳри бўлакча. Айниқса, Алишер Навоийнинг “Хамса”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”сини кунда бир варақламаса, кўнгли жойига тушмайди. Қачонки, уларни мириқиб мутолаа қиларкан, чексиз маънавий қувват руҳиятига сингигандек бўлади, шунда ўз-ўзидан қўлига қалам олади. Чексиз осмон, унинг тоқига туташ қўнғир тоғ қоғоз узра мавжлана бошлайди. У шунчалик улканки, дунёда ҳеч бир жонзотни писанд қилмайди. Бироқ улуғворлигу мардоналик тимсоли бўлган Фарҳод унинг бағрини тилиб ариқ қазийди. Тинимсиз меҳнати, матонати эвазига ниятига етади. Элу юртни сувсизлик балосидан қутқариб қолади. Хуллас, эзгу ният, гўзал амал билан яшаётган қаҳрамоннинг жонли қиёфаси Мунисанинг “Фарҳод” миниатюрасида ўз ифодасини топган.

Унинг “Лайли ва Мажнун”, “Ромео ва Жульетта” каби асарларини ҳам бефарқ кузатиб бўлмайди.

Ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзаси — ўзига хос санъат асари. Уни абадиятга муҳрлаш эса ижодкорнинг истеъдодига боғлиқ. Шу маънода, Муниса бугунги ҳаётни, мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий тараққиётни миниатюра мезонларида ҳам тасвирламоқдаки, уларнинг жозибасидан дил яйрайди.

Муниса Бўронова республика ҳамда халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ғолибаси. Дунёнинг кўплаб давлатларида шахсий кўргазмаларини ташкил этган. Хуллас, уларнинг барчасида ижодкорнинг тиниқ туйғулари, эзгу орзу-истаклари шуълаланиб туради.

 

Ҳавас ва қувонч

Собир Раҳметов — Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми, академик. Тасвирий санъатнинг рангтасвир йўналишидаги моҳир ижодкорлардан бири. Минглаб асарлар яратган. Уларнинг аксарияти музейларда сақланади.

Айтганча, рассом ижодида она-табиатимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат туйғуси устун. Энг муҳими, ушбу ҳис кўнгилдан қандай кечса, худди шундай аксланади. Шунинг учун ҳам санъат шайдолари уларни ҳайрат билан томоша қилади, севинади.

— Қўлимга илк марта қалам олиб чизган расмим дарахт эди, — дея болалик хотираларини ёдга олади ижодкор. — У пайтларда сарғиш, сифати паст қоғоз бўларди. Чандон ҳаракат қилсангиз ҳам расмнинг жозибаси кўринмасди. Мойбўёққа мўлжалланган бўзларни-ку, айтмасаям бўлади. Ижодга ундовчи тўгараклар қайда дейсиз? Хуллас, билим эгаллаш, иқтидорни намоён қилиш учун шароит йўқ эди. Бугун-чи? Ҳозир бутунлай бошқа давр. Навқирон авлод энг замонавий таълим муассасаларида таҳсил олаяпти. Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги билан санъатнинг барча тури равнақ топаяпти. “Устоз — шогирд” анъаналари янада жонланди. Тўғриси, мен бир умр ўзимнинг шахсий устахонам бўлишини орзу қилганман. Истиқлол шарофати билан ана шу ниятимга етдим. Унда ўнлаб шогирдларимга тасвирий санъат сирларини ўргатиб келаяпман. Умуман олганда, бугунги баркамол авлоднинг бахтига, иқболига ҳавас қиламан, ижодидан эса қувонаман.

 

Истеъдодли ёшлар юрти

Дарҳақиқат, юртимиз ёшларининг келажаги порлоқ. Буни уларнинг интилишлари, яратаётган санъат асарларининг юксак даражасидан ҳам англаса бўлади. Улар бундай эътирофга ҳар жиҳатдан ҳақли. Боиси, ёш санъаткорларимиз таълимнинг энг яхши анъаналари шаклланган бетакрор ижодий муҳитда камол топмоқда. Бу масканларда шундай нурли дунё барпо этилганки, бунда бамисоли бўёқлар куйлайди, товушларнинг эса ранги товланади.

Феруза ОБИДЖОНОВА,

Ўзбекистон Бадиий академияси бош илмий котиби.

 

 

ЭЪТИРОФ

 

Ҳернан ЛОРЕНЦО, аргентиналик фоторассом:

— Ўзбекистонга иккинчи марта келишим. Юртингиз қисқа даврда янада гўзал ва мафтункор қиёфа касб этган. Одамларнинг юз-кўзидаги бахтиёрлик, ҳаётдан мамнунлик ҳисси, эртанги кунга бўлган ишончи менга илҳом беради. Зотан, Ўзбекистон — санъатнинг барча тури чинакамига равнақ топган юрт. Ёшларингизнинг иқтидоридан эса ҳайратланаман.

 

Антонио МОРА, испаниялик фоторассом:

— Тошкентга саёҳатим давомида бир қатор галереялар, кўргазма залларида, музейларда бўлдим. Уларнинг муҳташамлиги, томошабинлар билан гавжумлиги, экспозициясининг бойлиги диққатга сазовор. Айниқса, навқирон санъаткорларга кўрсатилаётган эътибору ғамхўрлик Ўзбекистоннинг юксак маънавий салоҳиятидан дарак беради.

 

Наоки ОГИНА, япониялик фотоижодкор:

— Ўзбекистон халқининг бой ўтмиши, маданияти, санъати ва эришаётган бугунги ютуқлари менда ҳамиша қизиқиш уйғотган. Юртингизга ҳар гал келганимда, Тошкент, Хива, Самарқанд, Бухоро шаҳарларини айланаман. Буларнинг барчасини ўз кўзим билан кўришга -муваффақ бўлганимдан бениҳоя хурсандман. Энг муҳими, ёш рассомлар билан -гаплашганимда уларнинг фикри теран, соҳани чуқур билишига гувоҳ бўламан.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn