Бағрикенглик, саховат, меҳр-оқибат айёми
  • 05 Июль 2016

Бағрикенглик, саховат, меҳр-оқибат айёми

Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий анъаналаримизни, диний қадриятларимиз мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган меҳр-оқибат байрамига бўлган юксак эътибор ва ҳурмат ифодасидир.

Истиқлол йилларида давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ҳамда раҳнамолигида буюк алломаларимизнинг қадамжолари, табаррук масканларда кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Уларнинг бебаҳо меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш, халқимизга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда.

Бугун ҳар бир хонадонда, маҳаллада ободлик ҳукм сураяпти. Ҳайит мустақиллик байрамининг 25 йиллик тўйи арафасида ўтаётгани унга янада бетакрор файз ҳамда шукуҳ бахш этаётир. Айни кунларда муқаддас зиёратгоҳлар, табаррук қадамжоларни ободонлаштириш, уларнинг атрофини кўркамлаштириш ишлари янада авж олган. Бу муборак айёмда кексаларга ҳурмат, фарзандларга алоҳида иззат кўрсатилади. Ҳиммату саховат, меҳр-оқибат каби азалий анъаналар юксак поғонага кўтарилади. Ҳайит кунлари барча бир-бирини қутлайди, дастурхонлар ёзилади, совға-саломлар улашилади. Яратганга шукроналар айтиб, Истиқлолимиз, тинч ва хотиржам ҳаётимиз ҳамда келгуси авлодларимиз ҳақига дуолар қилинади. Бу амалларнинг барчаси савоб, мукофоти эса инсонийлик шарафи ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтганда, Рамазон ҳайити жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳамда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашда, эзгу фазилатлар, қадриятларимизга юксак эҳтиром кўрсатишда бениҳоя аҳамиятлидир.

Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn