Халқимиз асрий орзулари рўёби
  • 04 Июль 2016

Халқимиз асрий орзулари рўёби

Шу йилнинг 22 июнь куни Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиши мамлакатимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди, десак, асло муболаға эмас. Зеро, Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами шукуҳи билан яшаётган халқимиз, айниқса, Фарғона водийси аҳолиси ушбу бетимсол бунёдкорлик иншоотининг ишга туширилишини катта мамнуният билан кутиб олди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг ушбу улкан лойиҳа очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қайд этилганидек, бу қувончли кунни халқимиз, жумладан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳолиси неча йиллар давомида орзу қилгани, ота-боболаримиз учун армон бўлган бу бахт албатта бизларга насиб этади, деб, айниқса, охирги йилларда интизорлик билан кутгани сир эмас.
Дарҳақиқат, мураккаблиги ҳамда ўзига хос бошқа жиҳатлари билан дунёдаги саноқли меъморчилик ва транспорт-транзит дурдоналаридан бири бўлган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли барпо қилиниши Ўзбекистоннинг буюк давлат эканини, унинг иқтисодий қудрати ҳамда салоҳиятини, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини яна бир бор дунёга намоён этди.
Юртимиз заминида кўп асрлар давомида шундай ачинарли ҳолат юзага келган эдики, халқимиз ўртасида “олтин водий” деб ном олган Фарғона ҳудуди Қамчиқ довони туфайли диёримизнинг бошқа ҳудудларидан ажралиб қолганди. Барча коммуникация тармоқлари, авваламбор, транспорт-логистика алоқаси қўшни давлат ҳудуди орқали амалга оширилар эди. Шу сабабли пойтахтга бориш учун қанча сарсонгарчиликни, оворагарчиликни бошимиздан ўтказардик. Турли сабаблар туфайли суткалаб йўлда қолиб кетиларди...
Бинобарин, ушбу темир йўлнинг биринчи йўловчиси сифатида Қамчиқ туннели очилишида қатнашганимда, юрагимда чексиз ифтихор туйғулари жўш урди. Замонавий поезд вагонларида довонни кесиб ўтганимизда, кўзимда ёш қалқиди. Ахир йигирма беш йил аввал кимдир мана шу улкан қоялар ва жарликлар устида поезд қатнайди, деса, ҳеч ким ишонмаган бўларди. Чиндан ҳам, истиқлол йилларида биз илгари тасаввур ҳам қилолмаган, бугун ўзимизга ғурур бағишлаб, ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган юксак марраларга эришаяпмиз. Бу ютуқлар замирида, шубҳасиз, Мустақиллигимиз, халқимиз фидойилиги, Президентимиз раҳнамолигида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсат мужассамдир.
Янги темир йўли юртимиз аҳолисининг 10 миллион нафардан зиёди яшаётган Андижон, Фарғона ҳамда Наманган вилоятларининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаб, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишига замин яратади. Асримизнинг ушбу йирик лойиҳаси мазкур минтақадаги корхоналарга ҳам ички ва ташқи бозорлар учун янги имкониятлар эшигини очади, транзит харажатларини қисқартириш ҳамда вақтни тежашга хизмат қилади.
Биргина мисол, бизнинг Хўжаобод туманида саноат корхоналари талайгина. Улар ўз маҳсулотларини нафақат МДҲ, балки ўарб давлатларига ҳам “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида юбормоқдалар.
Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели ишга туширилиши барча ҳамюртларимиз қатори ишбилармонларни ҳам ғоят қувонтирди. Боиси, бу уларга ҳар томонлама фойда келтиради. Уларнинг фикрича, эндиликда хом ашёни ташиш харажатлари сезиларли даражада камаяди. Энг муҳими, бу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши кўп йиллар давомида, айниқса, қишда тоғли йўллардан ўтишда қийналиб келган оддий одамлар учун катта аҳамият касб этади.
Бугун маҳалла-кўйда, турли жамоаларда, сайловчилар билан учрашувларда юртимизда эришилаётган ютуқлар, хусусан, Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннели ишга туширилиши суҳбатимизнинг асосий мавзуига айланган. Одамларимиз қалби фахру ғурур туйғулари билан тўлиб тошган. Шубҳасиз, бу марраларимиз замирида ётган омилларни, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни, -Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган янгиланишларни кенг жамоатчиликка, ёшларга тушунтириш барчамизнинг, айниқса, парламент аъзоларининг кундалик вазифасига айланиши керак.

Тожибар ЮЛДАШЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn