Санъат жозибаси
  • 14 Июнь 2016

Санъат жозибаси

Истиқлол йилларида мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида Ватанимиз ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш, ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳамда салоҳиятини юксалтиришдек улуғвор мақсадлар мужассам.

Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги эзгу ишларга кенг йўл очди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, хусусан, ўтган даврда биргина Жиззах вилоятида мазкур соҳага ихтисослаштирилган 14 та муассаса барпо этилди.

Замонавий ҳамда миллий меъморчилик анъаналари асосида қад ростлаган бундай мактабларнинг 13 таси қишлоқ туманларида қурилиб, уларда барча қулайлик яратилди.

Таъкидлаш керакки, қишлоқ жойларда бунёд этилган муҳташам мусиқа ва санъат мактаблари ёшларнинг пухта билим олиши, соҳа сирларини чуқур эгаллаши, қолаверса, аҳоли турмуш маданиятини янада юксалтиришга, маънавиятини бойитишга хизмат қилмоқда.

Дўстлик туманида ҳам келажагимиз ворисларининг миллий ҳамда жаҳон маданияти дурдоналарини ўрганиши учун ҳамма шароит мавжуд.

— Мактабимизда 212 нафар истеъдодли ўғил-қиз таҳсил олади, — дейди мазкур тумандаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Мавжуда Раҳмонова. — Бизда фаолият юритаётган 30 нафар тажрибали педагог ва мураббий ўз касбининг моҳир устасидир. Муассасамизга келаётган ўқувчилар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Таълим сифати тубдан ўзгариб, маҳоратини турли маданий тадбирлар ҳамда нуфузли танловларда намойиш қилиш истагини билдираётган ёшлар камол топаётир. Аҳил жамоамизнинг тинимсиз изланишлари натижасида ўқувчиларимиз нафақат республика, балки халқаро миқёсдаги танловларда ҳам билими ва истеъдодини намоён этишга эришаяпти. Жумладан, яқинда Сочи шаҳрида ўтказилган халқаро мусиқа ҳамда санъат фестивалида Италия, Бельгия, Хитой каби 18 та давлатдан қатнашган 850 нафар ўғил-қиз орасида мактабимиз ўқувчиларининг муваффақиятли иштирок этгани бунинг яққол исботидир.

Ушбу анжуманда тасвирий санъат йўналиши бўйича Самандар Толибжоновнинг “Менинг Ватаним” туркумидаги “Наврўз”, “Анора”, “Тоғларда баҳор” деб номланган картиналари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, биринчи ўринга лойиқ кўрилди. Умуман, фестивалда таълим муассасасининг 4 нафар ўқувчиси ўз йўналишида юқори ўринни эгаллашди.

Шунингдек, Нигора Холмуродова фортепиано чолғучилари танловида К. Чернийнинг “Этюд”, К. Отаниёзовнинг “Гулдаста” мусиқаларини маромига етказиб ижро этганлиги учун 78 нафар танлов иштирокчиси орасида фахрли учинчи ўринга сазовор бўлди.

— Фестивалда доирада “Попури” термалари, “Гулдаста” ва “Бешқарсак” мусиқаларини томошабинлар ҳукмига ҳавола этиб, биринчи ўринни қўлга киритдим, — дейди анъанавий созандалик йўналишида таҳсил олаётган Бахтиёр Юсупов. — Менинг бу муваффақиятимда юртимизда биз, ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самараси мужассам. Бундай -нуфузли танловларда юртимиз номини улуғлаш мен учун улкан шарафдир.

Бунёд этилаётган бу каби санъат масканларида баркамол авлод вакиллари вояга етмоқда. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ёшларни ақл-заковатли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялай олсаккина, олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз, юртимизда фаровонлик ва тараққиёт қарор топади.

Муқимбой ИСМОИЛОВ.

Бекпўлат ТОFАЕВ 

олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn