Ёш мусиқачиларимиз муваффақияти
  • 10 Апрель 2014

Ёш мусиқачиларимиз муваффақияти

Жорий йилнинг 27 март — 3 апрель кунлари Чехия Республикасида бўлиб ўтган, “Праганинг мўъжизавий юлдузлари” деб номланган  VI анъанавий халқаро танловда юртимиз ёш истеъдод соҳиблари муносиб иштирок этдилар.

Гап шундаки, ушбу танловда  пойтахт вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактабининг 11 нафар ўқувчиси  эътироф қозониб, муваффақиятга эришди. Жаҳоннинг ўттиздан зиёд мамлакатидан келган ёш ижодкорлар  орасида ҳамюртларимиз ўзларининг имкониятларини тўлиқ намоён қилдилар. Фортепьяно йўналишида мактабнинг 2-синф ўқувчиси Темур Мираҳмедов танлов Гран-Присини қўлга киритган бўлса,  болалар либослари намойишида 1-синф ўқувчиси Севинч Мирғуломова биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, амалий санъат, вокал, эстрада йўналишларида ҳам ёшларимиз биринчи ва иккинчи ўринларга лойиқ кўрилди.
— Мактабимизда истеъдодли ёшлар кўпчиликни ташкил этади, — дейди таълим муассасаси раҳбари Гулнора Нурматова. — Кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ва эътибор эса уларнинг истеъдодига қанот бўлмоқда.

Баҳриддин ШАЙВАЛИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn