Боқий шеърият соҳиби
  • 08 Июнь 2016

Боқий шеърият соҳиби

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида жаҳон адабиётининг етук намояндаларидан бири, рус халқининг атоқли шоири Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 217 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика Маънавият тарғибот маркази ва бошқа ташкилотлар томонидан ушбу сана муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, таълим муассасалари, аҳоли дам олиш масканлари, жамоат жойларида анжуманлар, давра суҳбатлари, шеърият кечалари уюштирилаяпти. 

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида ёшлар маънавиятини юксалтириш, таълим-тарбиянинг муҳим шарти сифатида адабиёт ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу -жараёнда адибларимиз асарларини ўрганиш ва бошқа тилларга таржима қилиш ёшларнинг мутолаа маданиятини юксалтириш, уларни жаҳон адабиётининг нодир асарлари билан яқиндан таништириш борасидаги ишлар изчил амалга оширилмоқда.

— Юртимизда Пушкин таваллудининг 217 йиллиги муносиб нишонланиши замирида теран тафаккурли, дунёқараши юксак авлодни тарбиялашдек эзгу ғоя мужассам, — дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф. Муҳаммаджонова. — Ушбу сана муносабати билан пойтахтимизда ўндан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Уларда 20 мингдан зиёд йигит-қиз фаол қатнашди. Бундан ташқари, #Pushkin217 хэштеги остида интернетда ёшларимиз уч мингдан ортиқ фото, юзга яқин видеолар жойладилар. Ушбу веб-саҳифаларни 120 мингдан ортиқ ўзбекистонлик фойдаланувчилар кузатиб боргани, айниқса, эътиборлидир. 

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида очилган “Боқий шеърият соҳиби” деб номланган кўргазмада буюк шоирнинг болалик, ўсмирлик ва ёшлик даври, ўқиш йилларидан ҳикоя қилувчи китоблар намойиш этилмоқда. Пушкиннинг ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган илмий изланишлар, рисолалар билан ҳам танишиш мумкин.

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Пушкин ижодининг ўзбек адабиётига таъсири” мавзуида китобхонлар анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда маънавият тарғиботчилари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар қатнашди.

— Пушкин ижодида Ватан, бахт ҳамда қувонч, ёшлик, муҳаббат каби олий тушунчалар баланд пардаларда куйланган, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раҳбари Баҳриддин Садриддинов. — Унинг асарлари Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Миртемир сингари адибларимиз томонидан она тилимизга таржима қилинган. Пушкиннинг эртак ва достонлари, шеърлари, қиссаларини болажонлар севиб мутолаа қилишади. Шу боис мазкур тадбирда ана шундай асарлар ёш китобхонларга туҳфа этилди.

Наманган давлат университетида Пушкин таваллудига бағишлаб ўтказилган илмий-адабий кеча ҳам кўпчиликда унутилмас таассурот қолдирди. 

Тадбирда университет ўқитувчиси Елена Чжен улуғ шоир ижодининг ўзига хос қирралари, бебаҳо адабий мероси хусусида сўз юритди.

— Ажойиб эртаклари, қисса, достону шеърлари билан ўзбек китобхонлари меҳрини қозонган шоирнинг жаҳон адабиёти равнақида беқиёс ҳиссаси бор, — дейди рус тили ва адабиёти кафедраси мудири Муҳаббат Саидова. — Ёшларимиз унинг асарларини севиб ўқишади, муаллимларимиз, иқтидорли талабалар адиб ижодига доимо қизиқиш  билдирадилар. Кейинги йилларда уч нафар ҳамкасбимиз рус тили ўқитувчиларининг халқаро Пушкин танлови совриндори бўлгани бежиз эмас.    

Тадбир доирасида ташкил этилган адабий-мусиқали композицияда талабалар адиб асарлари асосидаги саҳна кўринишларини намойиш қилишди, шоирнинг шеърлари ўзбек, рус, инглиз тилларида янгради.

О. ФАЙЗИЕВ,

А. ЗАРИПОВ,

Қ. НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тенгдош — тенгдошга ибрат Санъат жозибаси »