Тенгдош — тенгдошга ибрат
  • 08 Июнь 2016

Тенгдош — тенгдошга ибрат

Наманган вилоятидаги ўрта махсус таълим муассасаларида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги олдидан “Тенгдош — тенгдошга” деб номланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Тарғибот гуруҳи аъзолари, асосан, илм-фан, спорт, маданият соҳасида юксак марраларни қўлга киритган ёшлардан иборат бўлиб, улар тенгқурларига ўзлари эришаётган муваффақиятлар ҳақида тўлқинланиб сўзлаб беришаяпти. Масалан, Кумуш Хўжаева ва Гулираъно Ваққосова Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари бўлса, Миркомил Иззатуллаев — спортнинг  кикбоксинг тури бўйича мамлакат ҳамда Осиё чемпиони. Муроджон Тоҳировни эса санъат ихлосмандлари “Унутилмас оҳанглар” кўрик-танлови ғолиби сифатида билишади. Муҳими, бундай истеъдодли навқирон авлод вакиллари сафи тобора кенгаймоқда. Ўқиш ва жамоат ишларида пешқадам бу йигит-қизларнинг фикр-мулоҳазалари мулоқот иштирокчиларини эзгу мақсадлар сари ундаётир.

— Шу кунларда халқимиз энг улуғ, энг азиз байрамимизни муносиб кутиб олиш ҳаракатида, — дейди тарғибот гуруҳи томонидан ўтказилган давра суҳбатида сўз олган Косонсой тиббиёт коллежи ўқувчиси Гулҳаё Ўринбоева. — Албатта, биз, ёшлар ҳам бу қутлуғ санага ўз туҳфамизни ҳозирласак, айни муддао. Мен байрамга атаб 25 та илмий ва бадиий йўналишдаги адабиётни ўқиб чиқдим. Бугунги учрашувда тенгдошларимга улардан олган таассуротларимни гапириб бердим.

Тарғибот гуруҳи байрамолди тадбирларини  вилоятдаги барча касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейларда ўтказишни режалаштирган. “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” шиори  остидаги мазкур мулоқотлар ёш -авлоднинг мамлакатимизнинг чорак аср давомида эришган залворли ютуқларини янада теран ҳис қилишларида муҳим аҳамият касб этади.

Н. ҚУДРАТОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Янги аср истеъдодлари Боқий шеърият соҳиби »