Янги аср истеъдодлари
  • 08 Июнь 2016

Янги аср истеъдодлари

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бадиий академия, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан эълон қилинган “Янги аср истеъдодлари — 2016” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Унда архитектура ва қурилиш соҳалари бўйича кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган олий ўқув юртларининг 150 нафар талабаси 500 га яқин ижодий ишларини намойиш этишди. 

Якунда “Энг яхши тасвирий санъат асари”, “Энг яхши амалий санъат асари”, “Энг яхши архитектуравий лойиҳа ва макет”, “Энг яхши муҳандислик лойиҳаси ва ишланмаси”, “Энг яхши қурилиш материаллари ва технологиялари” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Ҳакамлар ҳайъати тақдим қилинган лойиҳаларни янгилиги, долзарблиги, миллийлик ҳамда замонавий андозаларга мослиги каби мезонлар асосида баҳолади. Самарқанд, Тошкент, Наманган, Жиззах ва Нукус шаҳарлари вакилларининг ижодий ишлари турли йўналишлар бўйича тақдирланди. 

— Танловда қадимий Афросиёб шаҳрининг тарихий қиёфаси акс эттирилган лойиҳам билан қатнашдим, — дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабаси -Рустам Гулмирзаев. — Бу жараёнда гилмоя лойи, гипсдан фойдаландим. Қолаверса, ангоб — қуёш нурида ўз жилосини йўқотмайдиган ранг тури ҳисобланади. Шу боис усталаримиз ушбу бўёқни қўллаб, бежирим ҳунармандчилик намуналарини яратишган. Мен аждодлар анъанасини давом эттириб, янглишмаган эканман: “Энг яхши амалий санъат асари” йўналишида I даражали диплом билан тақдирландим. Ўйлайманки, бу анъанавий  кўрик-танлов мамлакатимизда сайёҳлик соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn