Оппоқ кулчалар
  • 01 Июнь 2016

Оппоқ кулчалар

Бир дўстимнинг хонадонига кириб борарканман, айвондаги сўрида қаймоққа нон ботириб еяётган тўрт ёшлар чамасидаги болакайга кўзим тушиб, завқланиб кузатганча тўхтаб қолдим. Қўлидаги нон бурдаси қаймоқ билан баҳслашгудек даражада оппоқ эканлиги эътиборимни тортди. Усмонали айтган ўша оқ нон мана шу-да, деган ўй беихтиёр кўнглимдан кечди.

Мен ўсиб-улғайган Олтиариқда довруқли фермер хўжаликлари кўп. Усмонали шулардан бирида оддий ишчи. Баъзан жигарчилиги тутиб, “Қишлоққа келганда даламизга бош суқиб ўтинг”, деяверарди. Кунлардан бирида йўл-йўлакай унинг даласига тўсатдан кириб бордим. “Фермер укамиз пахтаю ғалла билан боғлиқ юмушлардан ортмайди, мен ёнида туриб, уватларга мевали дарахтлар ўтқазиш, бир қисмини узумзорга айлантириш, даромадимиз ошгани сайин, молхонани чет эллардан сотиб олинган зотдор моллар билан тўлдиришга кўмаклашдим, иссиқхоналар қурдик, ҳовузда балиқ, ўрдак-ғоз -боқиб, товуқларни кўпайтирганимиздан кейин, ишчиларнинг манфаатдорлиги янада ортди”, дея рўёбга чиқарилаётган ишларни кўз-кўзлашга тушди. “Барчасига қандай улгураяпсиз?” десам, “Биз-ку турмушнинг оғир-енгил томонларини анча кўриб қўйдик, энди болаларимиз, невараларимиз оқ кулча еб ўсаверсин, деймиз-да”, деб жилмайиб боқди.

Ўшанда бу деҳқонча гапнинг тагига етолмаган эканман. Кейинроқ ўйлаб кўрсам, маъноси чуқур экан. Юртдан тинчлик-хотиржамлик ариб, эл турмушидан барака кетиб бораверса, бу кулфатнинг қиёфаси, энг аввало, нонларнинг рангида намоён бўла бошлайди. Барча бунёдкорликлар издан чиқиб, жумладан, ризқ-насиба яратиш манбаи ҳисобланмиш деҳқончилик соҳаси ҳам заволга юз тутади, етишмовчилик авж олаверади, унларни кепакдан тозалаб оқартириш у ёқда -турсин, ҳатто кепакнинг ўзи тансиқ кўриниб қолади. Демак, боласига оқ кулчани илиниб яшаётган, шу йўлда ўзини ўтдан-чўққа уриб тер тўкаётган кишилар учун юрт осойишталиги, оила фароғатидан улуғроқ неъмат йўқ.

Шуларни мулоҳаза қиларканмиз, ёш авлод камолоти билан боғлиқ масалаларга четдагилар ҳавас қиларли даражада катта эътибор бериб келаётган мамлакатимизни боласига ўта меҳрибон ота-оналарга қиёслашимиз табиийдир. Бу борада республика миқёсида амалга оширилаётган бири-биридан улкан ишлар ҳақида кўпдан-кўп қувонарли рақамларни келтирамиз, хорижлик мутахассислардан мақтовлар эшитамиз. Шундай пайтда баъзи бировимизда беихтиёр бир савол туғилгандек бўлади — хўш, булар юртимизнинг барча ҳудудида, айниқса, қишлоқларда ўз аксини тўлиқ намоён қила олаяптими?

“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар ўртасида ўтказилган кенг кўламли тадбир мобайнида Фарғона вилоятининг кўп жойларида бўлиб, ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам фарзандларимизнинг маънавий ва жисмоний жиҳатдан етук бўлиб улғайиши учун етарлича шарт-шароитлар муҳайё қилинаётганини кўрганимиз сайин кўнглимиз тобора ёруғлашаверди.

Биргина Олтиариқни олайлик. Жорий Соғлом она ва бола йили муносабати билан туман ҳокимлиги томонидан тузилган дастурлар, улар асосида Маънавият тарғибот маркази фаоллари иштирокида ҳаётга татбиқ қилинаётган ишлар, кўзланаётган мақсадлар билангина қизиқиб қолмай, амалда қўлга киритилган натижалар, эришилган ютуқларга кўпроқ эътибор қаратдик.

“Соғ танда — соғлом ақл” деганларидек, гапни баркамолликнинг илк ирмоғи саналмиш спортдан бошлай қолайлик. Тумандаги мактаб ва коллежларда салкам 36 минг нафар ўғил-қизлар таълим олади. Уларнинг қарийб 60 фоизи фақат билим масканларда эмас, спортнинг энг оммавий турларини деярли тўлиқ қамраб олган ўнлаб секцияларда мунтазам шуғулланмоқда. Етарли шароит, юксак иштиёқ мужассам бўлган жойда муваффақиятлар бўй кўрсатаверади. Ҳозирги кунда олтиариқлик ёш футболчилардан 14 нафари олий лига жамоаларида тўп сураяпти. Булардан энг машҳури республика термасига жалб этилган, “Локомотив”нинг моҳир ярим ҳимоячиси Сардор Мирзаевдир. Бири ўсмирлар, бири ёшлар термасидаги ўйинлари билан кўзга ташланган Нодирбек Қўзибоев, Достон Турсунов (иккаласи ҳам “Қўқон — 1912”да), -Ҳусниддин ўофуров (“Нефтчи”), Саиджон Абдужабборов (“Металлург”), Иқболжон Бобохонов (“Андижон”) кабилар ўз маҳоратини намоён этиб келмоқда. Стол тенниси бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Нилуфар Сотволдиева, Осиё чемпионлари бўлган каратэчи Иқбол Узоқов, таэквондочи Мадина Қодирова, турли халқаро мусобақалар ғолиби Ўғилой Маҳмудова, ўайрат Маъмуров, Муҳаммад Тўхтасинов, Маҳлиё Йўлдошева, Азиз Одилов, Моҳларой Алижонова олти-ариқликларнинг фахрига айланди. Ўзбекистон чемпиони бўлганларнинг саноғига етиш эса анча мушкул. Мустақилликдан -илгари буларнинг барчаси хомхаёлдек, эришиб бўлмайдиган орзудек туюларди. 

Эски даврда қишлоқларда биттагина ўрта махсус маълумотли фельдшердан иборат “медпункт”лар мавжуд эди. Ҳозир ҳар бир қишлоқда врачлик пунктлари бор. Уларда олий маълумотли шифокорлар, каттароғида ўн нафардан ортиқ ҳамширалар хизмат кўрсатади, муассасаларнинг барчаси энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Болаларни чақалоқлигиданоқ (улар туманда 53 минг нафардан ортиқ) турли касалликларга қарши эмлаш тўғри йўлга қўйилгани боис юқумли касалликларга чалиниш ҳоллари деярли барҳам топди. Туман марказий шифохонаси туғуруқхонаси ва болалар бўлимларини мукаммал таъмирлаш ишларига 2,5 миллиард сўм сарфланиб, тўлиқ ишга туширилди. Шу йилнинг бошидан буён туғуруқ ёшидаги аёллардан беш минг нафари скрининг кўригидан ўтказилди, шулардан 1200 нафарига поливитамин тўпламлари бепул тарқатилди.

Халқ таълими тизимида, айниқса, сўнгги ўн беш йил ичида мислсиз ўзгаришлар юз берди. Мактабларнинг ярмидан кўпи тўлиқ янгитдан қурилди, қолганлари реконструкция қилинди, қўшимча бинолар, спорт заллари барпо этилди. Фан кабинетларининг замонавий жиҳозлар билан таъминланиши ўз самарасини бериб, кейинги йилларнинг ўзида ўнлаб ўқувчилар халқаро ва республика миқёсидаги фан олимпиадаларида нуфузли совринларни қўлга киритишди. Компьютерлаштириш оммавий тус олиб, уларни муқобил энергия кўмагида ишлашга ўтказиш бошлаб юборилди. Истиқлол йилларида қад кўтарган коллежу лицейларнинг ҳашаматли бинолари, хилма-хил спорт майдонларига боққанинг сари завқингга завқ қўшилаверади. Бир замонлар ёмғирда томидан чакка ўтиб ётувчи эски бинода ўқиган бизнинг авлод учун булар эртакка ўхшаб кўринади, яна ёшликка қайтиб, ўзингни шу бахти кулган болаларнинг ичига ургинг келади...

Эзгу мақсадларни кўзлаб, эзгу ниятларга таяниб бошқарилаётган юртда тинчлик ва фаровонликнинг рамзи бўлмиш оппоқ нонлар дастурхондан сира аримайди.

Болаларимизнинг қўлига ўзимизнинг буғдойдан бўлган оппоқ-оппоқ кулчаларни тутқазиб яшаш гашти биз, ота-оналарга бундан кейин ҳам насиб этаверсин.

Анвар ОБИДЖОН.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn