Лола дарахти юртимизнинг кўркига кўрк қўшмоқда
  • 31 Май 2016

Лола дарахти юртимизнинг кўркига кўрк қўшмоқда

Ўзбек халқи ҳақида сўз борганда, дунё аҳли, аввало, меҳнаткаш ва бунёдкор, тупроқдан олтин ундиришга қодир, мард ҳамда ғурури баланд миллатни ўзига тасаввур этади. Ҳақиқатан ҳам, одамларимиз ҳар қарич ерни эъзозлаб, ҳовли-жой, маҳалла-кўйни, бутун юртимизни обод этиб, саришта тутишни ўзи учун эзгу қадрият, деб ҳисоблайди. Кейинги йилларда Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган олижаноб даъват халқимизнинг қалбидан чуқур жой олиб, унинг яратувчанликка бўлган меҳри ва иштиёқини янада оширганига бугун ҳар қадамда гувоҳ бўлмоқдамиз.

Барчамизга яхши аёнки, мустақиллик даврида халқимизнинг бунёдкорлик фазилатлари кенг кўламда намоён бўлиши учун улкан имконият яратилди. Ҳозирги кунда йирик шаҳарларимизда аҳолининг яшаши ва дам олиши учун қулай бўлган замонавий инфратузилма тармоқларини яратиш, боғ ва  гулзорлар бунёд этиш, сув йўлларини кенгайтириш каби илғор шаҳарсозлик маданиятига хос хусусиятлар юксак даражада ривожланмоқда.

Бу борада икки минг йилдан ортиқ қадимий тарих ва бой маданиятга эга бўлган, дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган ва қўшаётган Тошкент шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини санашнинг ўзи анча вақтни олади.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаб айтганларидек, “Ватанимизнинг муқаддас остонаси, давлатимизнинг бош шаҳри — азим Тошкент билан барчамиз, бутун Ўзбекистон халқи ҳақли равишда фахрланамиз. Тошкентнинг ўтмиши ва бугунги ҳаётини Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги ҳаётидан, юртимизнинг келгуси тараққиётини бош шаҳримизнинг истиқболидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди”.

Маълумки, дунё жамоатчилиги азим пойтахтимизга турли даврларда турлича баҳо ва таърифлар берган. Масалан, “Тошкент — Шарқ дарвозаси”, “Тошкент — нон шаҳри”, “Тошкент — тинчлик ва дўстлик шаҳри”, “Тошкент — ислом маданияти пойтахти” деган эътирофларнинг замирида ҳар бир даврнинг ўзига хос руҳи уфуриб турибди. Бугунги кунда бу гўзал таърифлар қаторига “Тошкент — яшил пойтахт” деган таъриф қўшилса, ҳеч қандай хато бўлмайди, деб ўйлаймиз.

Бу азим шаҳар истиқлол йилларида давлатимиз раҳбарининг эътибори ва раҳнамолигида том маънода пойтахт шаҳарга, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистонимиз кўксида порлаган бебаҳо гавҳарга айланди. Бугунги кунда гўзал қиёфа ва тароват касб этган Тошкентимиз дунё пойтахтлари орасида ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлган йирик мегаполисга айланди.

Буюк Британияда нашр этиладиган нуфузли “Экономист” журналининг 2015 йилда берган баҳоси кўҳна Шош бағрида олиб борилаётган миқёси ва кўлами жиҳатидан ғоят улкан бунёдкорлик ишларининг халқаро майдондаги яна бир юксак эътирофи бўлди, десак, ҳеч қандай муболаға эмас. Ана шу журналнинг маълумотларига кўра, Тошкент дунё рейтингида ўзининг ободлиги ва яшаш учун қулайлиги жиҳатидан 140 та шаҳар орасида 58-ўринни эгаллагани, ҳеч шубҳасиз, барчамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Юртимизда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳақида гапирганда, мавзудан бир оз чекиниб бўлса-да, давлатимиз байроғида яшил ранг акс этгани ҳақида алоҳида тўхталиш ўринли бўлади. Негаки, азалдан халқимиз учун яшил ранг тинчлик ҳамда хотиржамлик, ёшлик ва яшариш, бунёдкорлик ҳамда тараққиёт рамзи ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда экологик вазиятни тубдан -яхшилаш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтириш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш орқали юртдошларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизда -тозаликни сақлаш бўйича муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб қонун ҳамда меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Биргина Тошкент шаҳрида кейинги йилларда 370 гектардан ортиқ майдон ободонлаштирилди ва кўкаламзорлаштирилди, 127 минг 500 дан зиёд кўчат экилди. 1990 йилда шаҳар ҳудудидаги кўкаламзор майдонлар 6 минг 800 гектарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг ҳажми 2 баробардан зиёд кўпайиб, 

15 минг 200 гектардан ошди. Бунинг натижасида ҳозирги кунда шаҳарда ҳар бир кишига 70 квадрат метрга яқин яшил ҳудуд тўғри келмоқда. Пойтахтимиз ҳудудининг деярли қирқ фоизи дарахтлар билан қопланган. Ваҳолонки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг меъёрларига кўра, бу кўрсаткич умумий ҳудуднинг 15 — 20 фоизини ташкил этиши кифоя ҳисобланади.

Дунё бўйича қабул қилинган меъёрларга биноан, йирик шаҳарларда аҳоли жон бошига 50 квадрат метр кўкаламзорлаштирилган майдон тўғри келиши керак. Бугунги кунда Тошкентнинг кўкаламзорлаштириш даражаси дунёнинг Санкт-Петербург, Пекин, -Москва, Сиэтл каби йирик шаҳарларидан икки-уч маротаба ортиқ экани азим пойтахтимизда бу борада амалга оширилаётган ишларнинг кўлами ва миқёсидан яққол далолат беради.

Юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларини энг замонавий услубларда, янгича сифат билан ободонлаштириш борасидаги амалий ишларнинг мантиқий давоми сифатида шаҳримизда сосна ва бошқа бир неча турдаги жаҳоннинг кўпгина мегаполисларига зеб ва чирой бериб турган, бизнинг иқлим ва табиатимизга мос манзарали дарахтлар кўплаб экилмоқда ва парваришланмоқда. Сўнгги йилларда шаҳримизда ўстирилаётган ҳар бир дарахт ва бутани, гул-чечакларни асраб-авайлаш борасида эзгу анъана шаклланиб, манзарали дарахтларнинг янги турлари кўпайтирилмоқда.

Эътиборга молик яна бир муҳим жиҳати шундаки, манзарали дарахт ва буталар ҳавони зарарли газлардан тозалаб, кислородни кўпайтириши, шаҳар атмосферасидаги чанг ва ғуборнинг 72 фоизини ушлаб қолиши мутахассислар томонидан аниқланган.

Кўча ва майдонларда, тураржой мавзеларида соя-салқинни, микроиқлимни таъминлаб, иссиқ ҳароратни мўътадиллаштирадиган бундай дарахтлар санитария ва гигиена нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳим вазифаларни бажаради. Масалан, айрим дарахт турлари ҳавода учиб юрадиган модда — фитонцидларни ажратади. Бу модда, ўз навбатида, ҳаводаги зарарли ва касаллик тарқатадиган бактерияларни бартараф этади.

Шу ўринда мустабид тузум даврида бу борадаги аҳвол қандай бўлганини бир эсга олайлик. Бошқа соҳаларда бўлгани каби, Тошкент шаҳри ҳудудида қандай дарахт ва гуллар экиш масаласи ҳам фақат собиқ марказ томонидан ҳал қилинар эди. Айниқса, кўп қаватли уйлар атрофида бетартиб экиб ташланган, шохлари тарвақайлаб кетган чинорлару бақатеракларни кўз олдингизга келтиринг. Энди маълум бўлмоқдаки, бундай дарахтлар ўзидан инсон саломатлиги учун зарарли бўлган газларни чиқарар экан. Ажабланарли томони шундаки, иссиқ иқлим шароитида гуллаган пайтида одамга салбий таъсир кўрсатиб, аллергик касалликларни қўзғайдиган дарахт ва буталар экилган. Бу борада Ўзбекистоннинг иссиқ ва қуруқ иқлим шароити мутлақо ҳисобга олинмаган.

Мустақиллик инсонни, унинг қадри, шаъни ва ғурурини ҳар томонлама улуғлади, озод ва обод ҳаёт пойдеворини яратди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бири-биридан гўзал ва кўркам истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонлар тобора кўпайиб бораётгани фикримизнинг далилидир. Бу боғларда сайр қилиб, гўзал хиёбонларни кезар эканмиз, дилимиз яйраб, кўзимиз қувонади.

Кейинги йилларда пойтахтимизда ландшафт дизайни талаблари асосида яшил майдонларни кенгайтиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Яъни ҳар бир туп дарахт ёки бута теварак-атрофдаги бино ва иншоотлар кўринишига уйғун ҳолда, яхлит, умумий ва узвий манзара касб этишига эътибор берилмоқда. Шаҳримизда барпо этилаётган боғ ва хиёбонлар ана шу талабларга тўла мос келмоқда. Айниқса, ноёб ва гўзал лола дарахти шаҳримизга алоҳида файзу тароват бағишлаб, кўпдан-кўп дарахтлар орасида ўзининг кўркамлиги билан ажралиб турганига барчамиз гувоҳмиз.

Ўзининг гўзаллиги, нафис шохлари ва гуллари билан кишини ҳайратга соладиган бу ноёб дарахт нафақат гуллаган даврида, балки бошқа пайтларда ҳам ниҳоятда жозибали кўринади. Унинг танаси кумушранг, шох ва бутоқлари дарахтнинг юқори қисмида жойлашган бўлиб, кишида ёрқин таассурот қолдиради.

Табиат мўъжизаси бўлмиш бу дарахтнинг новдалари кенг пирамидасимон ва шарсимон думалоқ шаклда ўсади, барглари орнаментал ҳаворанг, яъни яшил тусда бўлади, кузда олтинрангда товланади. Барг ва гуллари лолани эслатгани сабабли бу нафис дарахт лола дарахти, деб номланади. У бутун вегетация даврида ғоят чиройли ва сарвқомат бўлиб кўринади. Кишини ҳайратга соладиган яна бир жиҳати шундаки, унинг баландлиги 75 метрга, танасининг айланаси эса 10 метрга етиши мумкин.

Лола дарахти уруғидан ва қаламча йўли билан кўпайтирилади. Ёш ниҳоллар она -дарахтдан икки йилдан сўнг ажратиб олинадиган новдалардан ўстирилади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ушбу дарахт кўплаб шифобахш хусусиятларга эга. Пўстлоғининг дамламаси безгакни даволашда самарали восита сифатида қўлланиб -келинади. Унинг барги, пўстлоғи, ёш новдалари ва гулларида изохинолинлар оиласига -мансуб бўлган алкалоидларнинг 26 та тури аниқланган.

Ажратиб олинган алкалоидларнинг аксарияти юрак-қон томир тизими ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиб, қон босимини пасайтиради, спазмолитик, йўталга (глауцин) ва микробларга қарши курашишда фаол қўлланади. Унинг яна кўплаб шифобахш хусусиятлари мавжуд.

Лола дарахтининг ёғочи енгил ва мустаҳкам бўлиб, унга ишлов бериш ва силлиқлаш осон. Ундан мусиқа асбоблари ва радиоприёмникларнинг қутисини ясаш учун мўлжалланган фанера ишлаб чиқаришда, дурадгорлик ва идишбоп ёғоч сифатида, шу билан бирга, бошқа мақсадларда ҳам кенг миқёсда фойдаланилади.

Яна бир ғаройиб хислати борки, лола дарахтидан ниҳоятда фойдали асал олинади. Бу асал жуда хушбўй, шифобахш бўлиб, мазали таъмга ҳам эга. Ушбу дарахт кўп миқдорда асал нектарига эга. Ҳисоб-китобларга қараганда, асаларилар битта лола дарахтидан 1 килограммдан ортиқ асал тўплайди.

Кези келганда мазкур дарахтга хос бўлган яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни жалб қилмоқчимиз. Лола дарахти ўсган хиёбонларда сайр қилиш киши кўнглига -хотиржамлик ва осойишталик бағишлайди, асаб тизимини тинчлантиради, руҳиятини кўтаради. Узоқ умр кўрадиган ва кўпдан-кўп шифобахш ҳамда фойдали хусусиятларга эга бўлган бу ноёб дарахт бизнинг иқлим шароитимизга мослашган. Боғбон ва миришкорларимиз томонидан унинг кўчатини кўпайтириш технологияси муваффақиятли ўзлаштирилган.

Ер юзида ҳаёт мавжудлигининг асосий омил ва таянчи бўлган дарахтлар ҳаёт тимсоли, деб таърифланиши, албатта, бежиз эмас. Дарҳақиқат, мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бир гектар дарахтзор ҳавога 600 килограмм кислород тарқатади.

— Кейинги йилларда экилаётган манзарали лола дарахтлари шаҳримиз кўркига кўрк қўшмоқда, — дейди Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бўлим мудири -Ботир Ортиқхўжаев. — Лола дарахти тик ва баланд ўсиши билан ажралиб туради. Бу дарахт ўрта ҳисобда 400 — 500 йил умр кўради. Апрель-май ойларида гуллайди. Гуллари лола шаклида бўлади. Ўзидан ҳамиша хушбўй ҳид таратади. Бундан етти йил муқаддам, яъни 2009 йилдан бошлаб бу дарахт шаҳримиз хиёбонлари ва боғларига экилмоқда. Унинг кўчатларини кўпайтириш пойтахтимиздаги Ботаника боғи, Ўрмон хўжалиги, Манзарали боғдорчилик ва гулчилик давлат хўжалиги, шунингдек, кўчат етиштиришга ихтисослаштирилган хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилмоқда. 3-4 йиллик парваришдан сўнг кўчатларнинг бўйи 1,8-2 метрга етгач, улар белгиланган жойларга ўтқазилади. Айни пайтда Мустақиллик майдони, “Ўзбекистон” -халқаро анжуманлар саройи, “Туркистон” саройининг олдидаги майдонлар, Хадра майдони, Анҳор бўйларида, Ўзбекистон, Фурқат, Абай, Нукус, Абдулла Қодирий, -Навоий кўчаларида кўкка бўй чўзиб турган лола дарахтлари ўз таровати билан ҳамшаҳарларимиз ва пойтахтимиз меҳмонларининг баҳридилини очмоқда. Яқинда Ўзбе-кистон, Фурқат, Абай кўчалари ёқасига яна қарийб беш юзта лола дарахти экилди. Бу ниҳоллар шаҳримиз иқлимига мослашиб, баравж ривожланмоқда.

Маълумки, манзарали дарахтларнинг нафақат кўрки, балки инсон саломатлиги учун фойдали экани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис шаҳримизда лола дарахти ва бошқа манзарали дарахтларни кўпайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Айниқса, катта йўлларнинг четларидаги яшил ҳудуд ва дарахтзорлар кейинги вақтда тобора кўпайиб бораётган транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газларни тутиб, ҳавони тозалашда санитарлик вазифасини ўтамоқда. Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида ўтган йилнинг ўзида ҳавога чиқарилаётган зарарли газ ва моддалар миқдори қарийб 9 минг тонна камайган. Бу, ҳеч шубҳасиз, ана шундай саъй-ҳаракатларнинг натижасидир.

Бугун яшил либосга бурканган боғ ва хиёбонлар, кўчаю майдонларда ён-атрофга тароват бағишлаб турган лола дарахтлари мустақил Ватанимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг кўркига кўрк қўшмоқда. Улар пойтахт аҳлига ҳар томонлама маъқул келди, -янгиланаётган, тобора гўзал ҳамда фаровон бўлиб бораётган янгича ҳаётимизга узукка кўз қўйгандек ярашиб тушди, десак, кўпчилик бу фикрга қўшилади, деб ўйлаймиз.

Ўзбекистон — қадим-қадимдан лолалар диёри ҳисобланади. Ҳозирги кунда нафақат тоғ ва адирларимизда, балки кунсайин замонавий қиёфа касб этаётган шаҳар ҳамда қишлоқларимизда ҳам вафо ва садоқат, латофат ҳамда нафосат тимсоли бўлган бу ажойиб гулнинг кўплаб турлари гуркураб ўсаётганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, беқиёс табиатга эга бўлган жонажон юртимизда лола дарахтининг кўпайтирилаётгани Ватанимизнинг янада обод бўлиб бораётганидан далолат беради. Шуни мамнуният билан қайд этиш жоизки, табиатнинг ноёб мўъжизаси бўлмиш лола дарахти халқимизнинг саломатлиги, юртимизнинг гўзаллиги, атроф-муҳитнинг мусаффолиги, хусусан, одамларимизнинг умри узайиши учун беминнат хизмат қилмоқда.

Рустамжон АЛЛАБЕРДИЕВ,

биология фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Маънавият сарчашмаси Оппоқ кулчалар »