Маънавият сарчашмаси
  • 31 Май 2016

Маънавият сарчашмаси

Самарқандда “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида “Китоб байрами” ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда адиблар, ноширлар, талабалар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари қатнашди.

Унда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, эртамиз эгаларини Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда китобнинг ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилаётганини эътироф этишди. Бу борада анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Китоб байрами” тадбири алоҳида ўрин тутмоқда.

Тадбирда республикамиздаги нашриётлар томонидан кейинги йилларда чоп қилинган мумтоз ва энг сара бадиий адабиётлар, энциклопедик луғат ҳамда маълумотномалар, болалар асарлари намойишлари уюштирилди. Самарқанд давлат университетида эса ушбу тантанага бағишлаб илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Шу билан бирга, янги нашрлар тақдимоти, адиб ва ноширлар билан учрашувлар, ёш ижодкорлар ўртасида шеърхонлик кечалари ўтказилди. Шаҳар марказида “Самарқанд китоб олами” мажмуасининг тантанали очилганлиги иштирокчиларни янада хушнуд қилди.

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 апрелдаги “2010 — 2015 йилларда болалар ва ўсмирларни маънавий камол топтиришга йўналтирилган ноширлик маҳсулотларини нашр этиш дастури тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим омил бўлаётир, — дейди “Самарқанд китоб олами” мажмуаси раҳбари Асатулло Шукуров. — Мажмуамизда Президентимиз асарлари, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, илмий-оммабоп адабиётлар, болалар адабиёти, дарсликлар каби ўнга яқин бўлим мавжуд. Виртуал китоблар марказидаги компьютерлар интернетга уланган бўлиб, мамлакатимиз ва хориждаги етакчи кутубхоналар билан алоқа -ўрнатилган.

Бу ерда асарларнинг электрон вариантидан ҳам фойдаланиш мумкин. Болалар залидаги эртак ҳамда бадиий асарлар ранг-баранг ва қизиқарлилиги билан ажралиб туради. Шунингдек, кўзи ожизлар учун брайл ёзувидаги китоблар бор. Мажмуада ёш оилалар, ота-оналар учун ҳам ўзига хос қулайликлар яратилган. Турли ўйинчоғу қўғирчоқлар ўрин олган махсус бурчак болажонлар ихтиёрида.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаев сўзга чиқди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn