Навоий ижоди ва ёшлар маънавияти
  • 28 Май 2016

Навоий ижоди ва ёшлар маънавияти

Пойтахтимизда “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзуида республика биринчи илмий-назарий анжумани бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Қаҳрамони С. ўаниева, филология фанлари доктори, профессор Ш. Сирожиддинов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони жамият ҳаётида улкан ижтимоий воқелик бўлганини таъкидлади.

Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, ўзбек адабий тили, айниқса, XIV — XV асрларда — Амир Темур ва темурийлар даврида ривожланишнинг янги, юксак босқичига кўтарилди. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга ёйди.

Айтиш жоизки, истиқлол йилларида мамлакатимизда улуғ алломаларимизнинг маънавий меросини ўрганиш, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунинг баробарида, ўзбек тили ва адабиётининг халқимиз, жамиятимиз маънавий ривожида, замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрни ҳамда роли билан боғлиқ долзарб мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар олиб борилаяпти. Бир қатор луғат ва қомуслар, рисола ҳамда дарсликлар нашр этилаётир. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассислар, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш масалаларига аҳамият берилмоқда.

Айни пайтда она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ҳам бугунги кунда муҳим вазифалардан биридир.

Анжуманда “Алишер Навоий энциклопедияси”ни яратиш тамойиллари”, “Алишер Навоий адабиётни қандай даврлаштирган?”, “Навоий асарлари номлари хусусида баъзи мулоҳазалар”, “Алишер Навоий ижодида таълим-тарбия масалалари” мавзуларида маърузалар тингланди.

Дилмурод СОДИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn