Китоб — мўъжиза, мутолаа — ҳайрат
  • 27 Май 2016

Китоб — мўъжиза, мутолаа — ҳайрат

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбига Ватанга муҳаббат, қадриятларга чуқур эҳтиром туйғусини сингдиришга юксак эътибор қаратилмоқда.

Зеро, ёшлар келажагимиз, эртанги кунимизнинг суянчи ва таянчидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури туфайли бугун юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам қад ростлаган муҳташам ўқув масканлари, улардаги замонавий технологиялар ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз камолотида қанчалик муҳим ўрин эгалласа, китобга дўст бўлиш, мутолаага ошно тутиниш ҳам шу қадар аҳамиятлидир. Бинобарин, ҳеч бир даврда китобнинг мавқеи йўқолмайди, аксинча, ортиб бораверади.

Тарихий манбалардан маълумки, Абу Али ибн Сино ўн беш ёшидаёқ довруқ қозонган, Амир Темур саркарда сифатида танилганда ҳали ўттизга ҳам кирмаган эди. Мирзо Улуғбек ўз даврининг етук олими сифатида обрў-эътиборга эришганида ўн беш ёшда бўлса, шоирлар султони Алишер Навоий Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини дилига жойлаганида атиги олти-етти ёшларда бўлган.

Улуғ бобокалонларимизнинг таржимаи ҳолига оид бундай ҳайратомуз хислатлар ҳар биримизга ифтихор бахш этиши, шубҳасиз. Табиийки, уларнинг бу даражага эришишида илму маърифат, китобга бўлган муҳаббати беқиёс роль ўйнаган.

Шундай экан, фарзандларимизнинг буюк алломаларимизга муносиб ворислар бўлиб улғайишлари ҳар биримиз, хусусан, биз, ноширлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, мустақиллик туфайли бошқа нашриётлар қатори “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси учун ҳам беқиёс имкониятлар яратилди. Қолаверса, бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Аҳолининг тезкор ва ҳаққоний ахборотга бўлган талабини қондириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, умуман, жамият тараққиётини жадаллаштиришда мазкур соҳанинг ўрни ниҳоятда муҳим.

Оммавий ахборот воситаларининг ҳаётимизга чуқур кириб бораётгани фуқаролик жамиятининг муҳим шарти ҳисобланган нодавлат ахборот тармоқларининг изчил шакллантирилаётганида, анъанавий маълумот тарқатиш манбалари қаторида интернетнинг жадал суръатлар билан ривожланаётганида ҳам яққол намоён бўлаётир. Шу боис мамлакатимизда кейинги йилларда матбуот, ОАВ, нашриёт ҳамда матбаа корхоналари фаолияти равнақига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жумладан, ноширлик ташкилотларига жорий қилинган солиқ имтиёзлари ва енгилликлар, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бунга мамлакатимизнинг энг йирик матбаа корхоналаридан бири — “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйининг фаолияти яққол мисол бўла олади.

Ҳозирги кунда бу ерда 700 нафардан зиёд малакали мутахассис ҳамда ишчилар меҳнат қилаётган бўлса, улар томонидан 60 дан ортиқ газета-журналлар, йилига 12 миллиондан зиёд мактаб дарсликлари ва 50 миллион донадан ортиқ ўқув дафтарлари, турли кўринишдаги қоғоз маҳсулотлари чоп этилаётир. Матбаачилик корхонаси фаолиятини кенгайтиришда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда. Негаки, ушбу ҳужжатда асосий саноат тармоқларини диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, модернизациялаш, техник ҳамда технологик янгилаш орқали меҳнат самарадорлигини таъминлаш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгиландики, уларнинг ижроси ўз самарасини бераяпти.

Дарҳақиқат, бугунги тараққиёт даври ҳар бир соҳада изланиш ва янгиланишни тақозо этмоқда. Нашриёт-матбаа ижодий уйида ижтимоий-иқтисодий ҳамда оммавий-сиёсий адабиётлар, ўқув адабиётлари, тасвирий босма маҳсулотлар, буюртма ва тижорат адабиётлари, хорижий тилларда китоблар, дарсликлар чоп этиш билан шуғулланувчи таҳририят бўлими фаолият кўрсатмоқда.

Ижодий жамоамиз мустақил республикамизнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларда олиб бораётган сиёсатини тарғиб қилувчи, унинг ички ҳамда ташқи сиёсатини, миллий истиқлол мафкураси моҳиятини оммага етказувчи китоблару рисолаларни чоп этмоқда. Улар орасида ўзбек, инглиз, рус тилларида қайта-қайта нашр қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси”, “Ўзбекистон Республикаси: қонун ва фармонлар”, “Ўзбекистон Республикаси: фармон ва қарорлар” тўпламлари, “Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳалари” китоблари бор.

Юртбошимизнинг 23 жилддан иборат танланган асарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг қўшма мажлиси ва сессияларда, чет эл сафарларида, халқаро анжуманларда, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида сўзлаган нутқлари ҳамда суҳбатлари ўрин олган “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли”, “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат”, “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”, “Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари” сингари рисолалари, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” деб номланган асарларининг нашр этилиши ўқувчилар, кенг жамоатчилик, халқимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса, кейинги йилларда чоп қилинган китоблар орасида “Эътироф”, “Ўзбекистон юксалиш йўлида”, “Она азиз, фарзанд мўътабар”, “Ўзбекистон — жаннатмакон юрт” сингари рангли альбомлар ва тўпламлар, юртимизнинг тараққиёт сари қутлуғ одимларини ёритувчи, халқимизнинг маданий-маърифий, илмий меросини тарғиб қилувчи бадиий ҳамда публицистик асарлар мавжуд. Шунингдек, китобхонлар соғинган “Минг бир кеча” эртакларининг саккиз жилди улар қўлига тегди.

Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш мақсадида “Ўзбекистон” НМИУ томонидан умумий қиймати 5,8 миллион АҚШ долларилик матбаа ускуналари харид қилинди. Ушбу ускуналар фойдаланишга топширилиши натижасида 115 та иш ўрни ташкил этилди.

Хусусан, 2011 йилда қиймати 422 минг АҚШ долларилик “LineOMatic” (Ҳиндистон) тўлиқ автоматлаштирилган дафтар линияси харид қилинди. Ҳозирги кунда унинг йиллик қувватидан тўла-тўкис фойдаланиб, 50 миллион донадан ортиқ ўқув дафтарлари тайёрланмоқда. 2012 йилда эса муқовалаш ҳамда қатъий ҳисобдаги ҳужжатларни чоп этиш цехларининг ишлаб чиқариш воситалари паркини мустаҳкамлаш мақсадида 333,2 минг АҚШ долларилик “Perfecta Trim Star 80” (Германия) русумли уч томонлама кесиш -ускунаси ва 30,9 минг АҚШ долларилик “Morgana FSN” (Англия) рақамлаш ускуналари ўрнатилди.

2016 йилда 40 та янги иш ўрни ташкил қилиниб, дастурда кўзда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида корхона томонидан қиймати 

577,1 минг АҚШ долларилик “CityLine Express” (Ҳиндистон) русумли рулонли офсет усулида чоп этиш машинасини харид қилиш ва ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, корхонамиз жамоаси ёш кадрларни ишга жалб этиш бўйича ҳам ўзига хос тажрибага эга. Бу борада Чилонзор ва Тошкент матбаа касб-ҳунар коллежлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, ушбу таълим даргоҳларида таҳсил олаётган ўқувчиларга амалиёт ўташлари учун барча шарт-шароит яратиб берилган.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришдек эзгу мақсад йўлида астойдил меҳнат қилаяпти. Хусусан, унинг таркибидаги “Тонг юлдузи”, “Гулхан”, “ўунча” сингари газета-журналлар болажонларнинг севимли нашрларидир.

Бундай ютуқ ҳамда муваффақиятларнинг барчаси юртимизда ноширлик соҳасига давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик самарасидир. Илгари пайтларда Ўзбекистонда саноқли нашриёт фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир уларнинг сони ошиб, сифати ҳам кескин ўзгарган. Бунинг натижасида китобхонлар қўлига етиб бораётган маҳсулотларимиз замон талабларига тўла жавоб беради, дейиш мумкин. Айтайлик, биргина болажонларимиз ҳар куни фойдаланадиган дафтар ёки китобларни қўлга олсак, уларнинг дизайни, муқоваси ва сифати юқорилигига амин бўласиз. Тоза ҳамда сифатли дафтар эса ўқувчининг қалби, руҳиятига таъсир ўтказиб, унинг билим олишга бўлган интилишини янада кучайтиради.

Беихтиёр савол туғилади: агар мустақиллик, тинчлик бўлмаганида, биз шундай имкониятларга эга бўлармидик? Йўқ, албатта. Ахир, бугун дунёнинг айрим давлатларида рўй бераётган низолар, маънавий тубанликларнинг авж олиши қалби уйғоқ ҳар қандай одамни огоҳ бўлишга ундайди. Бу ҳақда Президентимизнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласидаги ушбу фикрлар алоҳида диққатга молик: “Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятни эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Яъни, ёзувчи “Эй, одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган юксак номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?” деган саволларни китобхон олдида, жамият олдида қатъий қилиб қўя олсагина, ўйлайманки, ўзининг инсоний ва ижодий бурчини бажарган бўлади”.

Ҳар биримизни мушоҳадага ундовчи бундай қанотбахш сўзлар кеча ўафур ўулом номидаги маданият ва истироҳат боғида бошланиб, бутун юртимиз узра қулоч ёзаётган -“Китоб байрами” тантаналарида ҳам такрор ва такрор тилга олиниб, нафақат адибларимиз, балки ҳар бир соҳа вакили, айниқса, биз, ноширлар фаолиятида -дастуриламал бўлиши зарурлиги таъкидланаяпти. Зеро, шаклидан қатъи назар, барча китоб миллий ўзлигимиз ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилиши айни муддаодир.

Зоир ИСАЖОНОВ,

«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn