Нафосат ва бетакрор дизайн
  • 27 Май 2016

Нафосат ва бетакрор дизайн

пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида очилган “Beauty Expo Uzbekistan — 2016” ихтисослаштирилган гўзаллик саноати халқаро кўргазмасида яққол намоён бўлмоқда

Мазкур кўргазмани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад соҳадаги ютуқларни кенг намойиш этиш, табиий маҳсулотлар асосида яратилган пардоз ашёларини кўпайтириш, соҳа мутахассисларининг тажриба алмашишлари, хориж компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатишлари учун қулай имконият яратишдан иборатдир.

“Expo position” масъулияти чекланган жамияти томонидан уюштирилган ушбу тадбирда мамлакатимиз ҳамда Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Италия, Испания, Франция, Чехия, Польша каби давлатлардан юздан зиёд компания ва фирмалар ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.

Кўргазмада гигиеник воситалар, маиший кимё, биологик фаол моддалар, фармацевтик препаратлар, шифобахш шарбатлар, турли косметика ҳамда атторлик маҳсулотлари, -замонавий либослар, заргарлик буюмлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари учун ускуналар намойиш қилинаётир.

Соҳада эришилаётган ютуқлар, айниқса, гўзаллик саноатидаги муваффақиятлар кўргазма павильонларига қўйилган маҳсулотларда ўз ифодасини топган. Масалан, уч йиллик тажрибага эга бўлган “Orion” компанияси қисқа даврда саломатлик ҳамда гўзаллик саноатида ўз ўрнини топди. Мазкур компания томонидан ишлаб чиқарилаётган экологик тоза шампунь, мойупа, совун, шунингдек, озиқ-овқат учун шифобахш биоқўшимчалар аллақачон харидорлар эътиборини қозонган.

— Ҳозирги кунга келиб, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз тури 110 тага етган, — дейди Паркент туманидаги Намданак қишлоғида жойлашган “Zamona Rano” фирмаси минтақавий менежери Раъно Одилхонова. — Жумладан, “Табиат сирлари” туркумидаги фиточойлар янги маҳсулот бўлиб, бир қатор хасталикларни самарали даволашда қўл келади. Ташриф буюрганларга бу борада батафсил маълумот тақдим этаяпмиз.

Юртимизда уюштириладиган ҳеч бир анжуман, кўргазма-ярмарка ўзбек миллий либослари иштирокисиз ўтмайди. “Шарқ либослари” дизайн маркази ҳам бу галги танловга миллий матолар — адрас, атлас, беқасам, бўз ҳамда бошқа матолардан миллийлик ва замонавийлик уйғунлигида тикилган либослар тўпламини иштирокчилар ҳукмига ҳавола қилган.

Уч кун давом этадиган тадбир доирасида косметолог ҳамда сартарошлар учун маҳорат машғулотлари ва семинарлар ташкил қилинди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn