Анъаналар эъзози
  • 20 Май 2016

Анъаналар эъзози

Халқимизнинг қалб қўридан яралган зебу зийнатлар, бири-биридан бежирим уй-рўзғор буюмлари, энг нозик дидли инсонларни ҳам ҳайратга соладиган сопол ҳамда чинни идишлар, ипак матолар, асрлар ўтса-да, ўз кўрки, таровати, қадр-қимматини йўқотмайди. Негаки, буларнинг барчаси умрбоқий анъаналаримизнинг узвий давомидир.

Шу боис ҳозирги кунда мазкур ноёб меросни асраб-авайлаш, моҳир усталар яратган мактабларни такомиллаштириш мақсадида миллий ҳунармандчилик ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, устаю устазодалар фаолиятининг янада кенгайишига имкон яратаётир. Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони бунда жуда муҳим аҳамиятга эга. Пойтахтимиздаги Маданият ва санъат кўргазмасида бўлиб ўтган тадбирда ҳам шулар алоҳида таъкидланди.

Айтиш жоизки, қўлда ясалган буюмлар кўргазма-савдосига бағишланган мазкур анжуман ҳунармандлар фаолиятини янада рағбатлантиришга хизмат қилади.

— Кўргазма тайёрлаётган маҳсулотларимизга ишончли харидор топишга кўмаклашаяпти, — дейди нуроталик каштадўз Гулнора Ўролова. — Очиғи, шогирдларим ёрдамида яратилган совғабоп буюмларимиз — сумкачаю ҳамёнчаларимиздан ҳайратланганлар орасида, айниқса, хорижликларни кўриб, ғурурланиб кетамиз. Кўргазма сабаб ҳунар ортидан нафақат умрбоқий анъаналаримиз бардавом-лиги, балки моддий манфаатдорликка ҳам эришаяпмиз.

Таъкидлаш керакки, юртимизда аёлни улуғлаш, унинг жамиятдаги нуфузини ошириш борасида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар нозик хилқат вакилларининг истеъдодлари юзага чиқиши учун имкониятлар эшигини кенг очди. Тадбиркорларга имтиёзли шартларда кредитлар берилаётгани ҳам бу борада муҳим омил бўлмоқда.

— Аёлларимиз фарзанд тарбияси билан шуғулланиш баробарида, иқтисодиётимиз тараққиётига, илм-фан ривожига ҳисса қўшиш орқали ўз иқтидорларини намойиш этишмоқда, — дейди тадбир иштирокчиларидан бири, Самарқанд шаҳрилик миллий либослар устаси Умида Фозилова. — Шу жиҳатдан олиб қаралганда, кўргазма-савдо хотин-қизларнинг мазкур йўналишлардаги муваффақиятларини кўрсатиш билан бирга, тажриба орттиришларида катта роль ўйнаяпти.

Кўргазмага қўйилган Марғилоннинг камалак нусха атласу адраслари, беқасам, бахмал, Хоразмнинг ёйма усулида тикилган ва қавилган чопонлари, нимчалар, Бухоро зардўзлик буюмлари, уста-кулол Марат Ҳодиев қўлида сайқал топган сопол қўғирчоғу ўйинчоқлар, заргарлик ҳамда атторлик маҳсулотлари... Буларнинг барчаси инсондан катта истеъдод, изланувчанлик ва сабрли меҳнатни талаб этади. Ўз-ўзидан аёнки, бундай кўргазма-савдо, ярмаркалар қатор хорижий давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, миллий ҳунармандчилик буюмларимизни жаҳонга кўз-кўз этиш имконини бераётир.

Кўргазма-савдода 70 нафар ҳунарманд, бадиий безак усталари ўз маҳсулотлари билан қатнашди. Тадбир доирасида ёшлар учун маҳорат сабоқлари ўтказилди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn