Китоб мутолааси маънавий камолотнинг муҳим шартидир
  • 19 Май 2016

Китоб мутолааси маънавий камолотнинг муҳим шартидир

Бугун бирор соҳа ривожини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиш мушкул. Хусусан, мамлакатимизда кутубхона тизимининг компьютерлаштирилиши юртдошларимизнинг керакли адабиётлар билан танишиш, қулай ва тезкор ахборот олиш имкониятларини янада кенгайтирди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ва давлатимиз раҳбари томонидан 

2011 йил 23 февралда имзоланган “2011 — 2015 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари негизида ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс хизматлари кўрсатишни сифат жиҳатидан ривожлантиришни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бу борадаги ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқди. Натижада зиё масканлари янги нашр қилинган адабиётлар билан бойитилиб, соҳага замонавий технологияларнинг жадал кириб бориши, хусусан, компьютер ёрдамида уларнинг электрон нусхаларини яратиш, масофадан туриб ўқитиш сингари тезкор фаолият турлари жорий этилди.

Навоий вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли ахборот-ресурс марказида ҳам ана шундай қулайликлар муҳайё қилинган. Бу ерда 

30 мингдан зиёд китоб жамғармаси мавжуд бўлиб, шундан 3180 таси электрон адабиётлар сирасига киради. Қолаверса, 4600 та дарсликнинг электрон нусхаси ҳам яратилган. Бу эса муассасамиз хизматидан фойдаланувчилар сони йилдан-йилга кўпайишида ҳал қилувчи омил бўлаётир. Биргина 2016 йилнинг ўтган даврида АРМга 40 минг нафардан ортиқ китобхон ташриф буюргани сўзимиз тасдиғидир.

Албатта, марказда иш жараёни автоматлаштирилгани ўз самарасини бермоқда. Бинобарин, электрон каталог ҳамда тўлиқ матнли электрон ресурслар базаси яратилаяпти. “Кадата” деб номланувчи мазкур тизимдан интернет орқали, масофадан туриб фойдаланиш мумкин. Шунингдек, муассасамизга келтирилаётган янги китоблар ва ретрофондлар электрон каталогга босқичма-босқич киритилаётир.

Марказнинг Ахборот-библиография ва ахборот-ўлкашунослик бўлимидан вилоятимиз тарихини акс эттирувчи махсус бўлма жой олган. Бу ерда “Ўз ўлкангни ўрган”, “Вилоятимиз қаламкашлари”, “Вилоятимиз бойликлари” мавзуидаги кўргазмалар мавжуд. Тарихий обидалар макетлари, ноёб ёдгорликлар ҳам ташриф буюрувчиларни бефарқ қолдирмайди.

Маълумки, юртимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг негизида инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, айниқса, ёш авлодни мустақил, теран фикрлайдиган, баркамол инсонлар қилиб вояга етказишдек эзгу мақсадлар мужассам. Бу борадаги хайрли ишлар рўёби эса китоб мутолааси билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, уларда илм-маърифат, донишмандлик, ақл-заковат, баркамолликка эришиш сирлари яширин. Шу маънода, бугун китоб ўқимайдиган, газета-журналларда эълон қилинаётган янгиликлар билан мунтазам танишиб бормайдиган одамлар замондан ортда қолиб, жамиятимиздаги соғлом рақобат муҳитига дош беролмайдилар. Бинобарин, эртамиз эгаларини билимли, Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний ғояларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш учун бор куч-ғайратимизни ишга солиб, фаолиятимизни такомиллаштириб бориш пайидан бўлаяпмиз. Бунинг учун эса имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли.

Ойдин РАҲМОНОВ,

Навоий вилояти халқ таълими бошқармасига

қарашли Ахборот-ресурс маркази директори.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Боқий қадрият, бебаҳо мерос «Ойқиз эртаги» »