Боқий қадрият, бебаҳо мерос
  • 18 Май 2016

Боқий қадрият, бебаҳо мерос

Бугунги кунда музейлар давлатимизнинг ўзига хос тимсолига айланиб, бой тарихимиз, аждодларимизнинг бебаҳо меросидан ҳикоя қилувчи маскан, маърифат ўчоғи сифатида жамият ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, аҳоли, айниқса, ёшларни мустақиллик, тинчликни қадрлайдиган, келажакка ишонч билан қарайдиган, фидойи, ватанпарвар этиб тарбиялашда алоҳида аҳамиятга эгадир.

Шу боис мамлакатимизда музейлар ишини ташкил қилишга жиддий эътибор қаратилаяпти. Улар орқали халқимизнинг бой тарихини, истиқлол одимларини акс эттирувчи ноёб, нодир экспонатларни авайлаб-асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилишнинг мустаҳкам тизими яратилди. Бу йилларда юртимиздаги асосий музейлар фаолияти сақлаб қолиниши билан бир қаторда, Темурийлар тарихи Давлат музейи, Олимпия шон-шуҳрати музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси, Қуролли Кучлар давлат музейи, Камолиддин Беҳзод номидаги Мемориал боғ-музей, Алоқа тарихи, Термиз Археология, Маъмун академияси тарихи, Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек музейлари барпо этилди. Нукус шаҳрида жойлашган И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат музейи учун эса янги бино қуриб берилди.

Бугун Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга тегишли бўлган тарихий обидаларни ўрганиш, тадқиқ қилиш юртимиз олимларининг эзгу мақсадига айланган. Айрим фанларни ўрганиш бўйича дарслар музейларда ташкил этилаётгани ҳам ушбу соҳага қаратилаётган эътибор натижасидир. Яъни ўқувчи музейлардаги маънавий меросни кўриб, ўрганиб, уни англаб олиши натижасида миллатимизга ёт бўлган қарашлар ва ғояларга қарши иммунитети ошади. Бундай машғулотлар маънавий бойликлар, санъатда акс этган юксак туйғулар, эстетик тамойиллар, пировард натижада комил инсон тарбияси учун замин яратади. Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳужжат асосида юртимиздаги барча давлат музейларига болалар ҳамда уларнинг ота-оналари учун ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари, аҳолининг бошқа тоифасига эса ҳар йили сентябрь ойида бўладиган “Музейлар ҳафталиги” доирасида бепул кириш тартиби жорий этилди. Бундай саъй-ҳаракатлар тарихий меросни халқимизга тўла етказиш, навқирон авлод қалбида миллий ғурур туйғусини камол топтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Музейларимизда замонавий ахборот технологияларининг татбиқ этилиши ташриф буюрувчиларга қатор қулайликлар яратмоқда. Ўз навбатида, саёҳатчиларга юксак малакага эга, бир қатор хорижий тилларни пухта биладиган гидлар ҳамроҳлик қилаётгани уларга маъқул тушаяпти.

Бинобарин, ўтган давр мобайнида қўлга киритилган ютуқ ва натижаларимиз, мамлакатимизнинг салоҳияти ҳамда қудрати, унинг халқаро майдонда нуфузи тобора юксалиб бораётгани, туб ислоҳотларимизнинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли кенг қатламига музей экспозициялари орқали янада чуқурроқ очиб берилмоқда. Зеро, музейлар халқимиз тарихидан ҳикоя қилувчи, миллий мафкура ҳамда тафаккурни ривожлантирувчи, ёшларимизнинг урф-одат ва анъаналаримизга садоқат руҳида камол топишларига хизмат қилувчи маънавият масканларидир.

Дилшод ОСТОНОВ,

Республика «Ўзбекмузей» жамғармаси раиси вазифасини бажарувчи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn