Истеъдод, маҳорат, рағбат
  • 17 Май 2016

Истеъдод, маҳорат, рағбат

Санъат — кўнгил тарбиячиси. Шу сабаб уни севамиз, қадрлаймиз. Бугун давлатимизнинг мазкур соҳа ривожини таъминлашга қаратилган ислоҳотлари замирида ҳам, аввало, баркамол авлодни вояга етказиш мақсад-вазифаси мужассам.

Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди.

Бунинг самарасини Сурхондарёдаги 17 та ана шундай муассаса фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда улар замонавий жиҳозлар, зарур асбоб-ускуналар ҳамда тегишли дарсликлар билан таъминланган. Жажжи истеъдодларга малакали ва моҳир педагоглар санъат сирларини пухта ўргатмоқда.

Яқинда Денов туманида 14-болалар мусиқа ва санъат мактабининг фойдаланишга топширилган янги биноси ҳудуд ёшлари учун чинакам туҳфа бўлди. 

— Истиқлол шарофати билан орзуларимиз ушалаяпти, — дейди муассаса раҳбари Туробжон Хидиров. — Энг муҳими, осмонимиз мусаффо, турмушимиз фаровон. Келажагимиз эгалари учун муҳайё этилаётган имкониятларнинг эса қиёси йўқ. Муҳташам коллежу мактаблар, кенг ва ёруғ спорт иншоотлари, сўлим боғу хиёбонлар... Уларни санаб адоғига етолмайсиз. Мана, бизнинг болалар мусиқа ва санъат мактабимиз ҳам эски ихтисослаштирилган бинода жойлашган эди. Давлатимиз томонидан ажратилган 2 миллиард 632 миллион сўм эвазига бунёд этилган, икки қаватдан иборат янги иншоотда барча қулайлик яратилган. Бундан нафақат санъатсевар ўғил-қизлар, балки уларнинг ота-оналари ҳам мамнун.

Дарҳақиқат, бебаҳо мусиқий меросимиз намуналаридан баҳра олиб вояга етаётган фарзандларимиз орасидан келгусида миллий санъатимиз довруғини дунёга ёядиган истеъдод эгалари етишиб чиқишига шубҳа йўқ. Туманнинг Янги Ҳазорбоғ маҳалласида жойлашган ушбу мактабга қадам қўйган киши бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилади.

Ноёб гул ва дарахт кўчатлари муассаса ҳовлисига ўзгача файзу тароват бахш этган. Ўқувчилар томонидан ижро қилинаётган куй-қўшиқлар оҳанрабоси эса кўнгилларга хушкайфият улашади.

Бу ерда 229 нафар ўғил-қиз халқ чолғулари, анъанавий чолғулар, анъанавий хонандалик, эстрада, дамли ва зарбли асбоблар, фортепиано, амалий санъат, тасвирий санъат, театр, рақс сингари йўналишлар бўйича сабоқ олмоқда. 

— Педагогларимизнинг таълимга янгича ёндашуви яхши самара бераётир, — дейди мактабнинг маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари Жуманазар Абдиев. — Буни ўғил-қизларимиз республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган кўрик-танловларда юқори ўринларни эгаллаётганидан ҳам англаш мумкин. Хусусан, ўтган йили “Янги номлар” халқаро фестивалида ўқувчимиз Абдуҳаким Ҳамроев совриндор бўлди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилга бориб, Сурхондарё вилоятидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари сонини яна 11 тага кўпайтириш кўзда тутилган.

Нормурод ТЕМИРОВ,

Шомурот ШАРАПОВ (суратлар),

«Халқ сўзи» мухбирлари. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn