Тотувлик ва ҳамжиҳатлик намойиши
  • 17 Май 2016

Тотувлик ва ҳамжиҳатлик намойиши

Агар бирор миллат урф-одатлари билан яқиндан танишмоқчи бўлсангиз, аввало, уларнинг таомларидан татиб кўринг. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Қабуллар уйида ташкил этилган мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларининг маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивалида қатнашганлар ана шундай имкониятга эга бўлдилар. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Д. Ҳакимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов томонидан юртимизда тинчлик, миллат-лараро тотувлик, давлатлараро дўстона алоқалар ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги  ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга юксак эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Шубҳасиз, мазкур фестиваль ҳам турфа қадриятлар ва удумларни эъзозлаш, уларнинг бардавомлигини таъминлаш борасида катта роль ўйнамоқда. Энг асосийси, бундай эзгу анъана бугунги глобаллашув жараёнида жуда муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш жоизки, турфа таомлар, ичимликлар, либослар, буюмлар, ҳунармандчилик маҳсулотларини ўзида уйғун этган ушбу маросим 2000 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётир. Тадбир турли халқларнинг ўзига хос жиҳатларини намойиш қилиши баробарида, республикамизда фаолият юритаётган дипломатларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларида ҳам алоҳида ўрин тутаяпти.

Бу галги анжуманда Хитой, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Швейцария, Польша, Болгария, Словакия, Чехия, Латвия, Россия, Япония, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Миср, Ўмон, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Туркманистон, Малайзия, Индонезия, Жазоир, Кувайт, Иордания, Вьетнам, Қозоғистон, Афғонистон каби давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

— Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил равнақ топаяпти, — дейди Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг. — Хусусан, икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда Тошкент ва Берлин, Самарқанд ҳамда Бремен, Бухоро ва Бонн шаҳарлари ўртасидаги алоқалар муҳим ўрин тутмоқда.

Фестивалда иштирокчилар француз фуа-граси, камамбер пишлоқлари, япон қуймоғи, сушиси, ҳинд ладдуси ва гажар-ҳолваси, итальян кантучини печеньеси ҳамда желато музқаймоғи, хитойча чучвара, гуручли кулчалар каби таомлардан татиб кўришди. Турли халқларга хос миллий либослар, рақсларни томоша қилиб, куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлдилар.

С. ҚОСИМЖОНОВ. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn