...Ажаб сеҳри бор
  • 14 Май 2016

...Ажаб сеҳри бор

Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10 — 12 фоизни ташкил этмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир.

Бешинчи  синфда ўқиётган чоғимда мактабимиздаги мусиқа тўгарагига қатнай бошладим. Орадан кўп ўтмай, онам чиройли дутор совға қилдилар. Бу туҳфадан кўнглим тоғдек ўсди, санъатга иштиёқим янада ортди.

Ижодга интилган киши борки, илҳомни табиатдан, одамларнинг самимиятидан олади.  Мени мусиқа оламига чорлаган ҳам она қишлоғим — Қизилтовнинг бетакрор манзаралари, қушларнинг чуғур-чуғурию анҳор сувининг шилдираши, ҳамқишлоқларимнинг меҳр-оқибати, десам, муболаға эмас. Дутор чертишни бирмунча ўзлаштириб олганимдан сўнг онам -Учқўрғон шаҳридаги 12-мусиқа ва санъат мактабига олиб бордилар. Миллий чолғу асбоблари фани муаллимлари -Шоҳсанам Турғунбоева ва Одина Абророва тинглаш қобилиятимни синовдан ўтказишгач, мактабга қабул қилиндим. -Устозларим сабоғи, бу ерда яратилган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, тез орада мумтоз куйларни  чалишни  ўрганиб олдим. 

Санъат ихлосмандини саҳна тарбиялайди, дейишади. Кўп ўтмай, турли танлов ҳамда маданий тадбирларда қатнаша бошладим. Айниқса, “Янги авлод”, “Камалак юлдузлари” танловларининг туман, вилоят босқичлари дастлабки муваффақиятларимга сабаб бўлди. “Дутор ифори”, “Қуш тили”, “Тановар” сингари мумтоз куйларни ижро этишим барчага манзур тушиб, совриндор бўлдим. Жорий йилнинг март ойида эса биринчи бор “Золотое кольцо” халқаро болалар фестивалида қатнашиб, учинчи даражали диплом билан тақдирландим. Унда ижро қилган “Попурри”, “Калинка”, “Қўштор” куйларим ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди ва мени танловнинг тақдирлаш маросимидаги гала-концертда иштирок этишга таклиф қилишди. 

Муваффақиятларимни айтишдан мақсадим, асло мақтаниш эмас. Бу ютуқлар, аввало, давлатимиз раҳбарининг биз, ёшларни ўз фарзандларидай суйиб эркалашлари, беқиёс ғамхўрликлари туфайли эканлигини таъкидлашдир. Зеро, неки орзу-умидлар қилсак, уларнинг амалга ошиши учун юртимизда барча шарт-шароит муҳайё. Эътиборли жиҳати, ҳар биримизнинг эртанги кунимиз, бахту саодатимиз пойдевори  болалик чоғимиздан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондек  бетакрор мамлакатда туғилганим, беқиёс ғамхўрликлар қуршовида ўсиб-улғаяётганимдан беҳад мамнунман.

Гуландом ЭРКИНОВА,

  Норин туманидаги 

21-умумтаълим мактабининг 

8-синф ўқувчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ҳаёт чашмаси «Лойдан яратилган мўъжизалар» »