Ҳаёт чашмаси
  • 14 Май 2016

Ҳаёт чашмаси

Маҳалламизда эрта тонгдан ҳаёт қайнайди. Катталар ишга, кичиклар ўқишга, жажжилар эса боғчага отланишган.  Ҳамманинг чеҳраси очиқ,  янги кунга иштиёқ уфуриб турибди. Одамларнинг бахтиёрлиги,  энг аввало, юртимиздаги осойишталик, унинг замиридаги яратувчанлик, келажакка бўлган иштиёқ меваси эканлигини яна бир карра ҳис қилган ҳолда, хизмат вазифамни давом эттираман.

Юртимиз аҳли, мана, йигирма беш  йилдирки, эзгу ниятлар оғушида яшаб, буюк келажак сари дадил одимлаяпти. Шаҳар ва қишлоқларимиз кун сайин чирой очаётганини айтмайсизми?! Ҳар бир киши ўз гўшасини янада обод қилиш ҳаракатида. Масалан, мен ишлаётган Елхон қишлоғини олайлик. Кейинги пайтларда унинг қиёфаси жуда-жуда ўзгариб кетди. Намунавий  лойиҳалар асосида қад ростлаган тураржой бинолари,  кўркам мактаб, қишлоқ врачлик пункти, бошқа зарур инфратузилма иншоотлари уни замонавий масканга айлантирган. Бу ерда ҳамма ўз ишини сидқидилдан бажаради. Жумладан, биз ҳам ҳамкасбларимиз билан ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, маҳалладошлар осойишталигини таъминлаш бўйича зиммамизга юкланган вазифаларни астойдил уддалаб келаяпмиз.  Маҳалла фуқаролар йиғини, фаоллар билан ҳамкорликда оилалар тотувлиги, вояга етмаган ёшлар билан ишлаш, йигит-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли тадбирларимиз натижасида кейинги пайтларда жиноятчиликка умуман йўл қўйилмади. 

Бугунги кунда Елхондаги 405 хонадонда  1792  киши истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти ўз меҳнати ва интилишлари билан хонадонида файзли турмуш муҳитини яратган. Оилаларда ҳукм сураётган бахтиёрликдан  эса бутун маҳалла масрур. Ҳудуд аҳлининг ҳар бир куни тинчлик-хотиржамликда кечиши, кўзлаган мақсад ва режалари ижобатини топишига мен ҳам, оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимдан кўнглимда ажиб бир қониқиш туяман.

Ҳурматилла АБДУРАҲМОНОВ,      

Тўрақўрғон туманидаги 9-сонли милиция 

таянч пункти участка профилактика инспектори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мумтоз санъатимиз довруғи ...Ажаб сеҳри бор »