Аждодлар хотираси муқаддас
  • 12 Май 2016

Аждодлар хотираси муқаддас

Эзгулик йўлидаги саъй-ҳаракат ҳамиша қадрланади ва эъзозланади. Мамлакатимизда миллий қадрият даражасига кўтарилган кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек хайрли анъана юртимизда кенг нишонланган Хотира ва Қадрлаш кунида янада яққолроқ намоён бўлди.

Байрам муносабати билан Президентимиз пойтахтимиздаги Хотира майдонида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда бундан 17 йил олдин мамлакатимизда 9 май санасини Хотира ва Қадрлаш куни, деб эълон қилиб, ҳудудларда Хотира майдонлари барпо этилгани, хотира ва қадрлаш деган, бир-бирини тўлдирадиган тушунча айни шу номда ўзининг ёрқин ифодасини топганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда тинчлик ҳамда фаровонлик йўлида заҳмат чеккан инсонлар қадри баланд бўлган ва бундай меҳнат, айтиш жоизки, рағбат ҳамда эътибор топмоқда. У ҳам бўлса, халқимизнинг асрлар оша шаклланган фазилатларининг амалдаги ифодасидир. Зотан, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бизга тинчлик керак, омонлик керак.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг турли ҳарбий-сиёсий блок ва альянсларга қўшилмаслиги, ўзининг суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга экани, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги, мустақил, изчил ва фаол ташқи сиёсат олиб бориши ҳақидаги принциплар қонунчилигимизда мустаҳкамланган. Президентимиз бугунги мураккаб вазиятда ўзимиз учун энг маъқул ҳамда тўғри йўл шу эканини яна бир бор таъкидлади.

Бинобарин, бугун ён-атрофимизда, умуман, дунёда авж олаётган қарама-қаршиликлар, экстремизм, терроризм каби -иллатлар таҳдиди тобора кучайиб бораётган шароитда бир нарсани фахр ва ифтихор билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда тинч ҳамда осуда ҳаёт ҳукм сураяпти. Юртимизнинг барча гўшасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Халқимизнинг дунёқараши юксалиб бораётир, ҳаётга қараши ўзгараяпти. Янгича фикрлайдиган, юксак салоҳиятли ёш авлод вояга етмоқда. Албатта, булар тинчлик ва осойишталик самарасидир.

Журналистлар билан мулоқот чоғида Юртбошимиз ёшларга қарата, эртанги кун бизники, марра бизники, деб бежиз таъкидламади. Зеро, мамлакатимизнинг дунёдаги энг тараққий топган давлатлардан, эркин ва озод яшаётган халқлардан асло кам бўлмаслиги келажагимиз эгаларига билдирилган катта ишончдан далолатдир.

Бу борада биз, депутатлар Президентимиз томонидан илгари сурилган ғояларни ҳаётга жорий этишда, давлатимизнинг дунёда тинчлик ўрнатиш ҳамда барқарорликни таъминлашдаги ташаббус ва сиёсатини қўллаб-қувватлаб, унинг амалий ижроси бўйича олиб борилаётган ишларда фаол қатнашишимиз лозим. Жонажон Ватанимизни янада обод қилиш, ҳаётимизни юксалтириш, энг муҳими, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз ҳамда бунга ҳар биримиз масъуллик билан ёндашишимиз айни заруратдир.

 

Акмал БУРҲОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn