Меҳр-оқибат —  халқимизнинг энг олий, ноёб фазилати
  • 11 Май 2016

Меҳр-оқибат —  халқимизнинг энг олий, ноёб фазилати

Хотира ва қадр. Мазкур тушунчалар замирида халқимизга хос эзгу фазилатлар мужассам. Инсон зотининг нақадар азиз ҳамда мукаррамлиги ўз ифодасини топган. Зеро, вақт ғанимат, умр ўткинчи. Бу дунёда биздан қоладиган ўчмас из эса хайрли амалларимиздир.

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланишининг боиси ҳам шунда. Ушбу санада ўтганлар номи ёдга олиниб, кекса авлод вакилларига меҳр-мурувват, алоҳида эъзоз-эҳтиром кўрсатилади.

Ана шу эзгу анъаналар куни кеча республикамизнинг турли ҳудудларида айём муносабати билан уюштирилган тадбирларда яна бир бор намоён бўлди.

Қорақалпоғистон Республикасида бугунги дориламон кунлар учун жонфидо қилган юрт фарзандлари ёд этилиб, кўпни кўрган нуронийларимизга иззат-икром кўрсатилди.

Санага бағишланган тантанали маросим Нукус шаҳридаги Хотира майдонида ўтказилди. Кўркам қиёфага эга муаззам гўша уруш ҳамда меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ёшлар билан гавжум бўлди. Тадбир аввалида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Шундан сўнг байрамона дастурхон атрофида жамулжам бўлган пир-бадавлат отахону онахонлар уруш ва ундан -кейинги суронли йиллар, ўша даврларда халқимиз бошидан кечирган турли синову қийинчиликлар ҳақида сўз очиб, ёш авлодни бугунги тинч ҳамда осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукроналик билан яшашга ундовчи хотираларини ўртоқлашдилар.

Вилоятда ҳозирги кунда Иккинчи жаҳон урушининг 115 нафар қатнашчиси ва 4340 нафар меҳнат фахрийси истиқомат қилаётир. Уларнинг ҳаёти, саломатлиги давлатимиз ҳамда жамиятимизнинг доимий эътиборида. Қолаверса, жамоат ташкилотлари, саховатпеша ҳомийлар нуронийлар ҳолидан тез-тез хабар олиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашаяпти.

Бу Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан вилоятда ташкил этилган тадбирларда ҳам ўз ифодасини топди. Жумладан, маданият ҳамда аҳоли дам олиш марказлари, истироҳат боғларида фахрийларимиз матонати, жасоратига бағишланган суҳбатлар ўтказилди.

Байрам куни Андижон шаҳридаги Хотира хиёбони янада файзга тўлди. Ўтганлар номи ёдга олиниб, 250 нафар кекса авлод вакилига эҳтиром кўрсатилди.

Вилоятда умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон урушининг 116 нафар қатнашчиси ва меҳнат фронти фахрийси хонадонидан ҳам байрам кунлари меҳмонлар қадами узилмади. Давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалладошлар, мактаб ўқувчилари отахону онахонларнинг кўнглини шод этишди.

— Президентимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз, — дейди Вобкент туманидаги Чармгарон маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳомид Турсунов. — Куни кеча вилоят ҳокими бошчилигидаги бир гуруҳ -мутасаддилар хонадонимизга йўқлаб келишди. Суҳбатлашдик. Мукофот пулини қўлимга тутқазишди. Бу эътибордан бошим осмонга етди. Умрим беҳуда ўтмаганига, шундай бетакрор заминда туғилганимга шукрона айтдим.

Хотира ва Қадрлаш кунининг асосий тадбири Бухоро шаҳридаги марказий истироҳат боғида бўлиб ўтди.

Вилоят марказидаги Хотира хиёбонида икки нақшинкор айвон қад ростлаган. Бу ерга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган 12 минг нафар юртдошимиз исм-шарифи зарҳал ҳарфларда битилган. Умумхалқ байрами туфайли ана шу муаззам майдонда ўтказилган маросимда уларнинг хотираси ёдга олинди. Тинч-осуда Ватанимизда кексалик гаштини сураётган фахрийлар кўнглига хушнудлик улашилди.

— Биз, қарияларни доимо ардоқлаб келаётган Юртбошимиздан жуда миннатдормиз, — дейди Бахмал туманилик Тошбой ота Туратов. — Мана, айём муносабати билан давлатимизнинг яна бир эҳтиромидан баҳраманд бўлдик. Туман фаоллари хонадонимизга келиб, совғаларни тантанали равишда топширишди. Умримнинг кейинги йигирма беш йилини ана шундай роҳат-фароғатда ўтказаяпман.

Навоий вилоятида истиқомат қилувчи нуронийларимизнинг нурли сиймоси, ҳаёт йўли ҳам ёш авлод учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб келган. Буни кексаларимиз сўзлаб берган хотиралардан яхши биламиз. Уларни тинглаб, тинч ҳамда осойишта ҳаётимизга шукрона айтишни ўрганамиз.

Вилоят марказидаги Хотира майдонида бўлиб ўтган тадбир иштирокчилари кўнглидан ҳам ана шундай ҳислар кечгани, шубҳасиз. Бу ерга йиғилганлар аждодларимиз хотирасини ёдга олиб, “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

— Одамзод бу дунёга бир марта келади, — дейди карманалик уруш фахрийси Пирназар ота Турдиев. — Шундай экан, у бахтли-саодатли яшашга ҳақли. Биз эса умримизнинг навқирон йилларини очлик ва юпунликда ўтказганмиз. Мустақиллик туфайли чинакам қадр топдик. Иззат-икром кўрдик. Бунинг учун қанча шукрона айтсак, шунча кам.

Вилоятдаги Хотира майдони чинакам зиёратгоҳ масканга айланган. Ўтган ҳафтада бу ерда бир қатор таълим муассасалари томонидан ноанъанавий дарслар ташкил этилди. Машғулотларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари муаллимлик қилди. Шундан сўнг нуронийлар мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг енгил машиналарида шаҳар айланишди.

Куни кеча вилоятдаги Иккинчи жаҳон урушининг 115 нафар қатнашчиси фарзандлари, ёр-биродарлари даврасида Хотира ва Қадрлаш кунини тантанали нишонлади. Умумхалқ байрами арафасида уларнинг барчасига алоҳида ҳурмат, иззат-икром кўрсатилди. Бундан ташқари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақилликни мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатган юртдошларимиз, шунингдек, якка-ёлғиз яшаётган фуқаролар ҳам туҳфалардан баҳраманд бўлдилар.

Юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида жасорат ҳамда фидойилик кўрсатган, ўз меҳнати билан мамлакат ободлиги ва равнақига ҳисса қўшиб яшаган ҳар бир инсон эъзоз-эҳтиромга лойиқ. Самарқанд вилоятида Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан -ўтказилган тадбирларда бу эътирофлар қайта-қайта янгради. Номлари мангуга қайд этилган мард ҳамда жасур ўғлонлар жасорати тилга олинди.

Бинобарин, Президентимиз Фармони асосида Иккинчи жаҳон урушининг 200 нафар қатнашчисига пул мукофотлари топширилди. Касаба уюшмалари Федерацияси ташкилотлари ҳам фахрийларни ўз совға-саломлари билан қутлади. Мустақиллик йилларида юрт осойишталиги йўлида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига манзилли ёрдам кўрсатилди.

Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Гулистон шаҳрилик Қаршибой ота Сатторовнинг хонадонида айём шукуҳи ўзгача бўлди. Унга Президентимиз Фармонига биноан, пул мукофоти тантанали равишда топширилди. Шунингдек, нуронийга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан турли совға-саломлар, дори-дармон воситалари тақдим қилинди. Файзли дастурхон атрофида куй-қўшиқлар ижро этилди.

Худди шундай тантаналар Сирдарё вилоятида истиқомат қилаётган яна 35 нафар уруш қатнашчиси хонадонида ҳам бўлиб ўтди. Айни чоғда 1106 нафар меҳнат фахрийсига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Сана муносабати билан шаҳару туманларда учрашувлар ҳамда маърифий-бадиий кечалар ўтказилди. Вилоят марказидаги Хотира майдонида уюштирилган асосий маросимда фаровон ҳаётимизга шукроналар айтилди.

Хотира ва Қадрлаш куни Сурхондарё вилояти аҳли учун қўшалоқ шодиёнага айланди. Сабаби, сана муносабати билан Термиз шаҳрида миллий меъморчилик анъаналари асосида қад ростлаган Хотира майдони фойдаланишга топширилди.

9 май куни бу ерда кекса авлод вакиллари, ҳарбий хизматчилар, корхона ва ташкилотлар вакиллари, талаба-ёшлар жам бўлишди. Тадбирда мамлакатимизда уруш ҳамда меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга -оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Шундан сўнг нуронийлар Термиз шаҳридаги “Истиқлол” тантаналар саройида вилоят ҳокимлиги ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан ташкил этилган байрам дастурхони атрофида дийдорлашдилар.

Вилоятда Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган асосий тантанали маросим Олмалиқ шаҳридаги Хотира майдонида ўтказилди. Муаззам хиёбонга уруш ҳамда меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари ташриф буюрди.

Жойларда ташкил этилган тадбирларда вилоятда истиқомат қилаётган 271 нафар уруш қатнашчиси ҳамда ногиронига Президентимиз Фармонига мувофиқ, пул мукофотлари топширилди.

— Жаннатмонанд юртимизга кўз тегмасин, — дейди Ангрен шаҳрилик уруш фахрийси Турсунбой ота Фидоев. — Бизга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун минг раҳмат, дейман. Илоҳим, бизни сийлаганлар, қадр-қимматимизни жойига қўйганлар барака -топишсин.

Хотира ва Қадрлаш куни арафасида давлатимиз раҳбари Фармони асосида Иккинчи жаҳон урушининг 211 нафар қатнашчисига пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Касаба уюшмалари вилоят Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳам саховат тадбирларига муносиб ҳисса қўшди. Ҳудудда истиқомат қилаётган 6898 нафар меҳнат фахрийсига эса вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.

Фарғона шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросимида кекса авлод вакиллари бугунги дориламон кунлар, тинч-осойишта ҳаётимиз учун шукроналик туйғуларини изҳор этдилар. Бу ерга йиғилганлар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган фидойи ота-боболаримиз иродаси, жасорати олдида бош эгдилар.

Она юрт тинчлиги йўлида мардлик кўрсатган инсонлар эл эъзозидан тушмайди. Зеро, бугун сафимизда барчамизга маънавий мадад бериб келаётган уруш қатнашчиларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш орқали улар умрини узайтиришга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бу — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Хоразм вилоятида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда ҳам ўз ифодасини топди. Байрам арафасида Иккинчи жаҳон урушининг 116 нафар қатнашчиси ҳамда 3306 нафар меҳнат фронти фахрийсига иззат-икром кўрсатилди. Улар бундай эътибор учун Юртбошимиздан миннатдор эканликларини изҳор этдилар. Урганч шаҳридаги Хотира майдонида эса “Хотира китоби”га номлари муҳрланган мард ҳамда жасур ўғлонлар жасорати ёдга олинди.

Хотира ва Қадрлаш куни Қашқадарё вилоятининг шаҳару қишлоқларида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Иккинчи жаҳон урушининг 181 нафар қатнашчиси ҳамда 7200 нафардан зиёд меҳнат фронти фахрийси ҳолидан хабар олинди. Уларга Президентимиз, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ҳомийларнинг совғалари топширилди.

“Қадрият, эътибор ва эъзоз”, “Ватан эркинлиги учун ўз жонини қурбон қилганлар хотираси ҳамиша барҳаёт”, “Хотира — муқаддас, инсон қадри — азиз” мавзуларида уюштирилган маънавий-маърифий тадбирларда кекса авлод вакиллари ёшларга ўз ҳаёт йўллари, бошидан кечирган оғир қийинчиликлар ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, уларнинг истиқлол қадри, тинчлик ҳамда фаровонлигимизни асраб-авайлашга доир ўгитлари келажагимиз эгалари қалбидан чуқур жой эгаллади.

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn