Санъат ғунчалари
  • 11 Май 2016

Санъат ғунчалари

Юртимизда навқирон авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш ҳамда рағбатлантириш учун барча шарт-шароит яратилган.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамда Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ёш мусиқачиларнинг “Санъат ғунчалари” халқаро кўрик-танлови ҳам ана шу эзгуликка қаратилганлиги билан эътиборга моликдир.

Кеча Ўзбекистон давлат консерваториясида ушбу танловнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда сўз олганлар ёшларга миллий ва жаҳон мусиқа санъати сирларини пухта ўргатиш борасидаги тизимли ишлар натижасида кўплаб иқтидорлар етишиб чиқиб, халқаро фестивалларда юртимиз номини улуғлашга муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлашди. Ҳар йили ташкил этилаётган танловлар, маданий-маърифий тадбирлар эса янги истеъдодларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантиришга хизмат қилаяпти.

Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги мусиқа ҳамда санъат мактабларида таълим олаётган, қуйи босқичларда ғолиб бўлган, шунингдек, хориждан келган бир юз эллик нафарга яқин ўғил-қиз қатнашаётир.

Белгиланган шартларга кўра, зарбли ва дамли чолғу асбоблари ижрочилиги йўлида изланаётган ўқувчилар ёшига қараб гуруҳларга бўлинган ҳолда ўз маҳоратини намойиш этадилар. Шунингдек, иштирокчиларга дамли ҳамда флейта мусиқа чолғу асбобларига оид маҳорат дарслари ҳам ўтказилади.

— Ўзбекистонда кўплаб дўстлар орттирдим, — дейди Боку шаҳридаги (Озарбайжон) 21-мусиқа мактаби ўқувчиси Асиф Чингиз ўғли. — Гарчи, Тошкентга келганимга эндигина икки кун бўлган бўлса-да, таассуротларим бир олам. Шаҳрингиз интернет орқали кўрганимдан ҳам гўзал экан. Танлов биз, ёшларнинг ўрганган билимларимизни яна бир бор синовдан ўтказмоқда.

Халқаро танлов доирасидаги тадбирлар ранг-баранг. Жумладан, қатнашчиларнинг пойтахтимиз бўйлаб ҳамда Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилади. Шунингдек, улар болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолияти билан ҳам яқиндан танишадилар.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn