Озод ва обод юртнинг юксак мукофотлари
  • 05 Май 2016

Озод ва обод юртнинг юксак мукофотлари

5 май — “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва “Олтин юлдуз” медали, “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари ҳамда “Жасорат”, “Шуҳрат” медаллари таъсис этилган кун.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Пировардида юртимизнинг куч-қудрати ва салоҳияти ҳар жиҳатдан тобора юксалаётир. Бу Президентимиз юритаётган оқилона -сиёсатнинг, халқимиз азму шижоатининг самараларидир.

Энг асосийси, давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларига қаратилгани билан янада муҳим аҳамиятга эга. Шу боис юртдошларимиз бугунги тинч ва фаровон ҳаётга шукроналар айтиб, эртанги кунга комил ишонч ила қарамоқда. “Ватан мен учун нима берди?” деб эмас, балки “Мен Ватанга нима бердим?” деган эзгу фикр билан республикамиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилишмоқда.

Бу борада бошқаларга ибрат бўлаётган, фидокорона меҳнат қилаётган ҳамюртларимизни рағбатлантириш доимо эътиборда. 

Президентимиз ташаббуси билан бир қатор давлат мукофотлари жорий этилгани улкан тарихий воқеа бўлди. Ўзбекистон Республикаси парламентининг 1994 йил 5-6 май кунлари бўлиб ўтган сессиясида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва олий нишон — -“Олтин юлдуз” медали,  “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари ҳамда “Жасорат”, “Шуҳрат” медалларини таъсис этиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди.

“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони олий даражадаги мукофот бўлиб, мамлакатимиз фуқароларига, айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади. “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган шахсга “Олтин -юлдуз” медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат тантанали равишда топширилади. 

Ўтган йиллар давомида кўплаб юртдошларимиз мазкур олий мукофот билан тақдирлангани республикамизда инсон меҳнатини муносиб рағбатлантиришга, қадр-қимматини юксалтиришга қаратилаётган улкан ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодасидир. 

Ота-боболаримизнинг асрий орзу-умидлари — истиқлолимиз халқимизнинг улкан тарихий ютуғидир. Шу боис давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Мустақиллик” номи билан аталишида катта рамзий маъно бор.  

Мазкур орден билан мустақил ҳуқуқий давлат барпо этиш ва уни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда тинчлик ҳамда тараққиётни таъминлашга улкан ҳисса қўшган ҳамюртларимиз, шунингдек, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар тақдирланади.

Юртимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг тили, урф-одатлари ҳамда анъаналари ҳурмат қилиниши, ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар, зарур шарт-шароитлар  яратилган. Миллатлараро тотувлик, дўстлик мамлакатимиздаги барқарорлик ҳамда тараққиётнинг -муҳим омилидир.

“Дўстлик” ордени Ўзбекистондаги барча миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашда катта ютуқларга эришган, халқи-мизнинг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган фуқароларни мукофотлаш мақсадида таъсис этилган. Қонунда мазкур орден билан республикамиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгиланган. 

Ватанимизнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида, диёримизда истиқомат қилаётган барча миллат ҳамда элатлар ўртасидаги дўстлик, тотувликни мустаҳкамлашда -Нукус шаҳри аҳлининг ҳам хизматлари катта. 

2003 йилда Президентимизнинг Фармонига мувофиқ, Нукус шаҳри “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.   

Мамлакатимиз тинчлиги эзгу орзу-ниятларимиз рўёбининг муҳим кафолатидир. Шу маънода, она-юртимиз осойишталигини, халқимизнинг хотиржам ҳаётини таъминлаш миллий армиямиз ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари зиммасига катта масъулият юклайди. Бу йўлда мардлик ва жасорат кўрсатган инсонларнинг хизматлари ҳам муносиб эътироф этилаяпти. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳарбий ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган мардлик ҳамда жасорати учун кўплаб юртдошларимиз “Жасорат” медали билан тақдирлангани бунинг ёрқин ифодасидир.

“Шуҳрат” медали билан мамлакатимиз иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантиришга, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий истиқлол ҳамда ижтимоий -тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз тақдирланади.

Ватанимизнинг ўз давлат мукофотлари, орден ва медаллари, фахрий унвонларининг таъсис этилиб, муносибларга топширилиши катта маънавий, тарбиявий аҳамиятга эга воқеадир. Зеро, Юртбошимиз таърифлаганидек, умр бўйи эл-юрт манфаати, Ватан истиқболи учун курашиб яшайдиган шундай қаҳрамон фарзандлари бор халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn