Бахтимсан,  ғуруримсан, Ватан!
  • 05 Май 2016

Бахтимсан,  ғуруримсан, Ватан!

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.

Мазкур анжуман навқирон авлодни мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий ислоҳотлар, ҳаётимизда рўй бераётган демократик ўзгариш ҳамда янгиланишлар билан яқиндан таништириш, дахлдорлик туйғусини юксалтириш орқали уларни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

— Туману шаҳарларда, чекка ҳудудларда депутатлар, тадбиркорлар, ёш олимлар, шоир ҳамда ёзувчилар, актёрлар, спортчилар иштирокида кўплаб учрашувлар ташкил этилди, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Жиззах вилояти кенгаши раиси Ориф -Шукуров. — “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” лойиҳаси асосида спорт мусобақалари, “Сиз севган қаҳрамонлар” ва “Замонамиз қаҳрамонлари” мавзуларида таниқли ижодкорлар, эстрада хонандалари билан мулоқотлар, “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Депутат ва ёшлар”, “Нуронийлар эъзозимизда” каби йигирмага яқин йўналишларда маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари уюштирилди.

Бахмал маиший хизмат кўрсатиш коллежида “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” мавзуида ўтказилган анжуманда турли зарарли ғоя ҳамда иллатлар, уларга қарши курашишда миллий маънавиятимиз, қадриятларимизнинг ўрни ҳақида ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

— Мустақиллик туфайли юртимиз жаҳонда тобора юксак мавқега эга бўлиб бормоқда, — дейди ушбу таълим муассасаси ўқувчиси Диёра Абдурасулова. — Биз, навқирон авлод вакилларининг пухта билим олиши ва ҳаётда муносиб ўрнимизни топишимиз учун барча шарт-шароит яратилган. Ана шу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, янада яхши ўқишимиз, Ватанимизга керакли мутахассис бўлиб вояга етишимиз зарур.

Дўстлик, Фориш, Мирзачўл туманларида уюштирилган тадбирларда иштирокчилар ўз иқтидорларини рўёбга чиқариш, бизнес лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўплаб таклифларни илгари сурдилар.

— Мамлакатимизда йигит-қизларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши, истеъдод ҳамда салоҳиятини намоён этиши учун барча имкониятлар етарли, — дейди Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-сонли академик лицейи ўқувчиси Моҳигул Раимқулова. — Мен ҳам бундан унумли фойдаланиб келаётган ёшлардан бириман. Мана, жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландим. Бу мени янада пухта билим олиш, ўз устимда кўпроқ ишлаш ва изланишга ундайди.

Зомин, Янгиобод, Fаллаорол туманларида уюштирилган “Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид” мавзуидаги давра суҳбатида эртамиз эгаларини -инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, турли иллатларга қарши курашиш зарурлиги ҳақида мушоҳадалар билдирилди.

Фестиваль вилоят марказидаги “Сўғдиёна” мажмуасида “Мустақиллик фарзандларимиз!” шиори остида ташкил этилган концерт дастури билан якунланди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими С. Исмоилов сўзга чиқди.

 

Муқимбой ИСМОИЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn