Санъатнинг сеҳрли олами ёш авлод камолотига хизмат қилмоқда
  • 05 Май 2016

Санъатнинг сеҳрли олами ёш авлод камолотига хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда эртамиз эгаларини ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишда мусиқий тарбияга алоҳида эътибор қаратилиб, самарали ижод қилаётган истеъдод эгалари қўллаб-қувватланмоқда.

Жумладан, истиқлол йилларида санъатга иштиёқманд ёшларнинг иқтидорини камол топтириш, юзага чиқариш ҳамда уларни рағбатлантириш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бирига айланди.

Соҳани ривожлантириш йўлида бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Пировардида замонавий кўринишга эга, энг сўнгги жиҳозлар билан таъминланган таълим даргоҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу масканларда камол топаётган фарзандларимизнинг турли халқаро танловларда совринли ўринларни қўлга киритаётгани ва бу жараён бугун одатий ҳолга айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. 

Чунончи Самарқанд санъат коллежида ҳам айни пайтда “Фортепиано ижрочиси”, “Торли чолғулар ижрочиси”, “Пуфлама ва зарбли чолғулар ижрочиси”, “Мусиқий--назарий фанлар ўқитувчиси”, “Анъанавий чолғулар ижрочиси”, “Анъанавий вокал артисти”, “Академик вокал артисти”, “Ҳаваскорлик хор жамоаси дирижёри”, “Драма -театри актёри” каби мутахассисликлар бўйича 1032 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда. 

— Ўқув хоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, — дейди мазкур таълим муассасаси директори Ҳуббим Ҳамдамов. — Шу боис бу даргоҳда таҳсил олаётган ёшларнинг иқтидори тобора тобланмоқда. Улар вилоят ва республика ҳамда халқаро миқёсда ўтадиган танловларда мунтазам қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишаяпти. Масалан, 2015 йилда Комилжон Отаниёзов хотирасига бағишланган республика кўрик-танловида Далер Саидов “Анъанавий хонандалик” йўналишида, “Созлар навоси” ёш мусиқа ижрочилари танловида Шоҳруҳ Пўлатов фахрли ўринларни эгаллади. Қолаверса, ўқувчиларимиздан Севара Илҳомова, ўолиб Исоқулов, Илёс Рўзимуродов, Марям ўафурова, Азиз Зубайдов каби ёш ижрочиларимиз республика кўрик-танловларида турли йўналишларда совринли ўринларга лойиқ, деб топилгани бизга чексиз фахр ва ғурур бағишлайди. Шунингдек, “Фортепиано” бўлими иккинчи босқич ўқувчиси Лазиз Шукуруллаев мусиқа сирларини қунт билан ўрганганлиги, ўз соҳаси бўйича билимини астойдил ошириб борганлиги боис шу йилнинг 12 — 15 февраль кунлари бўлиб ўтган болалар ва ўсмирлар иштирокидаги “Окно в Европу” XI халқаро фестивалида II даражали диплом билан тақдирланди.

Икки йилдан буён вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Самарқанд мусиқа маданиятини янада равнақ топтириш, санъат, мусиқа, фольклор, миллий рақс ва бастакорлик соҳаларида иқтидорларни кашф этиш мақсадида “Янги овозлар” кўрик-танлови ўтказиб келинаяпти. Ана шу кўрикни ташкил қилиш, истеъдодли ёшларни аниқлаш, улар билан ишлашда коллежда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ҳиссаси катта. Бинобарин, Самарқанддаги олий ўқув юртлари ўртасида бўлиб ўтадиган “Қувноқ ва зукко талабалар” танловини уюштиришда ҳам ушбу даргоҳдаги устозларнинг жонбозлиги, фидойилиги ўз самарасини бераяпти.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш, мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлаш бугунги кундаги энг муҳим вазифалар сирасига киради. Шу маънода, мазкур таълим муассасасини битирган ёш кадрлар вилоятнинг турли туман ҳамда шаҳарларидаги маданият ва дам олиш масканларида самарали меҳнат қилишаяпти. “Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси” мутахассислигини эгаллаганлар эса зиё масканларида ишни -намунали ташкил этишга муносиб ҳисса қўшаётганлиги алоҳида таъкидланмоқда. 

Умуман, Самарқанд санъат коллежига, унинг 760 ўринли “Концерт зали”га ташриф буюрган киши бу ерда истиқлол фарзандларининг ҳар бир куни мазмунли ўтаётганига, турли тантана ва тадбирларда фаол қатнашиб, эътироф қозонаётганига гувоҳ бўлади.

 

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn