Бахтиёр ёшлик тараннуми
  • 04 Май 2016

Бахтиёр ёшлик тараннуми

Сирдарё вилоятида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши томонидан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб ташкил қилинган ушбу акция вилоятнинг барча шаҳар ва тумани, қишлоқларига ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият бахш этди. Унда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ўқувчилари, Гулистон давлат университети талабалари ҳамда турли соҳаларда меҳнат қилаётган йигит-қизлар фаол қатнашди. Улар юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан танишдилар. Айни чоғда ёш авлоднинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш, ижтимоий фаоллигини юксалтириш, уларни Ватанга меҳр-муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ниятлар ҳам фестиваль лойиҳаларида ўз аксини топди.
Бинобарин, Сирдарё соҳилида ёш бахши Дилмурод Гулмуродов ижросидаги “Нурли юрт” деб номланган термалар иштирокчиларга олам-олам завқ улашган бўлса, Гулистон шаҳрида ёш рассомлар биргаликда чизган улкан панно орқали истиқлол йилларида республикамиздаги юксалишлар, бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг фаровон турмуши ҳамда бахтли ҳаёти ифода қилинди. Шунингдек, “Бу менинг Ватаним!”, “Замонамиз қаҳрамонлари” каби лойиҳалар бўйича ҳам қизиқарли тадбирлар ўтказилди.
— Ҳозирги кунда ҳудудимизда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 88 минг 587 нафар аъзоси бор, — дейди мазкур ҳаракатнинг Сирдарё вилояти кенгаши раиси Лазиз Аҳмедов. — Улар маданий-маърифий, ҳуқуқий, спорт-соғломлаштириш каби барча лойиҳамизнинг фаол иштирокчилари ҳисобланишади. Диёримизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу акция ўғил-қизларни янада изланиш, чуқур билим олиш, шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлишга чорлайди, олдиларига қўйган мақсадларига эришишларига рағбатлантиради.
Айтиш лозимки, уч кун давом этган фестивалнинг тарғибот-ташвиқот тадбирларида пойтахтдан ташриф буюрган ёзувчи ва шоирлар, маданият ҳамда санъат соҳаси вакиллари, ёш олимлар, спортчилар қатнашди. Хусусан, Мирзаобод туманидаги ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи, Оқолтин туманидаги “Аҳиллик” маданият ва аҳоли дам олиш марказида улар иштирокида “Диний экстеримизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Шу билан бирга, туман ҳамда шаҳарларда гала-концертлар, футбол-шоулари бўлиб ўтди. Гулистон шаҳрида уюштирилган марафон эса қатнашчиларда алоҳида таассурот қолдирди.
— Мазкур ёшлар байрамининг ўзига хос шукуҳи бор, — дейди Бахт шаҳрилик ёш спортчи Исломбек Ҳакимжонов. — Бошқача айтганда, уни бизга бўлган юксак эътиборнинг бир намунаси, дейиш мумкин. Ўзим тош кўтариш билан шуғулланаман. Икки марта жаҳон чемпиони бўлганман. Ҳозирги пайтда Португалияда ўтказиладиган навбатдаги дунё биринчилигига тайёргарлик кўраяпман. Бунинг учун эса шаҳримизда барча шарт-шароит яратилган. Келажакда ўзим танлаган спорт тури бўйича бундан-да юксак натижаларга эришиб, шу азиз Ватанимиз номини янада улуғлашга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилиб қўйганман.
Фестиваль Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида ташкил этилган гала-концерт билан якунланди.
Тадбирнинг ёпилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими О. Ашурматов сўзга чиқди.


Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn