Фавворалар жозибаси
  • 03 Май 2016

Фавворалар жозибаси

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Фавворалар сайли” ёшлар оммавий-маданий тадбирлари барчага чексиз қувонч бахш этди.

Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ йигирма беш йиллигини кенг нишонлаймиз. 

Ўтган вақт мобайнида юртимизда улкан янгиланишлар амалга оширилди. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар бугун ҳам изчил давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бинобарин, ҳар бир соҳада ривожланиш кузатилаётир. Ёшларимиз ўз билим ҳамда салоҳияти билан дунёда ҳеч кимдан кам эмасликларини намоён қилишаяпти. Замонавий бинолар, муассасалар қад ростламоқда. Доно халқимиз “Тинч юртга тўю тантаналар ярашади”, деб бежиз айтмаган. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги осойишталик самарасидир.

Мана, уч йилдирки, 1 май республикамизда “Фавворалар сайли” сифатида кенг нишонланмоқда. Одамларимизга янада кўтаринки кайфият, хурсандчилик улашишга хизмат қилувчи ушбу байрам нуфузи тобора ортиб бораяпти.

Бу йил ҳам мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 апрелдаги “Тошкент шаҳрида “Фавворалар сайли” ёшлар оммавий-маданий тадбирларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан ўтказилди. Пойтахтимизда кўтаринки руҳда кечган мазкур сайил ўтган йилдан эътиборан кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ҳам уюштириб келинмоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ташкил қилинган тадбирда нуроний отахону онахонлар, турли ёш вакиллари, кенг жамоатчилик, иқтидорли йигит-қизлар, хусусан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиблари, Президент стипендиатлари, спортчилар, талабалар, ўқувчилар, Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳри меҳмонлари ва хорижлик сайёҳлар қатнашди.

 

Пойтахт кўрки

Истиқлол йилларида Тошкент том маънода мегаполисга айланди. Шаҳар қиёфаси тарихий кўркини йўқотмасдан, замонавийлик касб этаётир. Мустақиллик майдони, “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, Симпозиумлар саройи ва Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонани ўз ичига олган “Маърифат маркази”, Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи, Амир Темур хиёбони, “Бунёдкор” спорт мажмуаси каби иншоотларимиз бугун юртимизга ташриф буюраётган хорижлик меҳмонларда ҳайрату ҳавас уйғотаётгани ҳам бежиз эмас.

Пойтахтимизни янада жозибадор қилиб кўрсатаётган фаввoралар истирoҳат бoғлари, xиёбoнлар, бинoлар, таълим муассасалари, меҳмoнxoналар, шифoxoналар ҳудудида ўзига хос ансамблни ташкил этган.

 

Унутилмас сайр

“Фавворалар сайли” пойтахтимиздаги 14 та йирик фаввора ёнида ташкил қилинди. Унда санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, сўз усталари, кино ҳамда театр актёрлари ўз дастурлари билан қатнашди. Шунингдек, ёш шоирларнинг мушоиралари, Тошкент шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда ёш рассомларнинг ижодий ишлари кўргазмаси, “Камолот” ЁИҲ фаолларининг турли танлов ва викториналари уюштирилди.

— Пойтахтдаги “Фавворалар сайли”да қатнашиш учун турмуш ўртоғим ва қизим билан Термиз шаҳридан келдик, — дейди Ваҳоб Туробов. — Кайфиятимиз аъло. Тошкентнинг гўзал ҳамда диққатга сазовор жойларини айландик, эсдалик учун суратга тушдик. Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтган замонавий кўприкни бориб кўрдик. Бу мажмуанинг икки томонида пиёдалар учун иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо қилингани барчамизда катта таассурот қолдирди. Бундай ажойиб иншоотлар, байрамлар юртимиздаги тинчлик ва осойишталик туфайлидир.

Навбатдаги манзилимиз “Болажон” маданият ва истироҳат боғи бўлди. Бу ерда жажжи болакайлар ҳамда уларнинг 

ота-оналари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Шу куни боғда янги ҳаётга қадам қўяётган кўплаб келин-куёвлар сайрга чиққанининг гувоҳи бўлдик.

 

Хорижликлар ҳайрати

Самарқандда ҳам “Фавворалар сайли” кўтаринки кайфиятда ўтди.

Шаҳарнинг Кўксарой, Руҳобод, Ҳамид Олимжон номидаги мусиқали драма театри майдонлари, Университет ҳамда Йўлбарслар хиёбони, Шоирлар боғи, аэропорт ва темир йўл вокзали олдидаги фавворалар атрофида “Тоза сув, мусаффо ҳаво — соғлом ҳаёт!” шиори остида сайил ўтказилди.

Тадбирларни қадим ва навқирон шаҳарга ташриф буюрган 500 нафарга яқин сайёҳлар ҳам бевосита томоша қилишди. Тарихий асарлардан фаввораларимиз ҳақида олган билимларини замонавий талқиндаги маълумотлар билан бойитдилар.

— Самарқандда ўтаётган “Фавворалар сайли”да қатнашаётганимдан мамнунман, — дейди АҚШлик сайёҳ Эндрю Мобз. — Бизда ҳам фавворалар кўп, аммо бундай байрам йўқ. Юртингизда фавворалар атрофи туну кун одамлар билан гавжумлиги ҳам эътиборимни тортди. Бу, албатта, халқингизнинг бугунги кунидан кўнгли тўқлиги, эртанги кунга ишончи юксаклигини билдиради.

Сайилларда вилоятнинг таниқли санъаткорлари, ёш ижрочилар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари чиқишлари, театр ижодкорлари томонидан тайёрланган саҳна асарлари намойиш этилди. Тажрибали рассомлар ҳаваскор мусаввирлар учун маҳорат сабоқларини ўтдилар. Турли спорт мусобақалари, интеллектуал танловлар, расмлар кўргазмаси ташкил қилинди.

Умуман, “Фавворалар сайли” тинчлик, шукроналик ҳамда ёшлик байрамига айланди. Зеро, ана шундай эзгу кайфият барқарор юртда тараққиёт бўлади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

Акрам ҲАЙДАРОВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn