Кўзларда қувонч, дилларда ғурур
  • 28 Апрель 2016

Кўзларда қувонч, дилларда ғурур

Хоразмда мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди.

Ушбу анжуман ўзининг бетакрор обидалари, бебаҳо маданияти, кўп асрлик тарихи билан алоҳида ажралиб турадиган воҳанинг янгиланишларга бой шаҳар ва туманлари, сўлим қишлоқларига байрамона руҳ, ўғил-қизлар қалбига эса бир олам шодлик, фахр--ифтихор бахш этди. 

Юртимиз иқтидорли фарзандларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли жабҳаларда эришаётган ютуқларини рағбатлантириш, навқирон авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат, садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларни ўзида -мужассам этган  мазкур акцияга умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, талабалар, ижодкорлар кенг жалб қилинди. Бинобарин, фестиваль доирасида ўтказилган тарғибот-ташвиқот тадбирларида пойтахтдан ташриф -буюрган маданият ва санъат вакиллари, ёш олимлар, спортчилар, ёзувчи ҳамда шоирлар қатнашди.

Анжуман 18 та лойиҳани қамраб олган бўлиб, “Бу менинг Ватаним”, “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Депутат ва ёшлар”, “Нуронийлар эъзозимизда” каби мавзулардаги мулоқотлар шулар жумласидандир. Улардан бири Питнак шаҳарчасида — “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг вилоят филиалига қарашли “Хоразм авто” заводида бўлиб ўтди. Бу ерда иштирокчилар “Сиз севган қаҳрамонлар” лойиҳаси бўйича ёш автомобилсозлар билан учрашдилар. Эътиборлиси, корхонада меҳнат қилаётган ишчиларнинг аксарияти ёшлардан иборат. Мутахассисларга “Камолот” кутубхонаси” номи остида нашр этилган китоблар топширилди. Жамоа аъзолари учун халқимиз севган санъаткорлар ижросида концерт дастури ҳам ташкил қилинди. 

Огаҳий номидаги вилоят драма театрида Қорақалпоқ давлат университети “Жайҳун” театр-студияси томонидан намойиш этилган “Тебранмас юраклар” спектакли барчада катта таассурот қолдирди.

Республика тарғибот гуруҳи аъзоларининг Қўшкўпир туманидаги учрашувлари ҳам эртамиз эгалари учун мазмунли кечди. Бу ерда уюштирилган “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид” мавзуларидаги давра суҳбатларида туман йигит-қизлари фаоллик кўрсатдилар. 

— “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” марафони ҳамда “Футбол-шоу” мусобақаси, айниқса, эсда қоларли тарзда ўтди, — дейди дзюдо бўйича жаҳон чемпионати совриндори, Урганч давлат университети талабаси Турсунпошша Нурметова. — Фестивалда тенгқурларим билан фаол қатнашдик. Ёшларимизнинг қатъияти, ғайрат-шижоати, билим ва салоҳиятига ҳар қанча қойил қолса, арзийди. Мен ҳам спортда қатор ютуқларни қўлга киритаяпман. Шу йил Бразилияда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлдим. Мақсадим, ана шу нуфузли мусобақада олтин медални қўлга киритиш. 

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” лойиҳасида эса кам таъминланган оилалар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиниб, уларга эсдалик совғалари улашилди. 

Уч кун давом этган, қизғин тадбирлар, ҳаяжонли дамларга бой, байрамона руҳда ўтган фестиваль Урганчдаги “Авесто” боғ-мажмуасида ташкил қилинган гала-концерт билан якунланди.

Фестивалнинг ёпилиш маросимида вилоят ҳокими П. Бобожонов сўзга чиқди.

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn