Fурур ва ифтихоримиз рамзи
  • 26 Апрель 2016

Fурур ва ифтихоримиз рамзи

Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг тарихий анъаналари, миллий қадриятлари, маданий-маънавий меросини ўзида ифодаловчи байроқ, мадҳия, герб каби муқаддас рамзларимиз қаторида олий унвон, орден ва медаллар ҳам таъсис қилинди. Эътиборлиси, бундай тимсоллар орасида миллатимиз фахру ифтихорига айланган улуғ зотлар сиймоси ҳам акс эттирилган. Ватанимизнинг ана шундай энг юксак орденларидан бири Амир Темур номи билан аталиши бежиз эмас.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бой тарихимиз, улуғ боболаримиз шахсияти, меросига муносабат тубдан ўзгарди. Хусусан, Амир Темур номи тикланди, дунё аҳли бу мумтоз сиймони тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи, илму фан, маданият, бунёдкорлик ҳамда маънавият ривожига кенг йўл очган комил инсон сифатида тан олди. Дарҳақиқат, соҳибқирон нафақат Ватанимиз ва миллий давлатчилигимиз, балки жаҳон тарихида ўз ўрни, мавқеи ҳамда салоҳиятига эга буюк шахслардандир. Унинг ҳаёти, фаолияти, авлодларига қолдирган мероси асрлар оша халқимизнинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳаётида муҳим дастуриламал бўлиб келмоқда. Буюк бобомиз бошчилигида яратилган бетакрор обидалар, осориатиқалар ҳанузгача темурийларга хос куч-қудрат, боқийлик тимсоли сифатида эътироф этилаётир. 

Маълумки, 1996 йилда буюк бобокалонимиз таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Мазкур орден ҳам ана шу қутлуғ сана арафасида Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилди. Пировардида бу бетакрор тимсол юртимизда тарихий анъаналаримиз, эзгу қадриятларимиз қайта тикланаётганининг яна бир далили бўлди. 

Орден саккиз қиррали мусамман кўринишида бўлиб, унинг марказида Амир Темурнинг от устидаги қиёфаси акс этган. Тасвир остида “KUCH — ADOLATDA” сўзлари битилган. Амир Темур ўз ҳаётида қатъий амал қилган бу шиор нафақат бобокалонимизнинг, балки бугун давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсатнинг ҳам туб мазмун-моҳиятини ўзида ифодалайди.

«Амир Темур» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлатчиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан, ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланадилар.

Шунингдек, бу юксак мукофот билан давлатлараро ҳамкорликни, тинчликни ҳамда халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ишига алоҳида ҳисса қўшган мамлакатимиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланади. “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонунда фуқаролар билан бир қаторда, айрим ҳолларда, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, шу билан бирга, мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам ушбу орден билан тақдирланиши мумкинлиги қайд этилган.

Шунга кўра, 1996 йилнинг 28 августида бобокалонимизнинг қутлуғ юбилейи арафасида Юртбошимиз Фармонига биноан, Самарқанд ҳамда Шаҳрисабз шаҳарлари «Амир Темур» ордени билан мукофотланди.

Тарихдан маълумки, бу икки кўҳна шаҳар Амир Темур ҳаёти ва фаолиятида муҳим ўрин тутган. Соҳибқирон бобомиз қадим Кешда дунёга келган бўлса, Самарқандни ўз салтанатининг пойтахтига айлантирган. Бинобарин, Амир Темур ва Самарқанд тушунчаларини бири-биридан айро ҳолда тасаввур қилиш мушкул. Самарқанд, давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳардир. Ушбу кентнинг ана шу оламшумул шуҳратига, тенгсиз салобатининг юксалишига, шонли тарихига Амир Темур бобомиз беқиёс ҳисса қўшган. Шу сабабли, темурийлар даврида бунёд этилган тарихий обидалар бугунги кунда ҳам юртимиз ва хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш ҳамда ҳайрат уйғотиши бежиз эмас. 

Айтиш жоизки, мустақиллик шарофати ила бу шаҳарлар ўзгача тароват касб этди. Тарихий обидалар, азиз авлиёларимизнинг муқаддас қадамжолари қайтадан таъмирланди, ободонлаштирилиб, кўркам зиёратгоҳларга айлантирилди. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида бобокалонимизнинг улуғвор ҳайкаллари қад ростлаши буюк аждодимиз хотирасини эъзозлаш йўлида олиб борилган хайрли ишлар сирасидандир. 

Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, Термиз шаҳри ҳам «Амир Темур» ордени билан мукофотланди. 

Сирасини айтганда, юртимизда «Амир Темур» орденининг жорий этилиши ҳар бир юртдошимизни янгидан-янги зафарлар, ютуқларга ундовчи куч-қудрат манбаи, миллатимизнинг ғурур ва ифтихори бўлиб қолаверади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn