Олижаноб ва умрбоқий қадриятлар ифодаси
  • 22 Апрель 2016

Олижаноб ва умрбоқий қадриятлар ифодаси

Инсон хотиралар билан яшайди. Кечаги куннинг машаққатларини эслаб, оғир дамларни бугунги фараҳбахш ҳаёт нуқтаи назаридан муқояса қилсак, яхшиликни улуғлаб яшашга кўпроқ интиламиз. Юртбошимиз ташаббуси билан 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши замирида ҳам кишиларни эзгуликка ундаш фалсафаси мужассам.

Муҳими, халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам қарор топмоқда. Тарихдан сабоқ чиқариб, ўтмишда йўл қўйилган хатоларни такрорламай, миллий ўзликни англаган ҳолда, музаффар аждодларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган авлоди эканимизни унутмай яшамоқдамиз. Зеро, бу ёруғ ва дориламон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, мўътабар кексаларимиз дуосини олиш, тинч ва осойишта замоннинг қадрига етиш бизга катта қувват бағишлайди, янгидан-янги бунёдкорликларга чорлайди. 

Давлатимиз томонидан уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилганлар, ҳалок бўлганларнинг оилаларига пенсия ҳамда нафақалардан ташқари, ҳар йили турли кўринишда ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг санаторий ва курортларда даволаниш, протез-ортопедия жиҳозлари, ногиронлар аравачалари ҳамда бошқа тегишли воситалар билан таъминланишига, бир қанча имтиёзлардан фойдаланишига катта эътибор берилаётир.

Президентимизнинг жорий йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши -қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳам нуронийларимиз қувончига қувонч қўшди, десак, янглишмаймиз. 

Давлатимиз раҳбарининг 1994 йил 16 мартдаги Фармонига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча вилояти бўйича алифбо тартибида 400 мингдан ортиқ киши ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган 36 жилддан иборат Хотира китоби чоп этилган эди. Китобнинг Қашқадарё вилоятига бағишланган дастлабки икки жилдида урушда ҳалок бўлган ва бедарак кетган 23655 нафар юртдошимизнинг исми муҳрланди. ўалабанинг 60 йиллигига бағишлаб нашр этилган Хотира китобининг қўшимча жилдига воҳамизнинг бир қатор туманларидан аниқланган 1138 нафар жасур ўғлонларнинг номи киритилди. 2008 йилда чоп этилган навбатдаги китобга эса яна 132 нафар кишининг исм-шарифи қўшилди.     

Матонат ва мардликнинг боқий битиклари муҳрланган Хотира китобида Ватанимизнинг озодлик, бугунги мунаввар ҳаёт учун қурбон бўлган минг-минглаб фарзандлари, уларнинг ортида турган қанчадан-қанча инсонлар, оилаларнинг жасорати, қаҳрамонликлари, тақдирлари акс этган. Шунинг учун ҳам уни неча йиллар суронида ҳам битмаган, битмайдиган жароҳатлар, аламлар, изтироблар, соғинчлар, кўзёшлар, орзу-умидлар, армонларнинг ўтли лавҳалари мужассам бўлган “Жасорат китоби” дейиш мумкин. Бинобарин, республика “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгаши томонидан Хотира майдонларидаги ёдгорлик лавҳалари ва Хотира китобининг навбатдаги жилдига киритиш учун уруш йилларида ҳалок бўлган ва бедарак кетган юртдошларимиз хусусидаги янги маълумотлар жамланмоқда. Зеро, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир киши, айниқса, ёш авлод мана шу байрам тимсолида ўтганларни ёдга олиш, ёши улуғларни қадрлаш, саховатга муҳтож кишиларга кўмаклашиш каби олижаноб -фазилатларни қалбига сингдирмоқда.  

 

Январ ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон  фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn