Истеъдод ва маҳорат намойиши
  • 19 Апрель 2016

Истеъдод ва маҳорат намойиши

Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди. Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишланган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ташқи ишлар вазирликлари, Тошкент шаҳар -ҳокимлиги ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Унинг очилиш маросимида мамлакатимизда санъатнинг барча турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу эса ёшлар иштирокида уюштирилаётган фестиваль ва танловларда, маданий-маърифий анжуманларда ҳам ўз ифодасини топаётгани таъкидланди. 

Ўзига хос санъат байрами ҳисобланган мазкур фестиваль давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил қилинди. Унда нафақат юртимиз ижодкорлари, балки бир қатор хорижий, хусусан, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Япония, Бангладеш сингари давлатларнинг ижодкорлари тақдим этган икки юздан зиёд асарлар ҳам намойиш қилинмоқда.

Тадбирлар Марказий кўргазмалар залидан ташқари, Тошкент Фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейи, Халқаро маданият карвонсаройи, Ўзбекистон давлат санъат музейида ўтказилаяпти. Ушбу тадбирларда Тошкент архитектура-қурилиш институти, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, рассомлик ва дизайн коллежлари, Бадиий академия тизимидаги таълим масканлари ўқитувчилари ҳамда уларнинг шогирдлари ижодидан баҳраманд бўлиш имконияти яратилган. Умуман айтганда, кўргазмаларда ёшларнинг икки мингга яқин бадиий, амалий санъат бўйича ижод намунаси намойиш этилади. Фестиваль доирасида таниқли рассомлар, хорижлик мутахассислар иштирокида маҳорат сабоқлари ташкил қилиниши ҳам белгиланган.

Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг илк кунида Соғлом она ва бола йилига бағишланган кўргазма тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги санъат ўқув муассасалари ўқитувчиларининг  ижодий ишлари намойиш қилинди. Шунингдек, кўргазмалар залида бир қатор хорижий давлатлар рассомларининг ижодий ишларига  ҳам кенг ўрин берилган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятда бўлиб ўтиши кўзда тутилган тадбирлар давомида “Энг яхши ўқув муассасаси”, “Энг яхши мураббий”, “Энг яхши тасвирий санъат йўналиши”, “Энг яхши кўргазма” сингари танловлар уюштирилади. 

 

Мавжуда ХОЛМАТОВА. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « «Ёшлик завқи» Мусаввир нигоҳидаги олам »