Қадриятларга ҳурмат, она Ватанга садоқат
  • 15 Апрель 2016

Қадриятларга ҳурмат, она Ватанга садоқат

Бухорода мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бошланди.

Навқирон авлод вакилларини истиқлол йилларида барча жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда бу жараёнларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш, ўғил-қизларни турли таҳдидлардан асраш, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш каби олижаноб мақсадларга қаратилган анжуман 18 та лойиҳани қамраб олган. “Одам савдоси —  давр муаммоси”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Сиз севган қаҳрамонлар” каби лойиҳалар ана шулар жумласидандир.
Фестиваль доирасидаги дастлабки тадбирлардан бири вилоятнинг чекка туманларидан саналган Пешкуда ташкил этилди. Афшона тиббиёт коллежида “Бу менинг Ватаним!” лойиҳаси бўйича Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган давра суҳбати уюштирилди. Тумандаги 1-умумтаълим мактабида “Камолот” кутубхонаси” номи остида чоп этилган ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари зукко йигит-қизларга совға қилинди. “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳасига мувофиқ, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар улашилди.
—  Ёшларимизнинг  юз-кўзларидаги ғайрат-шижоат, интилиш, билимга чанқоқликни кўриб, келажагимиз ишончли қўлларда, деган фикрга келасан киши, — дейди  республика тарғибот гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов. — Биз эса фарзандларимиз маънавий эҳтиёжларини қондириш, уларни она-юртга садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишга камтарона ҳиссамизни қўшаётганимиздан хурсандмиз. Биласизми, бу ҳаёт тегирмондек гап. Унинг чиғириғидан ёшларимиз соғ-омон чиқиб, ўз ўринларини топиб кетишлари учун мана шундай маънавий-маърифий тадбирлар жуда керак.
Давлатимиз раҳбарининг
2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилаётган мазкур фестиваль вилоятнинг барча шаҳар ва туманида давом этмоқда.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn