Ватан меҳри ёшлар қалбида
Версия для печати
  • 14 Апрель 2016

Ватан меҳри ёшлар қалбида

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган ёшлар фестивали Навоий вилоятида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

Анжуманда фарзандларимизнинг ҳар томонлама кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари учун кенг имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ташаббуси билан уюштирилаётган мазкур лойиҳа ҳам навқирон авлод вакилларини эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш, иқтидор ҳамда салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда. Фестиваль доирасида Навоий вилоятининг барча ҳудудида бўлиб ўтган турли танлов ва семинарларда илм-фан ҳамда спорт соҳасида юксак марраларни қўлга киритган йигит-қизлар, шоиру адиблар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари қатнашди.

— Озод ҳамда обод юртнинг фарзанди эканлигимдан фахрланаман, — дейди Навоий давлат педагогика институти талабаси Лазиз Қаюмов. — Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда, ҳар соҳада юксалиш ва тараққиётга эришилаяпти. Биз, ёшлар учун барча шарт-шароит яратиб берилаётир. Ана шу ғамхўрликка жавобан яхши ўқиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш — бизнинг фарзандлик бурчимиздир. Бинобарин, мазкур акция бизни эзгу ғоялар атрофида жипслаштириб, юксак марралар сари чорлашга хизмат қилмоқда.

Фестивалда вилоятнинг Зарафшон шаҳри ҳамда Кармана, Хатирчи, Томди, Учқудуқ, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота, Конимех туманларида “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Депутат ва ёшлар”, “Бу менинг Ватаним!”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари” каби 18 та лойиҳа доирасида турли тадбирлар уюштирилди.

Меҳрибонлик уйлари ҳамда алоҳида меҳрга муҳтож кишилар учун “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида турли маданий-маърифий учрашувлар ўтказилди. “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳаси асосида меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уй юмушларида кўмаклашилди. “Ўзбекистонга хизмат қиламан!” лойиҳаси доирасида ҳудуддаги ҳарбий қисм аскарлари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар эса ёшлар қалбида Ватанга садоқат, мардлик ҳамда шижоат туйғуларини янада мустаҳкамлагани, шубҳасиз.

Фестиваль якунида Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида “Мустақиллик фарзандлари” номли гала-концерт намойиш этилди. Унинг доирасида фаол ҳамда ташаббускор йигит-қизлар турли номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Эркин Турдимов сўзга чиқди.

Азамат  ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn