Маънавий камолот эзгулик сари йўлдир
  • 14 Апрель 2016

Маънавий камолот эзгулик сари йўлдир

Жиззах вилоятидаги таълим муассасаларида мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзуида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил қилинган маърифий анжуманларда таниқли шоир, ёзувчи ва ёш олимлар, кино ҳамда театр актёрлари, хонандалар иштирок этди. 

— Бу тадбирлар орқали ёш авлод вакилларини умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, онгу шуурини мафкуравий, маънавий ҳамда ахборот хуружларидан ишончли ҳимоя қилиш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Маданият 

ва спорт ишлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамолиддин Узоқов. — Шу боис уларда истиқлол шарофати билан турли соҳалар, жумладан, таълим тизимида эришилган ютуқлар, жойларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига бағишланган фотокўргазма, “Кеча ва бугун”, “Ибратли йўл” деб аталган слайд-шоулар намойиш қилинди.

Бинобарин, миллий армиямиз салоҳияти акс эттирилган, бугунги кунда дунёнинг айрим давлатларида юз бераётган нотинчлик, хунрезликлар, уларнинг ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини тушунтиришга қаратилган қисқа метражли фильмлар ҳам иштирокчиларни бефарқ қолдирмади. 

— Президентимиз таъкидлаганидек, ёшларнинг турли бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги, ёт оқимларга кўр-кўрона эргашиб кетмаслиги учун уларда маънавий иммунитет юксак бўлиши керак, —  дейди Жиззах тиббиёт коллежи ўқувчиси Маҳлиё Истамқулова. — Бу эса биз, келажак ворисларидан пухта билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш баробарида, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга огоҳлик билан муносабатда бўлишимизни талаб этади. 

Тарғибот гуруҳлари вакиллари томонидан миллий қадриятларимиз, маданий меросимиз, уларнинг жамиятда ва ҳар биримизнинг ҳаётимизда тутган ўрни, фарзандларнинг ўз ота-оналари ҳамда Ватан олдидаги бурчи, меҳр-оқибат, юртга садоқат каби мавзуларда фикрлар билдирилди, санъаткорлар иштирокида мусиқий чиқишлар ташкил этилди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn