Маънавий қудратимиз рамзи
  • 12 Апрель 2016

Маънавий қудратимиз рамзи

Биз ҳамиша буюк ўтмишимиз, эзгу амаллари туфайли жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган улуғ аждодларимиз билан фахрланамиз. Уларнинг муносиб давомчиси сифатида хайрли юмушлар ташаббускори бўлишга, бунёдкорлик салоҳиятимиз ила она-юртимизни янада обод этишга интиламиз. Зеро, бундай азму шижоат бизга соҳибқирон Амир Темурдан меросдир.

Ҳар қанча ғурурлансак арзийди: бугун буюк бобомизнинг адолат, мамлакатни ҳар жиҳатдан тараққий топтиришдек эзгу орзулари ижобат бўлмоқда. Энг муҳими, истиқлол шарофати билан миллий қадриятларимиз қадр топди. Тарихий адолат тикланиб, бу -беназир зотнинг ҳаёти ва фаолиятига дахлдор холис ҳамда ҳаққоний қарашлар юзага чиқди. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кимки ўзбек номини, ўзбек -миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак.

Шу маънода айтиш мумкинки, соҳибқироннинг буюк давлатчилик тарихи, бой мероси, фалсафий мушоҳадага йўғрилган теран ғоя ва қарашларини чуқур ўрганиш, тадқиқ қилиш, туб маъно-мазмунини ёш авлод онгига сингдириш беқиёс аҳамият касб этади. Бинобарин, ҳар йили бобомизнинг таваллуд куни муносабати билан ўтказиладиган маънавий-маърифий анжуманлар ҳам моҳиятан ана шу мақсадга ҳамоҳангдир.

Анъанага мувофиқ, 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида соҳибқирон таваллудининг 680 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, олимлар, ижодкорлар, ўқитувчи ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.

Тадбирда Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Нозим Ҳабибуллаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида ўзлигимизни англаш ҳамда миллий ғуруримизни тиклашга қаратилган ислоҳотлар -жараёнида Амир Темурга юксак эҳтиром кўрсатиш, жаҳон тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганиш, бой маънавий меросидан ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда кенг фойдаланиш юзасидан ибратли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

— Жаҳон тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, мардлик ва адолат тимсоли сифатида улуғланадиган буюк инсон — Амир Темур ҳаёти ҳамда фаолиятини ўрганишга халқаро миқёсда қизиқиш жуда катта, — дейди Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жак-Анри Ольс. — Дарҳақиқат, ўзидан бой маданий мерос қолдирган -соҳибқирон номи ҳам буюк саркарда, ҳам улуғ маърифатпарвар, яъни илм-фан ҳомийси сифатида эътироф этилади. Мен буюк давлат арбобининг 1402 йили Франция қироли Карл VI га йўллаган мактуби ҳақида гапирмоқчиман. Унда Амир Темур жамики мамлакатларни тинчлик ва бирдамликка, ободончилик ҳамда бунёдкорлик ишларига, давлатлараро савдо йўлларини вужудга келтиришга даъват этган. Франция ва Ўзбекистоннинг бугунги ҳамкорлигида ҳам ана шундай эзгу ниятлар мужассам.

Тарихдан маълумки, темурийлар салтанати ўз даврида Осиё ҳамда Европа қитъасидаги йирик мамлакатлар билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйиб, тинч-тотув қўшничилик муносабатлари орқали ривожланишга юз тутиш тарафдори бўлган. Ва ушбу жиҳат ҳозирги пайтда ҳам ўта муҳим, долзарб аҳамиятга эгадир. Шуни инобатга олган ҳолда, бугун, айниқса, ёш авлоднинг улуғ аждодимизга хос оқиллик ва одиллик, мардлик, қатъият, хайру саховат, меҳр-мурувват каби етук маънавий фазилатлар соҳиби бўлиб етишишини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Маросимда шоир Сирожиддин Раупов “Соҳибқироним” шеърини ўқиб берди. Тадбир давомида Амир Темур ҳақида дунёга машҳур давлат арбоблари, шоирлар, адиблар, олиму фузалолар томонидан билдирилган фикрлар юртимиз олий ўқув юртлари талабалари томонидан ўзбек тилида ва асл манба тилларида янгради.

Соҳибқироннинг 680 йиллик таваллуд тўйи арафасида қашқадарёлик 65 ёшли ҳаваскор спортчи Абдужаббор Холбоев хайрли ишга қўл урди. Гап шундаки, у Шаҳрисабздан Тошкентга пиёда сафар қилиб, 9 апрель эрта тонгда пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонига кириб келди.

— Ушбу қутлуғ сана муносабати билан “680 йилга 680 минг қадам” шиори остидаги лойиҳани амалга оширдим, — дейди А. Холбоев. — Хўжаилғор қишлоғидан соҳибқирон ҳайкали қад ростлаган майдонгача бўлган масофа 411 километрни ташкил этар экан. Шуни икки марта хронометраж қилгач, инсон қадами билан чамаладик. Натижада у 680 минг қадамга тенг бўлди. Йўл-йўлакай борган жойларимизда юртдошларимиз бизни очиқ чеҳра ва меҳр-эътибор билан кутиб олишди. Самарқанд шаҳрига кирганимда эса Амир -Темурнинг 680 йиллигига 680 туп кўчат ўтқаздик.

Тадбирда ана шундай мазмундаги фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шундан сўнг иштирокчилар бобокалонимиз ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов иштирок этди.

* * *

Шу куни Темурийлар тарихи Давлат музейида “Амир Темур ва темурийлар давридаги илм-фан ва маданият ривожининг жаҳон тамаддунидаги ўрни” мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Тадбир доирасида темурийларга оид дурдоналар, нодир қўлёзмалар, истиқлол йилларида Амир Темур ҳамда темурийлар тарихи ҳақидаги китоблар кўргазмаси ташкил қилинди.

Соҳибқирон таваллудининг 680 йиллиги Самарқанд вилоятининг барча гўшасида кенг нишонланди. Хусусан, 9 апрель санасида эрта тонгдан жамоатчилик вакиллари, ёшлар Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Улуғ саркарда ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Тадбирда иштирок этганлар тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бобокалонимизнинг қудратли давлат, адолатли жамият барпо қилиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамойиллари Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.

Сана муносабати билан вилоятдаги таълим муассасаларида ҳам анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказилди.

Амир Темур таваллуд топган замин — Қашқадарё вилоятидаги олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда мактабларда уюштирилган анжуманларда ҳам мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш, ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг қарашларига моҳиятан уйғунлиги алоҳида таъкидланди.

Шаҳрисабз шаҳридаги соҳибқирон ҳайкали қад ростлаган майдон шу куни ҳар қачонгидан-да гавжум бўлди. Бу ерда турли соҳа вакилларини учратиш мумкин эди. Қадимий Кешга ташриф буюрган хорижликлар ҳам тадбирларнинг фахрий меҳмонларига айланишди.

— Буюк Амир Темурнинг 680 йиллигига бағишланган маросимларда қатнашиб, олам-олам таассурот олдик, — дейди Бангкок шаҳри (Таиланд)дан ташриф буюрган сайёҳ Чатрарат Вимол Метгенан. — Ушбу саёҳатимдан беҳад мамнунман. Юртингизнинг бетакрор манзараси, меҳмондўст халқи мени бу муқаддас юртга ҳали яна кўп марта келишга ундайверади.

Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон -Республикаси ва бошқа вилоятларда ҳам бўлиб ўтди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn