Мусиқа камолотга элтади
  • 08 Апрель 2016

Мусиқа камолотга элтади

Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида жойларда барпо этилаётган мусиқа ҳамда санъат мактабларининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти хусусида тўхталиб, бу борадаги чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Андижон вилоятида ҳам фарзандларимизнинг спорт, мусиқа ҳамда санъатга бўлган қизиқишини рўёбга чиқариш мақсадида эзгу саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти. Бу ҳудудда 27 та болалар мусиқа ва санъат мактаби ташкил этилгани,  ушбу муассасалар навқирон авлоднинг ҳар томонлама етук инсон сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этаётгани мисолида ҳам кўзга яққол ташланаётир. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бундай масканлар замонавий жиҳозлар, мусиқа асбоблари билан тўлиқ таъминланган. Малакали педагоглар эса қарийб 5300 нафар ўғил-қизга нафақат ўзбек миллий мусиқаси ва санъати дурдоналарини, айни пайтда халқаро миқёсда эътироф этилган ўлмас асарларни ҳам қунт билан ўргатиб келмоқда. 

Албатта, бундай эътибор ҳамда ғамхўрлик  юксак самаралар бермоқда. Биргина 2015 йилда андижонлик ёш мусиқачилардан 22 нафари Италия, Латвия, Беларусь, Озарбайжон каби давлатларда бўлиб ўтган халқаро танлов ва фестивалларда ғолиб ҳамда совриндорлар сафидан жой эгаллагани бунинг тасдиғидир.

Жумладан, Андижон шаҳридаги 3-мусиқа ва санъат мактабининг “Ширин гулғунча” рақс ансамбли Болтиқбўйида ўтказилган “Danсе Olympiad Riga — 2015” халқаро танловида биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, ушбу мактаб ўқувчиси Моҳизар Абдуллаева Италияда ташкил этилган “Hello Italy” халқаро фестивалида вокал йўналишида ғолиб, деб топилди. Рақс йўналишида эса яна бир истеъдодли ўқувчи  Қизлархон Абдураҳмонова иккинчи ўрин соҳибасига айланди. Бундан ташқари, андижонлик ёш санъат ихлосмандлари “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалида бир неча бор совриндор бўлдилар. 

Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар нафақат ўсиб келаётган авлоднинг билими, савияси ва дунёқарашини ўзгартирмоқда, балки ота-оналарга ҳам ижобий таъсир ўтказаётир. Буни уларнинг фарзандларига мусиқа ҳамда санъат мактабларига қатнашлари учун шароит яратиб бераётганидан ҳам билса бўлади.  Натижада бугун ёш иқтидорлар шаҳарлару туман марказлари уёқда турсин, энг чекка қишлоқларда ҳам кашф этилаяпти.

Эртамиз эгаларининг  истеъдодини юзага чиқаришда турли маданий-маърифий тадбирлар, байрамлар, фестиваль ва танловларнинг ҳам ўрни беқиёс. Бинобарин, ана шундай тадбирлар сабаб улар  иқтидорларини намоён этиш, ижодий жараёнларда қатнашиш, ўз маҳоратларини ўстириш борасида кенг имкониятга эга бўлмоқда. Шундай анжуманлардаги мулоқотлар чоғида ота-оналар ўзларининг дил сўзларини изҳор этиб, Президентимиз томонидан навқирон авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдор эканликларини билдиришаяпти. Жумладан, Андижон шаҳрида яшовчи Абдураҳмон Абдурашидовнинг таъкидлашича, қизи Ойдиной нимжон бўлиб ўсаётгани боис, шифокорлар унга спорт билан шуғулланишни тавсия қилишган. Шунда у қизини мусиқа ва санъат мактабининг рақс гуруҳига олиб борган. Абдураҳмоннинг эътирофича, бугун Ойдиной нафақат соғлом ҳамда баркамол улғаймоқда, балки юртимиз ва хорижда ташкил этилаётган танловларда ҳам совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. 

2016 — 2020 йилларда вилоятимизда 4 та янги қурилиш, 6 та капитал реконструкциялаш тадбирлари эвазига ўнта болалар мусиқа ва санъат мактаби ишга туширилиши кўзда тутилган. Эътиборлиси, уларнинг 8 таси вилоят марказидан узоқ бўлган қишлоқларда барпо қилинади. Бунинг учун Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 5 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилади.  

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида ҳам мусиқа ҳамда санъат бобидаги таълим-тарбияни янада юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланганлиги бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириши баробарида, фарзандларимиз муваффақиятларига пухта замин яратишга хизмат қилиши муқаррар.  

Серобиддин ИСМОИЛОВ, 

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn