Ёшлик ва шижоат байрами
  • 30 Март 2016

Ёшлик ва шижоат байрами

Қашқадарёда «Биз — буюк юрт фарзандларимиз!» шиори остида анъанавий ёшлар фестивали бошланди.

Ушбу йирик акция эртамиз эгаларини мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларнинг ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш, ёш авлодни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Фестиваль доирасида олий таълим муассасаларининг иқтидорли, илғор ва ташаббускор талабаларидан иборат маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳуқуқий, соғлом турмуш тарзи ва спорт йўналишлари бўйича тарғибот гуруҳлари шакл-лантирилиб, унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маданият ҳамда санъат намояндалари, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари, опера ижрочилари, ёш олимлар, давлат мукофоти совриндорлари, шоир ҳамда ёзувчилар, спортчилар қатнашмоқда. Мазкур гуруҳлар иштирокида ташкил этилаётган қизиқарли тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудида бўлиб ўтаяпти.

— Ҳар бир таълим муассасаси, маҳаллий ҳокимликлар, ҳарбий қисмлар, маданият ва истироҳат боғлари, спорт майдончалари, аҳоли дам олиш масканлари ҳамда маҳаллаларда уч кун давом этадиган ушбу анжуман ёшларнинг дунёқараши ва маънавий камолотига хизмат қилувчи 18 та тарғибот лойиҳасини ўз ичига олади, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Фурқат Норматов. — Айтиш -жоизки, бу йил ёшларнинг таклифлари асосида дастурга кўплаб янги лойиҳалар киритилди. Жумладан, “Бу — менинг Ватаним!” шиори остида Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” номли китобининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тақдимотлар, “Кичик фильмдан катта кинога”, “Талабалар театр студиялари”, “Ёшлар симфоник оркестри концерт дастурлари”, “Ватаним — менинг фахрим”, “Ёшлар — жонли ижро тарафдори” каби лойиҳаларнинг ташаббускори айнан навқирон авлод вакилларидир.

Фестивалнинг Қашқадарё вилояти босқичи 31 мартга қадар давом этади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn