«Наврўз байрамининг жозибаси ва нафосати барчамизни мафтун этди»
  • 30 Март 2016

«Наврўз байрамининг жозибаси ва нафосати барчамизни мафтун этди»

дейишмоқда юртимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар

Мамлакатимизда энг қадимий ва асл миллий байрам — Наврўзи олам шукуҳи кезмоқда. Айём шодликлари маҳаллалар, кўчаю хиёбонлар, сайилгоҳларда қизғин давом этаяпти. Ҳамма бир-бирини меҳр-оқибат шодиёнаси билан муборакбод этаётир. Айниқса, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарларимиздаги бетакрор обидаларни, жойларда рўй бераётган янгиланишларни кўриш иштиёқида юртимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларнинг юз-кўзида акс этган ҳайрату ҳавас киши эътиборини тортади. Мухбирларимиз улардан айримларининг таассуротлари билан қизиқди.

Марико ТАКИНАРИ (Япония):  

— Юртингизда Наврўз сайилларида қатнашиб, жуда қувондик. Кўклам таровати одамлар чеҳрасидаги самимият билан уйғунлашиб кетгандек, гўё. Сумалакни ҳамма жамулжам бўлиб, куй-қўшиқлар айтиб тайёрлаши ҳавасимни келтирди. Қиз-жувонлар, момолар эгнидаги миллий либослар жилоси мени ўзига мафтун этди. Кўксомса, ҳалим каби баҳор таомларининг мазаси оғзимда қолди. 

Наврўзни бухороликлар даврасида кутиб олдим. Бу шаҳарнинг обидалари янада сирли ва салобатли бўлиб кўринади. Бағрикенг, аҳил, миллий урф-одат ҳамда анъаналарни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган халқингизни қутлуғ айём билан табриклайман.

Жан КАТЕРИН (Франция): 

— Саёҳат учун Ўзбекистонни танлаб, жуда тўғри қилибман, деган хулосага келдим. Чунки бу ернинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос, жуда гўзал экан. Бунинг устига сафарим айни Наврўз кунлари билан туташ бўлганини айтмайсизми? Одамларнинг байрамона кайфиятини кўриб, қадимий Бухоронинг осориатиқаларини томоша қилиб, баҳридилим очилди. Халқингиз меҳр-оқибатли, меҳмондўст экан. Жойларда ташкил этилган сайилларда қатнашиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Қисқаси, унутилмас таассуротлар оғушидаман. Францияга қайтгач, у ердаги ҳамюртларимга серқуёш Ўзбекистон ва унинг самимий халқи ҳақида, албатта, сўзлаб бераман.

Шрирам ВЕНКАТ (Ҳиндистон):

— Интернет саҳифаларида Самарқанд ва унинг тарихий обидалари ҳақида жуда кўплаб маълумотлар ўқиб, ушбу афсонавий шаҳарга келишни дилимга тугиб қўйгандим. Наврўз кунларида орзуим ижобат бўлганидан жуда хурсандман. Нафақат мен, балки турмуш ўртоғим ҳам ажойиб урф-одатларингиз, самимиятга йўғрилган фазилатларингиздан ҳайратда қолдик. 

Қолаверса, бу ердаги ободончилик ишлари, шаҳару қишлоқларнинг гўзал қиёфасига боқиб, мамлакатингиз жадаллик билан ривожланаётганлигини тезда илғаб олдик. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонликларни шарқона янги йил билан табриклайман. Юртингиз доимо тинч, осмонингиз мусаффо бўлсин!

Даниэл КСУР (Буюк Британия):

— Ҳақиқатан ҳам, мамлакатингизга ташриф буюрган сайёҳ бетакрор ҳис-туйғулар билан қайтади. Бу ердаги муқаддас қадамжолар, замонавий иншоотларнинг кўплиги ҳавасимни янада орттирди. Мана, бир ҳафтадирки, Самарқандни томоша қилиб юрибман. Регистон майдонининг ўзига хос ансамблига қойил қолдим. Бу обидалар орасида юрган киши ўзини худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этади.

Ўзбекистонда Наврўз айёми катта тантана билан нишонланишига гувоҳ бўлдим. -Сафар баҳонасида ушбу байрам сайилларида маза қилиб қатнашдим.

Жоао КАРЛОС (Португалия):

— Ўзбекистон — серқуёш ўлка, деб бежиз айтилмас экан. Мусаффо осмон, чарақлаган офтоб, майин шабада менга кўтаринки кайфият бағишлаяпти. Шивалаб ёққан баҳор ёмғири остида Самарқанд кўчаларини айландим. Бу — ҳақиқий мўъжиза. Ушбу гўзал диёрнинг фусункор баҳорини бошқа ҳеч бир мамлакатда кўрмаганман, десам, муболаға бўлмайди. 

Юртингиздаги тинчлик-осойишталикка ҳеч қачон кўз тегмасин!

Сью ХЕНГ (Хитой Халқ Республикаси)

— Ўтган йилдан буён юртингизда истиқомат қилаяпман. Айни пайтда Самарқанд давлат чет тиллар институтида ёшларга хорижий тиллардан сабоқ бермоқдаман. Айтиш жоизки, Ўзбекистонда таълим тизимига қаратилаётган эътибор ибрат олишга арзигулик. Ўқув муассасалари энг сўнгги ютуқлар асосида жиҳозланган. Йигит-қизлар салоҳияти, интилувчанлиги, ёрқин истеъдодига ҳавас қиласан, киши. 

Байрам арафасида сумалак сайилларида иштирок этдим. Бу таомнинг ўзгача сири бор экан. Унга шакар қўшилмаса-да, жуда ширин ва мазали. 

 

«Халқ сўзи» мухбирлари

Истам ИБРОҲИМОВ,

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn