Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи
  • 29 Март 2016

Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи

Истиқлол йилларида халқимиз қўлга киритган улкан ютуқлардан бири миллий-маънавий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган беқиёс ишлардир. Мазкур жараёнда улуғ бобомиз Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар билан боғлиқ тарихий ҳақиқатни кенг тарғиб этиш устувор вазифалардан саналади.

Жумладан, 1996 йил мамлакатимизда “Амир Темур йили” деб эълон қилинди. Бобокалонимизнинг 660 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида кенг нишонланди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида Соҳибқиронга ҳайкаллар ўрнатилди. Қолаверса, -пойтахтимизда Темурийлар тарихи Давлат музейи қад ростлади. Бундан ташқари, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди фаолияти йўлга қўйилгани ҳамда Амир Темур орденининг таъсис этилгани мамлакатимиз маънавий ҳаётидаги унутилмас воқеалардан саналади. Зотан, ушбу орден билан давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, илм-фан, адабиёт, санъат ва бошқа соҳаларда Ватанимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшаётган юртдошларимиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида шундай дейилади: “...буюк боболаримизнинг маънавий олами хусусида фикр юритганда, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида тўхталишимиз табиийдир. Чунки тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди”.

Ҳақиқатан ҳам бу зотнинг ҳарбий даҳоси фаолиятининг бир қирраси, холос. Аслида Соҳибқирон бунёдкорлик, илм-фанга ҳомийлик қилиш, ободончилик борасида беқиёс ибрат кўрсатган. Бинобарин, қаердан бир ғишт олган бўлса, ўрнига ўнтасини қўйдирган, бир дарахт кестирган бўлса, ўша жойга ўнта ниҳол эктирган, қайси манзил вайрон бўлса, ўша ерни қайтадан таъмирлатган, булоқ кўрса, ўша жойни обод этиб, боғу бўстонга айлантирган буюк ҳукмдордир. Ушбу далилларни тарихий манбалар яққол тасдиқлайди.

Унинг “Темур тузуклари” китобини адолат, эзгулик ҳамда яхшиликнинг тараннуми, дейиш мумкин. Боиси унда ўз шахсияти, адолатли сиёсати тўла-тўкис намоён эттирилган. Мазкур нодир асарнинг 2011 йилда Юртбошимиз сўзбошиси билан мукаммал ҳолда чоп қилингани ўзига хос воқеадир. Китобни мутолаа этган киши бой маънавий ўгит олади, янги қарашларга эга бўлади. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда: “Шахсан мен “Темур тузуклари”ни ҳар гал ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан... Масалан, “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган сўзлар бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён”, деган эди.

Амир Темурнинг адабиёт, санъат, маданият, савдо-сотиқ ва бошқа соҳалар ривожига қўшган ҳиссаси таҳсинга сазовор. Айтайлик, тарихчи олим Тожиддин Аҳмадийни ҳузурига чорлаб, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари”ни илк бор тилимизга ўгиртирган. Бухорои шарифга отдан тушиб, қурол-яроқсиз киргани, Самарқанд шаҳри атрофида бири-биридан гўзал боғлар яратгани, олимлар билан тахтдан тушиб, суҳбатлашганининг ўзиёқ жуда катта маънавий ибратдир.

Шу билан бирга, у Али Шатранжий Самарқандийга кенг имконият яратиб бериб, шахмат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшди. Ўша даврда 60 та манзума тўпланиб, ажойиб рисола битилгани сўзимиз тасдиғидир. Зотан, “Шатранжи кабир” эса у зотнинг энг севимли машғулоти бўлиб, бир вақтда тўрт киши билан 4 та шахмат тахтасида ғойибона ўйнай олганлиги тарихий битикларда қайд этилган.

Буюк бобомизнинг амалга оширган эзгу ишлари, давлатни бошқариш санъати, қолаверса, пурҳикмат ўгитларини халқимиз, хусусан, ёшларимиз орасида кенг тарғиб этиш долзарб масалалардан саналади. Бу борада Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг алоҳида ўрни бор. Зеро, темуршунос олимлар, адиблар, маҳалла фаоллари ҳамда таълим муассасалари йигит-қизлари иштирокида ташкил этилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманларнинг аҳамияти катта бўлаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Амир Темур таваллудининг 680 йиллигини ўтказишга оид баёнига биноан Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди томонидан “Амир Темур чет элликлар нигоҳида”, “Амир Темур қалбида чақнаган нур”, “Буюк салоҳият соҳиби” каби китоблар чоп этилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда ушбу қутлуғ санага катта тайёргарлик кўрилмоқда. Спорт мусобақалари, турли кўрик-танловлар уюштирилади. Амир Темур  ҳаётига оид  энг яхши бадиий-публицистик асарлар ҳамда энг яхши санъат асарлари сараланиб, ғолиблар тақдирланади.

Жорий йилнинг май ойида Нидерландиянинг Лейден университетида Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Хулоса ўрнида айтганда, Амир Темур сиймоси ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини рўйирост намоён эта олади.

Тўлқин ҲАЙИТОВ,

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди

раисининг биринчи ўринбосари,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn