Энг севимли, энг гўзал баҳор байрами
  • 23 Март 2016

Энг севимли, энг гўзал баҳор байрами

Наврўз  —  халқимизга хос эзгу қадриятларни ўзида мужассам этган, энг севимли ва асл миллий байрамимиз. Шу боис уни илҳақлик билан кутамиз, катта қувонч ҳамда хурсандчиликда нишонлаймиз.

Зеро, Президентимиз Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидланганидек, айни шу файзли, шодиёна дамларда юртимиз гўшаларида, қир-адирлар, боғу роғларда юртдошларимиз сумалак ва ҳалим, кўксомса ҳамда гўжа каби тансиқ таомлар тортилган дастурхонлар атрофида тўпланиб, ушбу баҳор неъматларини ўз оиласи, яқинлари, дўсту биродарлари билан баҳам кўришга интилади.

Дарҳақиқат, шу кунларда ҳар бир қишлоқ, туман, шаҳар ва вилоятда халқ сайиллари ўтказилмоқда, кексаю ёш яхши ниятларни дилига тугиб, бири-бирини қутлаяпти. Жумладан, Нукус шаҳридаги амфитеатрда уюштирилган тадбирда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов йиғилганларни айём билан табриклади.

Айтиб ўтилганидек, жорий йилда ҳам шаҳар ва қишлоқларда кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари қизғин давом эттирилаётир. Хусусан, Нукус темир йўл вокзалини капитал таъмирлаш, кўп қаватли тураржойларни бунёд этиш, “Аччиқкўл” сув ҳавзаси ҳудудида замонавий дам олиш объектларини ташкил қилиш, транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, болалар спорти объектлари, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа ижтимоий иншоотлар қурилиши режалаштирилган.

“Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” деб номланган театрлаштирилган томошаларда янграган ашулалар барчага кўтаринки кайфият бахш этди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театри актёрлари ижросидаги бадиий дастур йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Байрам томошалари, сайиллар Оролбўйининг барча шаҳар ва туманида бўлиб ўтмоқда. Андижон вилоятида Наврўз арафасида янги уй-жойлар, ижтимоий соҳа бинолари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. Анъанага мувофиқ, бу сафар умумий қиймати қарийб 32 миллиард 176 миллион сўмга тенг 62 та объект фойдаланишга топширилди.

Вилоятнинг барча шаҳар, туман, қишлоқ ҳамда маҳалласида яшариш ва янгиланиш айёми тадбирлари ўтказилди. Бош тантана Андижон шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида уюштирилди. 

Файзли дастурхонлар ёзилган  сўрилар, икки томонда “Андижон самоси” ҳамда дорбозларнинг томошалари, варраклар “парвози”, ҳайинчак учиш, полвонлар кураши, улкан мониторда акс этиб турган қадимий, миллий удумлар дилларга кўтаринкилик, жозиба, баҳорий кайфият бағишлади.

Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов барчани улуғ шодиёна  билан қизғин қутлаб, самимий дил сўзларини изҳор қилди.

Андижон санъат коллежи, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари томонидан тайёрланган “Соғлом она бағрида биз беғубор болажонлар!” деб номланган композиция ижро этилди. Таниқли хонандалар, “Зарбулоқ” гуруҳи ва бошқа истеъдодли  ёшлар ижросидаги Ватан, Наврўз, кўклам, гўзаллик, ёшлик, севги-муҳаббатни тараннум этувчи қўшиқлар ҳамда куйга монанд рақслар қалбларга қувонч улашди. 

Дилбар фаслнинг тантаналари Фарғона шаҳридаги Ёшлар маданият ва спорт марказида “Наврўзинг муборак, Ватан!” шиори остида бўлиб ўтди.

Халқимизнинг азалий қадриятлари, орзу ва интилишлари, баркамол авлод билан боғлиқ эзгу мақсадларини ўзида мужассам этган Наврўзи олам барчамиз энг орзиқиб кутадиган шодиёнадир. Президентимизнинг “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори шарқона янги йилнинг бошланишини юксак савияда нишонлаш учун муносиб тараддуд кўришда муҳим дастуриламал бўлди. Ушбу ҳужжат ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар доирасида вилоят ҳудудида меҳр-оқибат, бирдамлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳити янада мустаҳкамланди. Шаҳар ҳамда қишлоқлар кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларидан яшнади. Беморлар, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олинди. Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмади.

Барака — тинчликда, тинчлигимиз эса дўстликда. Фарғонада бугун 50 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари фаровон ҳаёт кечирмоқда. Миллати, дини, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи, бугунги кундаги ҳаёти ва тақдиридан мамнунлиги байрам даврасидаги ҳамжиҳатлигида ҳам яққол намоён бўлди. 

— Биз Наврўз айёмини орзиқиб кутамиз. Бу халқимизнинг умумий, катта тўйидир, — дейди корейс миллий маданий маркази фаоли Татьяна Ким. — Барчани гўзал айём билан чин юракдан қутлайман. Юртимиз осмони мусаффо, ҳаётимиз бундан-да, обод бўлсин!

Тантаналар вилоятнинг барча шаҳар ва туманида давом этмоқда. 

Наврўз шодиёналари Наманган вилоятида ҳам ўзгача шукуҳ, дилларни қувонтирувчи томошалар билан нишонланди. Маҳаллалардан бошланган сайил меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, хиёбонларга кўчди. Каттаю кичик — ҳамма бир-бирини дилдан қутлади. Айниқса, пиру бадавлат кексаларимизга кўрсатилаётган эҳтиромдан, миллий қадриятларимизнинг бардавомлигидан қувонасиз. Тўрақўрғон шаҳрининг Ибрат номли маҳалласида истиқомат қилувчи 118 ёшли Садияхон Иномова хонадони ҳам байрам куни чинакам тўйхонага айланди. Табаррук онахонни қутлаш учун келган невара, чевара, эвараларнинг сони 150 нафардан ортади.

— Сизларнинг камолингизни кўриб, яшариб кетгандек бўламан, — дейди момо уларни суйиб. — Илоҳим, дориламон кунларимизга кўз тегмасин, ҳар бир кунимиз Наврўз бўлсин! 

Байрам кунлари бу сингари кўпни кўрган кексаларни йўқлаш учун улар хонадонига совғалар билан ташриф буюрган маҳалла, меҳнат жамоалари вакиллари нуронийларнинг дуосини олишди.

Наврўзнинг асосий тадбири вилоят марказидаги “Кичкинтойлар боғи”нинг ёзги томошагоҳида ташкил этилди. Унинг иштирокчилари  таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар томонидан тайёрланган “Ўлкамизга хуш келдинг, Наврўз!” мавзуидаги театрлаштирилган бадиий дастур орқали  қадимий ва навқирон айёмнинг ўзига хос қирралари акс эттирилган лавҳаларни  мириқиб томоша қилдилар. 

Наврўз кайфияти туман марказлари, қишлоқларни ҳам қамраб олди. Янги кун муносабати билан  ёзилган тўкин дастурхон неъматлари, дошқозонларда қайнатилган ҳалим ва сумалакдан татиган, турли дастурлардан баҳра олган  кишиларнинг кўнгли яйради.

Яшариш ва янгиланиш тимсоли — Наврўз Бухорода ҳам ўзгача завқу шавқ, шоду хуррамлик билан кутиб олинди. Шаҳар ҳамда туманларда сайиллар уюштирилди. Миллий халқ ўйинлари, фольклор дасталарининг чиқишлари барчага байрам нафасини улашди. 

— Бу йилги Наврўзнинг ташрифи хосиятли келмоқда, — дейди шофирконлик фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов. — Экин-тикин ишларига  ҳам ҳар қачонгидан кўра барвақт киришмоқдамиз. Ҳақиқий деҳқон баҳори келди, десак асло муболағаси йўқ. Насиб этса,  бу йил деҳқончиликка барака беради. Халқимиз ризқи янада бутун бўлади.

Байрам муносабати билан  “Бухоро маданий маркази”даги амфитеатрда бўлиб ўтган тантанада вилоят ҳокими М. Эсанов сўзга чиқиб, барчани Наврўз билан қутлади. Шундан сўнг пойтахтдан ташриф буюрган ҳамда вилоят санъаткорлари иштирокида байрам дастури намойиш этилди. Унда миллий урф-одатлар, анъаналар тараннум этилди. “Ўзбекистон —  умумий уйимиз” шиори остида  ташкил этилган миллий-маданий марказларнинг кўргазмалари, фольклор дасталарининг концертлари, ҳунармандларнинг павильонлари шодиёна қатнашчиларида, жумладан, чет эллик сайёҳларда катта таассурот қолдирди.

Хоразмда ҳам тинчлик ва эзгулик рамзи — Наврўзи олам баҳорий кўтаринкилик ўзгача шодиёна билан қарши олинди. Байрам арафасида кенг кўламда бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Унга тайёргарлик кўриш мақсадида халқимизнинг меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этган умумхалқ ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилди.

Хусусан, ҳашар кунлари 2 минг 775 гектардан ортиқ майдон ободонлаштирилди, ариқ ва зовурлар тозаланиб, кўча ҳамда хиёбонлар тартибга келтирилди. Мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазиш ишлари қизғин тус олди. Вилоят марказида туманлар ҳамда чекка қишлоқларда амалга оширилган яратувчанлик ишлари дилларда ифтихор уйғотди. 

Урганч шаҳридаги “Авесто” боғ-мажмуасида бўлиб ўтган тантаналар халқимизнинг бой маънавий дунёсини, унинг қадриятларини тўлалигича акс эттиргани билан барчада катта таассурот уйғотди. Халқона куй-қўшиқлар, бадиий дасталарнинг чиқишлари йиғилганларга кўтаринкилик бағишлади. Байрам тадбирларида фаол қатнашган ёшлар ота-боболарининг анъаналарига садоқатини, юрт ободлиги йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар қилишга тайёр эканликларини намойиш этдилар.

Сурхондарё вилоятидаги тантаналар ҳам аҳолининг ҳамжиҳатлиги, аҳил ва иноқлиги, Наврўзни интиқлик билан кутаётганлигини яққол ифодалади. Байрам шодиёналарини жойларда янада жозибали ва қизиқарли ҳамда эсда қоларли даражада ўтказишга туман ҳокимликлари, маданият ва спорт ишлари бўлимлари томонидан астойдил тайёргарлик кўрилди. Жумладан, олис ҳудудлар — Узун, Сариосиё, Денов ва Бойсунда бўлиб ўтган шодиёналарда халқимизнинг уюшқоқлиги, Наврўзга бўлган меҳри янада ёрқин намоён бўлди. 

Термиз шаҳридаги “Алпомиш” мажмуасида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Т. Мамараимов сўзга чиқиб, воҳаликларни ҳамда байрамга ташриф буюрган меҳмонларни қизғин муборакбод этди. 

Жорий йилда вилоятда қишлоқ аҳолиси фаровонлигини таъминлаш мақсадида 1048 та намунавий лойиҳадаги тураржой қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ўз навбатида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш ҳамда Термиз шаҳри қиёфасини замонавийлаштириш мақсадига қаратилган ишларга 2 триллион 928 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди, 2015 йилда 367 миллиард сўмлик маблағ ҳисобига 448 та объектда қурилиш ишлари бошланиб, 321 та иншоотдаги ишлар қисқа фурсатда сифатли ва тўлиқ якунланди. 

...Саҳнага Кўкламой ва Наврўзойлар ташриф буюрди. Санъаткорларнинг дилрабо куй ва қўшиқлари олқишлар билан кутиб олинди. 

Кун билан тун тенглашадиган, одамларни, элларни бирлаштирадиган, жипслаштирадиган, яхшиликка, меҳр-оқибатга, эзгуликка чорлайдиган, ўз моҳиятига кўра, руҳий покланиш ва боқийлик инъикоси сифатида ҳар биримизнинг юрагимизга яқин, тилакларимизга ҳамоҳанг Наврўзи оламни қашқадарёликлар ҳам катта шодиёналар билан кутиб олишди. Байрам арафасида ҳаммаёқ саранжом-саришта қилинди, ҳашар уюштирилиб, боғ-роғлар яратилди. Савоб ва эзгуликка йўғрилган тадбирлар ташкил этилди. Тантаналарда турли халқ ўйинлари, сумалак сайиллари, лапару айтишувлар, айниқса, бебаҳо қадриятларимизга алоҳида урғу берилди. 

Асосий тадбирлар Қарши  шаҳри марказидаги амфитеатрда бўлиб ўтди. Байрам муносабати билан бу ердаги саҳна Наврўз ва баҳорни, мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқларни акс эттирувчи тасвирлар, паннолар билан безатилди. 

“Ризқ-рўзим, қадриятим Наврўзим!”, деб номланган тадбирни вилоят ҳокими З. Рўзиев табрик сўзи билан очди.

Энг қадимий ҳамда ардоқли байрам — Наврўз уйғониш, яшариш ва янгиланиш, қизғин меҳнат ҳамда бунёдкорлик айёми сифатида юртимизда асрлар бўйи эъзозлаб келинаётир. Ўзаро меҳр-оқибат, қадр-қиммат, хайр-саховат каби эзгу фазилатлар гавҳари сифатида бугунги кунда ҳам одамлар ўртасида кўтаринки руҳда нишонланаётган Наврўз истиқлол йилларида халқимизнинг маънавий юксалиш тимсолига айланди. 

Байрам томошаларида Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги вилоят мусиқали драма театри, вилоят қўғирчоқ театри санъаткорлари, “Чарос” гуруҳи раққосалари, “Момогул”,  “Насаф”, “Ойдиной”, “Занжирсарой”, “Ризвонгул” ва бошқа фольклор жамоалари ижросида кўклам, Ватан, муҳаббат, миллий қадриятларимиз мадҳига бағишланган ашула ва рақслар ижро этилди.

Самарқанд вилоятининг олис туманларидаги кенг яйловларда, қир-адирларда ҳамда қадимий шаҳарнинг истироҳат боғларида халқ сайли тарзида ташкил этилган ушбу қутлуғ сана барча-барчага чексиз қувонч бағишлади. 

“Мўъжиза” амфитеатридаги тантаналарда вилоят ҳокими З. Мирзаев сўзга чиқиб, байрам муносабати билан соҳаларда эришилган ютуқларни эътироф этиб, йиғилганларни улуғ айём билан самимий қутлади. Вилоятдаги фольклор-этнографик ансамбллар, хушовоз хонандалар, рақс дасталари ҳамда пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар иштирокида она-Ватан, тинчлик, Наврўзни улуғловчи куй-қўшиқлар янграб, рақслар ижро этилди. Тантаналар жойларда қизғин давом этаяпти.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Навоий шаҳридаги амфитеатр мажмуасида турли бадиий жамоалар, эстрада хонандалари томонидан ташкил қилинган театрлаштирилган байрам сайли кенг жамоатчилик вакилларига шодлик улашди. Тадбирда вилоят ҳокими Э. Турдимов барчани шарқона янги йилнинг бошланиши билан муборакбод этди.

Санъат усталари ва хонандалар ижросида Ватанни, тинчликни, Наврўзни, бобо деҳқону она-заминни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янграганда диллар истиқлол шукуҳидан ғурурланди. Байрам дастуридаги Соғлом она ва бола йилига бағишланган лавҳаларда мамлакатимизда аёлларга, хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилаётгани, баркамол авлод тарбиясига нечоғлиқ катта эътибор қаратилаётгани ўзига хос кўринишда талқин қилинди.

Наврўзи олам бу йил Жиззах вилоятига ўзгача тароват билан кириб келди. Шу туфайли белни маҳкам боғлаган воҳа аҳли деҳқончилик ишларига одатдагидан анча эрта киришди. Тантаналари олис Фориш қирларида бошланиб, Зоминнинг пурвиқор тоғлари бағрида, Наврўзбулоқда, Мирзачўл кенгликларию Бахмал боғларида, ўаллаоролнинг бири-бирига туташ адирларида, Учтепа яқинидаги “Отчопар”да давом этиб, унинг таровати бутун вилоят бўйлаб ёйилдики, бундан барча шод бўлди. 

Жиззах шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган тантаналар ҳам унинг иштирокчилари ва кўп сонли меҳмонлар қалбида узоқ вақт сақланиб қолиши, шубҳасиз. Чунки эрталабданоқ карнай-сурнай садолари жиззахликларни Наврўз сайлига чорлаб, асрлар давомида шаклланиб, бойитиб келинаётган миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизга ҳурмат ва эътибор, табаррук заминимизда яшаётган барча халқларнинг дўстона муносабатларини ёшлар онгига сингдириш, Наврўзнинг мазмун-моҳиятини омма ўртасида кенг тарғиб қилиш, барчага хушкайфият улашиш байрам ташкилотчиларининг асосий мақсади эканлиги тадбир давомида яққол сезилиб турди. 

Вилоят ҳокими С. Исмоилов ҳаммани баҳор байрами билан қутлади. Шўх яллалар, дилрабо куй-қўшиқлар, жозибали рақсларда, болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, санъаткорлар, вилоятдаги “Зебомхон”, “Гаштак”, “Тоғ шалоласи”, “Зомин сайқали”, “Тўғизкўз”, “Ойпари”, “Мерос” каби фольклор-этнографик жамоаларининг ўзига хос чиқишларида, томошаларда Наврўз оҳанрабоси яққол билиниб турди. 

Наврўз тантаналари Сирдарё вилоятининг барча ҳудудида шоду хуррамликда бўлиб ўтди. Мустақиллик, тинчлик, осойишталик, ободлик, бунёдкорлик, фаровонлик тараннуми ўз ифодасини топган Гулистон шаҳридаги “Анҳор” мажмуасида ташкил этилган байрам тадбири эса иштирокчиларга олам-олам завқ-шавқ улашди. Байрам тадбирида вилоят ҳокими О. Ашурматов иштирок этди.

Неча минг йиллик қадриятларимизни ўзида мужассамлаштирган Наврўз байрамини Тошкент вилояти аҳли ҳам катта хурсандчилик билан қарши олди. Шодиёна арафасида маҳаллалар, кўча ҳамда тураржойлар атрофини ободонлаштириш эзгу анъанага айланди. Ушбу хайрли амаллар изчил давом эттирилиб, юртимизда умумхалқ ҳашари ўтказилди. Мазкур тадбир доирасида вилоятда 6300 гектар майдон ободонлаштирилди. Натижада, шу кунгача экилган мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари қарийб 5 миллион донага етди.

Юқори Чирчиқ туманидаги “Дўстлик”  мажмуида бўлиб ўтган байрамнинг асосий тантаналарида иштирокчиларни вилоят ҳокими С. Абдуллаев муборакбод этди.

Саҳнада халқимизнинг ўзига хос фазилатларини тараннум этувчи миллий маросимлар намойиш қилинди, қўшиқлар янгради. Санъат усталари, эстрада хонандалари ҳамда ёш истеъдодларнинг она-юрт, истиқлол, Наврўз, баҳор ва муҳаббатни мадҳ этган чиқишлари иштирокчиларни тўлқинлантирди. 

Тўю томошалар вилоятнинг шаҳар ва туманларида, қишлоқ ҳамда маҳаллаларида, меҳнат жамоаларида давом этмоқда. Бинобарин, Наврўз шукуҳи юртимизнинг шаҳару қишлоқларига, дала ва яйловларига ажиб кўрк бағишламоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn