Асл миллий ва бебаҳо қадрият
  • 23 Март 2016

Асл миллий ва бебаҳо қадрият

Янгиланиш ва яшариш, шоду хуррамлик рамзи бўлган, покиза дилларни, эзгу ҳамда гўзал анъаналарни ўзида мужассамлаштирган Наврўз айёми мамлакатимизда кўтаринки руҳда кенг нишонланмоқда. Фусункор табиат бағрида, баҳор таомлари тортилган дастурхон атрофида тўпланган юртдошларимизнинг бугунги кунга шукроналик, бунёдкорлик ишларига камарбасталик, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётганликларини уларнинг мамнун қиёфаларидан яққол англаш мумкин. 

Бинобарин, Президентимизнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида қайд этилганидек, Наврўзи олам барчамиз учун неча минг йиллик тарихга эга, илдизлари “Авесто” даврида пайдо бўлган, қадимий, асл миллий, ҳар қандай сиёсатдан йироқ, кеча ва кундуз тенг келадиган шарқона янги йил бўлиб, эл-юртимиз табиатига, онгу тафаккури, қалби-шуурига чуқур сингиб кетган энг севимли, энг гўзал баҳор байрамидир. 

Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик шарофати билан халқимизнинг миллий анъаналари, урф-одатлари қайта тикланди. Айниқса, эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, яратувчанлик туйғулари мужассам бўлган Наврўз айёмини муносиб қутлашга кенг имкон яратилди.

Мана неча йилдирки, унинг ўлмас ғоялари, руҳи ва фалсафаси, жамиятда аҳиллик ҳамда бирдамлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти юксак тараннум этиб келинмоқда. 

Фахр билан айтиш мумкинки, бугун олий қадрият ҳисобланган Наврўз яхши қўшничилик, ҳамкорлик, маданиятлараро мулоқотни  рағбатлантиришга ҳам хизмат қилаётир. Қолаверса, мамлакатимизда миллий урф-одатлар ва анъаналарни эъзозлашга барча зарур шарт-шароит мавжуд экани, аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганлигининг ёрқин ифодасидир. Зеро, фақат ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятидагина демократик ҳамда миллий қадриятлар ҳаётга изчил ва тўла-тўкис татбиқ этилади.

Шу нуқтаи назардан айтганда, халқимиз учун муқаддас бўлган қадриятларимиз ва юксак маънавиятимизни асраб-авайлаш, уни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар бугун Ўзбекистон эришаётган, дунё жамоатчилиги тан олган ютуқ ҳамда марраларда, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга юксалиб, жаҳон ҳамжамиятида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётганида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшларни миллий анъаналаримизга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ҳам ўз ифодасини топаётгани эътиборга моликдир. Зотан, олижаноблик, бағрикенглик, одамийлик ва меҳрибонлик, кексаларнинг дуосини олиш каби савоб ишларни бажариш халқимизга хос жиҳатлар ҳисобланади.   

Умуман айтганда, буларнинг барчаси Наврўзнинг ажралмас қисмидир. Шу боис, халқимизнинг эзгу амалларини рўёбга чиқариш, миллий ва маънавий қадриятларни, юртимизнинг тарихий ҳамда маданий бойлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга оид хайрли мақсадларни янада қўллаб-қувватлаш, шак-шубҳасиз, ҳар бир инсон қалбида эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлаши билан бир қаторда, уларни бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида фаол қатнашишга ундайди.

 

Элдор ТУЛЯКОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn