Миллий анъаналар эъзози
  • 19 Март 2016

Миллий анъаналар эъзози

Инсон ва табиат бир-бирига шунчалар уйғунки, қишдан сўнг уйғонган борлиқ яна ўз тароватини намоён этгани каби баҳор нафаси сезила бошлаган кунларданоқ одамлар тетик кайфиятда,  яратувчанлик ва бунёдкорлик иштиёқи билан кўклам юмушларига киришадилар.

Айниқса, халқимиз онгу тафаккури, турмуш тарзига сингиб кетган қадриятларга кўра,  шарқона янги йилнинг бошланиши — Наврўз байрами тараддуди қизғин тус олади. Ҳашарлар уюштирилиб, ариқ-зовурлар тозаланади, ҳовли-жойлар саришталанади, дов-дарахтларга шакл берилиб, янги умид ва орзулар билан навниҳоллар ўтқазилади. Инсон танига қувват бўлгувчи сумалак, ҳалим каби баҳор неъматлари тайёрланади. Айни пайтда беморлар, ёши улуғлар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжмандларга кўмаклашишдек хайрли ишлар бир-бирига уланиб кетади. Бу жараён маҳалла-кўйни, эл-улусни янада ҳамжиҳатликка, якдилликка ундайди. Шу боис ҳам Наврўз, чин маънода, эзгулик, янгиланиш айёми сифатида биз учун қадрли ва азиздир.

Сир эмас, собиқ тузум даврида бебаҳо миллий қадриятларимиз қаторида Наврўз ҳам қатағонга учради, халқимизнинг миллий ўзлигини ифода этган бу байрамга қарши кескин курашилди. Мана шундай бир шароитда, 1990 йилда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Наврўз қайта тикланиб, уни эмин-эркин нишонлаш бошланди. Давлатимиз раҳбарининг ўша йил 3 майдаги Фармонига мувофиқ, Наврўз умумхалқ байрами, 21 март дам олиш куни, деб эълон қилинди. 

Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик йилларида Наврўз мазмунан янада бойиди, халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланди. Бинобарин, ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани, “21 март — Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас.

Наврўз байрамини нишонлаш чуқур илмий асосга эга, яъни бу кунга келиб қуёш ҳамал буржига киради, кун ва тун тенглашади, ер етилиб, экишга тайёр бўлади. Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий каби улуғ алломаларимиз асарларида Наврўз ҳақида қимматли илмий маълумотлар келтирилган. Хусусан, Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Наврўз баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунича, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунича, ўсимлик униб чиқа бошлашидан такомиллашгунигача бўлган вақтга тўғри келишини, бу айём ой бўйи давом этишини маълум қилган.

Шубҳасиз, истиқлол шарофати билан Наврўзи олам мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланди. Унинг тафти ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсон онгу шуурига, қалбига кириб борди.

Зотан, бу байрам жамиятни сиёсий, маънавий-ахлоқий жиҳатдан янада юксалтиришга, аҳоли ўртасида табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, деҳқон меҳнатини қадрлаш, яхши қўшничилик, ўзгалар дардига малҳам бўлиш каби фазилатларни намойиш этишга хизмат қилаяпти. Юртбошимиз таъкидлаганидек, барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, зўр шоду хуррамлик билан ўтказадиган Наврўз  биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ҳамда чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда. Янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ҳамда ҳиммат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир. 

Ҳар йили мазкур байрамни халқимиз ўзгача шукуҳ ва катта кўтаринкилик билан нишонламоқда. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 февралда қабул қилинган “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қутлуғ айёмнинг юксак савияда, умумхалқ сайиллари шаклида -ўтказилишида асосий дастуриламал бўлаётир. Унда инсон ўзини табиат билан узвий боғланганини, унинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳамда осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қиладиган маънавий-маърифий -тадбирларни уюштириш, Наврўз билан  боғлиқ урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунтириш, меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахону онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож кишиларга беғараз ёрдам бериш, маҳаллаларда, шаҳару қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ҳамда кўкаламзорлаштириш -ишларини ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу эса халқимизнинг руҳиятини янада кўтариб, эртанги кунга ишончини, фахр-ифтихор ҳиссини  мустаҳкамлайди.

Албатта, баҳорнинг илк кунларидан юртимиз соҳибкорлари кўкламги экин юмушларини қизғин бошлаб юборганлар. Жойларда жамоа бўлиб ҳашарлар уюштирилаяпти. Барча ҳудудда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, яшил -ландшафтлар барпо этилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, шаҳарларимиз ўзининг -тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, тобора чирой очиб бораётир. Миллий меъморчилик анъаналари ҳамда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида бунёд эти-лаётган тураржойлар, ижтимоий объектлар, меҳмонхоналар, йўл ва кўприклар, сўлим боғу хиёбонлар шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшаяпти. Эътиборлиси, ана шундай бемисл бунёдкорлик ишлари қишлоқларимизни ҳам жадал суръатда қамраб олмоқдаки, буларнинг барчаси пировард мақсад — халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган.

Мамлакатимизда жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши Наврўзга янада бетакрор файзу тароват бахш этди. Ушбу байрамни нишонлаш асносида ёши улуғларнинг, бошқа эҳтиёжманд қатлам вакилларининг ижтимоий ва маиший -турмушини яхшилаш борасида амалий тадбирлар ўтказилиб, улар моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Наврўз руҳи ҳамда фалсафасидан келиб чиққан ҳолда бу сингари хайрли ишларнинг рўёбга чиқарилиши ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат  ҳиссини кучайтиришда айни муддаодир.

Наврўз ҳар бир инсон, аввало,  ёшлар онгига мустақиллик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, миллий урф-одатларга садоқат, табиатга муҳаббат туйғуларини чуқур сингдиришда алоҳида ўрин тутади. Зеро, унинг ҳаётимиздаги ролини ошириш, асраб-авайлаш жамиятда юксак маънавиятни қарор топтиришнинг, баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

 

Борий АЛИХОНОВ,

Ўзбекистон экологик ҳаракати

Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn