Инсониятнинг бебаҳо бойлиги
  • 19 Март 2016

Инсониятнинг бебаҳо бойлиги

Юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрибди. Ушбу айёмнинг биз учун қадр-қиммати ва аҳамияти ниҳоятда катта.

Зеро, Наврўзда бебаҳо анъаналаримиз, олижаноблик, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, одамийлик, ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатлар янада яққолроқ намоён бўлади. Мазкур қутлуғ шодиёнани нафақат ўзбек халқи, балки юртимизда яшаётган бошқа миллат ва элат вакиллари ҳам дилдан байрам қилишади.

Боиси ушбу тантана миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, тинчликсеварлик, фаровонлик, бирлик ва дўстлик рамзи ҳамдир. У инсониятнинг бебаҳо бойлиги, деган мақомга эгалининг сабаби шу аслида. Бинобарин, Наврўз маданиятлараро ҳамкорлик ва давлатлар ўртасидаги интеграция жараёнларини ривожлантиришда катта роль ўйнайди. Байрам арафасида мухбиримиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста ПИККАТ билан суҳбатлашди.

— Сизнинг фикрингизча, замонавий маданиятда Наврўз қандай ўрин тутади?

— Ушбу айёмни ҳар йили ўарбий, Марказий ва Жанубий Осиё, Кавказ, Болқон ҳамда дунёнинг бошқа минтақаларида миллионлаб одамлар нишонлайди. У ўзида турли халқларнинг ноёб урф-одатлари ва анъаналари, миллий удумларини жо этгани учун инсониятнинг номоддий мероси сифатида 2009 йилда БМТнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган. Эътиборлиси, Наврўз юз йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, бекаму кўст сақланаяпти. 

Ўзбекистонда ҳам қадимдан Наврўз муносабати билан сайиллар, байрам бозорлари, кўпкари, кўнгилочар ўйинлар ташкил этиб келинган. Уларнинг ичида энг асосийси меҳмонларни сумалак билан сийлашдир, албатта. Ушбу таом оила аъзолари, қариндош-уруғлар ва дўстлар даврасида ун ҳамда ундирилган буғдойдан оловда қайнатиб тайёрланишидан хабарим бор. Дон эса азалдан ҳаёт, фаровонлик ва саломатлик тимсоли бўлиб келган. 

Наврўз — янгиланиш, инсон билан табиат уйғунлиги — кўкламнинг кириб келишидан дарак беради. Унинг аҳамияти сайёрамизга, энг аввало, осойишталик ва хотиржамлик, мусаффо осмонни асраш ўта муҳим бўлиб турган бугунги давр учун, -айниқса,  долзарбдир. 

Таъкидлаш ўринлики, байрам тадбирларида миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳамма ўзбекистонликлар кўтаринки кайфият ҳамда қувонч билан иштирок этади. Бу юртингизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкам эканлигининг амалий ифодасидир.  

Ўзим ҳам икки йил олдин Фарғона вилоятидаги қишлоқлардан бирида Наврўзни -нишонлаш маросимида қатнашиш бахтига муяссар бўлгандим. Ўшанда қадриятлар ҳамон барҳаёт эканлигининг гувоҳига айландим. Фуқаролар, ёшу кекса ўзларининг кўп асрлик урф-одатларини бирдек эъзозлаб келаётган экан.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон 2003 йилда ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий -меросни муҳофаза қилиш бўйича Конвенциясини ратификация қилди. Зеро, ушбу йўналиш бутун инсоният манфаатлари билан уйғун, одамларни бир-бирига яқинлаштирувчи, фикр алмашиши ва тушунишида бебаҳо омил эканлигини англатади.

— Ўзбекистонда Наврўз қадриятларини қайта тиклаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қандай баҳолайсиз?

— Юртингиз бой маданий меросга эга. Улардан бири саналган  Наврўз ҳам инсоний қадриятларни сақлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга туртки беради. Шу боис ушбу байрам ҳар йили кенг кутиб олинади. Жумладан, халқингизнинг маданий жиҳатдан ранг-баранглигини намойиш этувчи сайиллар, концертлар уюштирилади. Мазкур анъаналар, айниқса, ёшлар ўртасида қўллаб-қувватланаётгани диққатга сазовордир.

Ўз навбатида, аждодлардан қолган меросга кўз-қорачиғидек муносабатда бўлиб, кейинги авлодга етказишга интилиш мақтовга лойиқ жиҳатлардан биридир. Бошқа тарафдан бу Ўзбекистонни беқиёс ва сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортувчи жозибадор мамлакатга айлантирмоқда.

Давлатингиз билан ҳамкорлигимизнинг яна бир йўналиши — моддий ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳамда ривожлантириш. Бинобарин, Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро ва Хиванинг ноёб тарихий-меъморий обидалари ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Шунингдек, Наврўз билан бир қаторда, Бойсун фольклори, Шашмақом, Катта ашула инсониятнинг номоддий маданий мероси -сифатида ташкилотимизнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган. 

— Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида нималар дея оласиз?

— 1996 йилда мамлакатингизда ЮНЕСКО ваколатхонаси очилганидан буён ҳамкорлик миқёси кенгайиб, айни пайтга келиб у ташкилотимиз ваколатига кирувчи барча соҳа — таълим, фан, маданият, коммуникация ва ахборотни қамраб олган.

Қайд этиш лозимки, ЮНЕСКО катта тажрибага эга ҳамда барқарор ривожланиш жабҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматга кўмак бериши мумкин. Шу маънода, ўтган йиллар давомида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси миллий ҳамкорлар билан биргаликда қатор лойиҳаларни рўёбга чиқарди. Зотан, ўзаро ишончга асосланган алоқалар Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги самарали ҳамкорлик негизини ташкил этади. 

Юртингизда маданий ўзлик шаклларининг бойлиги ва турфа хиллиги шарофати билан ушбу соҳа биз учун энг муҳим ҳамда қизиқарли йўналишлардан бирига айланган. Мазкур фаолият қатор норматив ҳужжатлар, хусусан, давлатингиз томонидан ратификация қилинган Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича конвенцияларга асосланади. Улар Репрезентатив рўйхатдаги маданий мероснинг номоддий намуналарини сақлаш, муҳофазалаш ва қўллаб-қувватлашда бош пойдевордир.

Кези келганда айтиш ўринлики, яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2016 — 2020 йилларда ривожланишга кўмаклашиш бўйича ҳадли дастурининг имзоланиши мамлакатингизда БМТ фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб берди. Бу ЮНЕСКО учун ҳам янги имкониятларни очади. 

— Байрам арафасида Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

— Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан чин дилдан муборакбод этаман ва уларга саломатлик, фаровонлик ҳамда тинчлик тилайман. Ҳар бир кун хурсандчилик, самимият ва янги муваффақиятларга бой бўлсин!

«Халқ сўзи» мухбири 

Саиджон МАХСУМОВ суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn