Аёл бахти
  • 17 Март 2016

Аёл бахти

Бугун биз, аёллар ҳар қанча фахрлансак арзийди. Чунки истиқлол туфайли қадримиз юксалди, ҳар жабҳада фаол бўлишимизга муносиб шарт-шароит яратилди.

Эл-юрт манфаати, Ватан равнақи йўлида шижоат билан меҳнат қилаётган хотин-қизларни кўрганда, ҳавасимиз келади.

Фидойи ўқитувчи, жонкуяр шифокор, меҳрибон мураббий, ташаббускор тадбиркор, оқила уй бекаси сингари эзгу хислатларни ўзида мужассамлаб, оиласига файзу барака киритаётган, ҳаётимизни бугунгидан-да обод ва фаровон этишга ўз ҳиссасини қўшаётганлар ҳам ана шу дилбар аёлларимиз, десак, муболаға эмас. Шу маънода, Президентимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини барчамиз катта мамнуният ила тингладик. Ундаги ҳар бир сўз, ҳар бир жумла қалбимизга олам-олам қувонч бағишлади. Айниқса, табрикдаги мана бу қанотбахш иборадан ниҳоятда таъсирландик: “Умр йўлларимизда қандай оғир синов ва машаққатлар дуч келмасин, уларни енгиб ўтишда руҳимизни кўтариб, кучимизга — куч, ғайратимизга — ғайрат қўшадиган инсонлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, дунёдаги энг мўътабар зотлар, қалби дарё аёлларимиздир”.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг табриги, аввало, бир она, қолаверса, шифокор сифатида менда катта таассурот қолдирди. Ҳақиқатан ҳам, Онага, Аёл зотига юксак эҳтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздан биридир. Юртимизнинг Бош майдонида бахтиёр она сиймосини ифода этган муаззам ҳайкал ўрнатилгани, Мустақиллик монументи билан уйғунлашган ушбу мажмуага “Мустақиллик ва эзгулик монументи” деб ном берилганлигининг ўзи  оналарга, опа-сингилларимизга бўлган чуқур ҳурмат-эҳтиром ифодасидир. 

Аёл — мукаррам зот. Мамлакатимизда хотин-қизларни қадрлаш ва эъзозлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар ана шу таърифга ҳамоҳанглиги билан янада қимматлидир. Буни ушбу рақамлар ҳам яққол ифодалайди. Яъни бугунги кунда биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия, маданият ва илм-фан соҳаларида меҳнат қилаётган ходимларнинг 73 фоизини, соғлиқни сақлаш тизимида 75, ишлаб чиқариш тармоқларида 42, қишлоқ хўжалигида 43 фоизини айнан аёллар ташкил этмоқдаки, шунинг ўзиёқ ҳар бир соҳада фаол эканлигимизни кўрсатади. Қолаверса, тинчлик-хотиржамлик бор жойда мана шундай ўсиш ва ўзгариш кузатилади.

Гап осудалик ҳақида борар экан, дунёда рўй бераётган айрим воқеа-ҳодисалар ҳар биримиздан доимо ҳушёр ҳамда огоҳ бўлишни талаб этади. Баъзи мамлакатларда бузғунчилик авж олиб, ўзгалар ҳаётига рахна солинаётгани кишини қаттиқ ташвишлантиради. Мана шундай пайтда беихтиёр озод ва обод, энг асосийси, тинчлик ҳукм сураётган юртда яшаётганимизга шукроналар айтамиз. Шу билан бир қаторда, бугунги дориламон кунларни қадрлаш ҳар биримиз, аввало, она, уй бекаси, маҳалла фаоли тимсолида хотин-қизлар зиммасига улкан масъулият юклайди. Чунончи, давлатимиз раҳбари табригида таъкидланганидек: “Юртимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, ёшларимизнинг онги ва қалбини бизга мутлақо ёт бўлган зарарли оқим ва таъсирлардан, “оммавий маданият” хуружларидан сақлаш, оилаларда, маҳаллаларда олиб бораётган тарбиявий ишларимизни янги босқичга кўтаришни бугун тобора кескинлашиб, мураккаблашиб бораётган ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб этмоқда. Ана шундай ўткир масалаларни ечишда мен сиз, муҳтарама аёлларимизга, сизларнинг ақл-заковатингиз, олижаноб фазилатларингизга таянишимни, сизларни ўзимнинг энг яқин маслаҳатчиларим ва сафдошларим, деб билишимни фурсатдан фойдаланиб бугун яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман”.

Болам деб яшаш, фарзандининг камолини энг улуғ мақсад, деб билиш халқимизга хос хислатдир. Ушбу фазилатнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, ўғил-қизларимиз истиқболи йўлида юксак ғамхўрлик кўрсатилаётгани шу муқаддас Ватан фуқароси сифатида кимни қувонтирмайди?! Жондан азиз дилбандларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган инсонлар қилиб камол топтириш, айниқса, қиз боланинг тақдири ҳақида чуқур ўйлаш, уни бамисоли жамиятимизнинг гулидек тарбиялаб, вояга етказиш, бўлажак оиланинг бахтли бекаси бўлишини инобатга олиб, буларга энг устувор вазифалардан бири сифатида қаралаётгани ҳам ғоят ибратлидир. Зотан, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, қизларимиз тимсолида биз, авваламбор, бўлғуси оналарни, ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом авлодни ўзимизга тасаввур қиламиз, наслимиз давомчиларини кўрамиз. Ҳеч шубҳасиз, қиз бола соғлом, билимли, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлса, у қурадиган оила ҳам, бу оиланинг меваси ҳисобланмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оиланинг соғлом ҳамда бахтли экани, бутун жамиятнинг барқарорлиги ва фаровонлиги кафолатидир.

Баъзан хизмат сафари билан хорижий мамлакатларга борганимизда, аёл ҳамкасбларимиз: “Бахтлимисиз?” деб сўраб қолишади. “Ҳа, албатта, бахтлиман!” дея жавоб қайтариб, бунга изоҳ тариқасида юртимизда аҳолининг ҳар бир қатлами, жумладан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳаётга жорий этилаётган эзгу лойиҳалар ҳақида гапириб бераман. Шунда уларнинг бизга ҳаваси келаётганини пайқайман. Биз, чиндан ҳам, ҳавас қилса арзийдиган мамлакатнинг бахтиёр аёлларимиз.

 

Мадина ШАРИПОВА,

Республика «Она ва бола» скрининги маркази директори,

«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn