Халқимиз ардоғидаги айём
  • 16 Март 2016

Халқимиз ардоғидаги айём

Наврўз халқимиз тарихи, фалсафаси, қадриятларини ўзида мужассам этган ажиб айёмдир. Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида “Миллий маънавиятимиз азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам — шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида айниқса ёрқин намоён бўлади”, дея бу байрамни маънавиятимизни -шакллантирувчи асосий мезонлардан бири сифатида алоҳида таъкидлайди.

Қадимда  йил тақвими, яъни фасллар алмашинуви, унинг қутбларини билиш киши -фаолиятида муҳим аҳамият касб этган. Аждодларимиз қуёш, ой, юлдузлар ҳаракатини кузатиб, улар ҳақида муайян билимга эга бўлганлар. Аслида, Наврўз ҳақидаги мавсумий маросимлар ва қўшиқлар моҳиятида ана шу жараёнлар ҳақидаги тасаввурлар ўз аксини топган. 

Айнан кўклам пайтида фасллар алмашинуви, табиатнинг уйғониши, у билан боғлиқ “Шох мойлар”, “Қозон тўлди” каби қадимий маросимлар, қўчқор, хўроз уриштириш томошалари, полвонлар кураши, бахшилар беллашуви, сумалак, лола сайиллари бўлиб ўтган. Улар моҳиятан инсон ҳаётини янада яхшилаш, табиат мушкулотларини енгиллаштириш, келаётган кўклам ва янги йилни қутлаб, унинг қут-баракали ўтишини тилаш, турли ўйин, ҳаракат, қўшиқлар асосида бошланаётган йилнинг қандай келишини чамалаб кўришга хизмат қилган. Ушбу эътиқод ва у билан боғлиқ тадбирлар тизими элимиз орасида бугунги кунгача яшаб келмоқда.

Наврўз билан боғлиқ кўпгина маросимлар, урф-одатлар, қўшиқлар, ўйинларнинг замирида аслида халқимизнинг она-табиат ва юртга муҳаббат, аёлга эҳтиром, фарзанд -тарбияси билан боғлиқ энг кўҳна тасаввурлари мужассам эканини кўрамиз. Оддий бир мисол: “Оқ теракми, кўк терак?” деган ўйинни олиб қарайлик. У баҳор маросимининг таркибий қисми бўлгани учун ҳам, асосан, шу мавсум пайтида ўйналиб, дастлаб катталар, сўнгра болалар машғулотига айланган. Бизнинг-ча, бу ўйин кун-тун, қиш ва баҳор тўқнашуви ҳақида қадимий тасаввурларни ҳам ўзида мужассамлаштиради. Бинобарин, терак баргининг оқ томони кундуз, кўк томони эса қоронғиликни акс эттиради. Қиш енгилса, баҳор ғолиб келади, тун чекинса, кун узаяди. Зеро, ўйин фольклори матнида асосий урғу шу жиҳатга қаратилган. 

Кўклам даракчиси тимсоли сифатида бойчечак олинган. Қадимда айнан мана шу -тасаввурларнинг барчасини бирлаштириб турадиган “Бойчечак” деган маросим ҳам бўлган. Баъзи бир қўшиқлар, тадбирларнинг илдизлари ҳозирги кунларда ҳам деярли барча вилоятларда, баъзиларида маросим шаклида, айрим ҳудудларда эса қўшиқ шаклида сақланиб қолган.

Бойчечак тутган болалар уйма-уй юриб, хонадонлардан қишни “ҳайдашган”. Маросим қанча тантанавор ўтса, унда кўкламни улуғловчи қўшиқлар нақадар баланд куйланса, қаҳратон хонадонларни шунчалик тез тарк этишига ишонилган. Кўклам чечаги бойчечак эса хонадонларга шоду хуррамлик, бахт ва омад, қут ҳамда барака олиб келади, деб тасаввур қилинган. 

Тарих бу шунчаки рақамлардангина иборат эмас. У ҳар бир халқнинг тушунча ва -тасаввурларини, қувончу ташвишларини, орзу-умидларини ифодалайди. Мана йигирма олти йилдан ошиқроқ вақт мобайнида биз Наврўзни кенг миқёсда нишонлаяпмиз. -Мустақиллик арафасида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан тилимизга давлат тили мақомининг берилиши, миллий қадриятларимизнинг, хусусан, Наврўз айёмининг қайта тикланиши келажак авлод учун юксак ибратдир. Ёшлар ҳам шунга муносиб бўлиб, анъаналар бардавомлигини таъминлашга ҳисса қўшиши айни муддао -саналади.

Биз ҳар йили Наврўз айёмини зўр тантаналар билан нишонлаймиз. Унинг янгидан-янги қирраларини, асрлар бўйи сир-синоат бўлиб келаётган жиҳатларини кашф этиб бораверамиз. Зотан, умуминсоний қадриятларни улуғлаб эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амал -билан яшаётган юртда байрамлар бардавом бўлади.

 

Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,

филология фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёш ижодкорлар кўргазмаси Аёл бахти »